Китоб озарбайжон, ўзбек ва турк тилларида жуда катта ададда чоп этилгани билан эътиборга сазовордир.

Озарбайжон Маданият парламенти қўмитасининг раиси, депутат - Ганира Пашаева ва Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг директори – Самир Аббосов мазкур китобга тақриз ёзишган.

Хосият Рустамованинг "Исми Лала эди у қизнинг" номли китоби чиқишдан аввал ўтган йили шу қиз ҳақида "У Озарбайжон эди" деб номланган мақоласи "Китоб дунёси" газетасида эълон қилинган эди. Мазкур шеърий тўпламда айнан шу қизнинг ҳаёти ҳақида сўз юритилади. Қорабоғдаги уруш, Озарбайжон ва Арманистондаги жанглар натижасида оиладаги қийинчиликлар, мудҳиш йўқотишлар ёш қизнинг қалбида унутилмас из қолдиради.
Куни кеча Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази “Бизнинг ҳар-бир лаҳзамиз – Ватан” номли шеърлар танловининг якуний қисмини эълон қилди. Унга кўра биринчи соврин “Китоб дунёси” газетаси бош муҳарири, шоира Хосият Рустамовага “Исми Лала эди у қизнинг” шеъри учун берилди.

Танловнинг бошқа ғолиблари ичида ҳамюртларимиз Гулзира Шарипова, Фароғат Худойқулова, Атҳамбек Алимбеков, Дилором Муродова ва Ўктамхон Холдорова ҳам бор. Ғолиблар Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг фахрий дипломи ва пул мукофотлари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати