Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид очиб берар экан, бугун ёшларнинг адабиётга муҳаббатини оширишда зарур бўлган маънавий ва моддий омиллар хусусида сўз юритди. Шунингдек, тақдимот маросимида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмонов, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур, филология фанлари доктори Нурбой Жабборов сўзга чиқиб, муаллифларни янги китоблар билан табриклаб, ўз фикрларини баён этди.
“Оғабий” – дўстлик туҳфаси
Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгисбой Каримовнинг тарихий мавзудаги ушбу роман-дилогияси икки китобдан иборат бўлиб, биринчи китоб “Кўч”, иккинчи китоб “Ота юрт”. Биринчи китоб – “Кўч”ни ўтган йиллар давомида қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига ўгириб, 2013 йил Нукусдаги “Билим” нашриётида чоп этилган. 2020 йилда эса Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан асар яхлит китоб ҳолида нашр қилинди.
Рустам Мусурмон, Қорақалпоғистон халқ шоири, таржимон:
– Шу пайтгача Оролбўйида яшаётган матонатли халқнинг яна бир жасур йўлбошчиси Оғабий ҳақида шу пайтгача бирон асар битилмаган эди. Асарда XIX аср қорақалпоқ халқи ҳаётидан лавҳалар бадиий тасвирланган. Бош қаҳрамон – Эрежеб Қулчи бий ўғли Оғабий тарихий шахс бўлиб, ўз халқининг эркин ва озод ҳаёти учун гоҳо қўшнилар билан дипломатик муносабатлар олиб борган, гоҳо жангу жадалларда от сурган. Унинг номи қорақалпоқ халқи юрагида баҳодир ва донишманд йўлбошчи сифатида абадий қолган. “Кўч” – бизнинг туркий тилимиз хазинасида мазмуни олмосдек жилоланиб турадиган кўп маъноли сўзлардан бири. У от ва феъл сўз туркумларининг турли маъноларини ифодалайди. Кўч тарихда эл-юрти ва мол-ҳоли учун чексиз ва бепоён даштларда қулай ва хавфсиз манзилу макон излаб, бола-чақасию аҳли аёли, навкарларию чўпонлари, ўтовларию қора уйлари, туяларию тулпорлари, қўй-қўзилари, содиқ ва вафодор итлари билан гоҳ ёзловдан қишловга, гоҳ қишловдан ёзловга чуваб кўчиб юрган кўчманчи ҳалқ ҳаётида жуда теран аҳамиятга эга ном ва ҳаракатдир.
Кўч дегани йўлга чиқиш, сафарга отланиш деганидир. У баъзан карвон деган сўзга ҳам уйқаш. Лекин кўч карвондан кўра катта. Карвон – маълум бир йўловчилар ёки савдогарлар тоифасининг бир юртдан бошқа юртга йўл олган юк ортилган туялар, отлар, аравалар сафи бўлса, кўч – бир элнинг бутун борлиғи, мол-дунёси, аҳолисидир. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” деганларидек, кўч ва кўчишнинг жуда кўп синовлари ва машаққатлари мавжуд. Олис йўлда кўчни турли бало қазолардан, офату таҳдидлардан омон-эсон олиб ўтиш, кўзланган манзилга тўрт кўз тугал етказиш учун халққа доно, узоқни кўрадиган, қийинчиликлар ва хавф-хатардан қўрқмайдиган ботир ва курашчан йўлбошчи керак...
Инсон руҳонияти жилвалари
Ҳассос шоиримиз Ҳамид Олимжон:
Одамлардан тинглаб ҳикоя,
Ўсар эди шоирда ғоя”, – деб ёзганда мутлақо ҳақ эди.
Таниқли адиб Хайриддин Султоннинг “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китоби ўттиз битта янги ҳикоядан иборат. Китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриётида янги “Наср гулшани” рукнида илк китоб сифатида 5000 нусхада чоп этилди. Тўпламга киритилган ҳаётномаларни муаллиф тўқиб чиқарган эмас, у фақат одамлардан эшитган ва бор ҳолида қоғозга туширган, холос. Ҳар бир қаҳрамон тақдирида шундоқ ёнимизда яшаётган турли инсонларнинг тарихи ва қисмати, бахтию бахтсизлиги, қувонч ва қайғуси ўзининг бадиий ифодасини топган.
Китобдаги ҳикоялар монолог тарзида ёзилган, яъни уларнинг ҳар бири фақат бир кишининг айтганидан иборат. Масалан, “Омад” ҳикоясини машҳур уламо Анвар қори Турсунов, “Отамнинг айтганини қилишим керак”ни шоир Ориф Одилхонов, “Ҳар иш бўлса – Худодан” ҳикоясини маънавият фидойиси Зокиржон Машрабов, “Одам бўлган одам”ни ҳарбий врач Зикрилла Эгамбердиев сингари реал шахслар сўзлаб берган, деб нақл қилинади.
“Монолог”, “Биринчи миллион”, “Отабекнинг жанозаси”, “Икки карра қаҳрамон”, “Миллатчининг жазоси”, “Бир умрнинг уч фасли” ҳикояларидаги қуйма, ёмби характерли бадиий сиймолар ҳам қайси бир жиҳатлари билан ҳаётда ўзингиз кўрган, учратган, суҳбатидан баҳраманд бўлган инсонларни ёдингизга солади.
Иброҳим Ғафуров, адабиётшунос олим:
– Мен китобда жамланган 31 ҳикояни 31 соатда ўқиб тугатдим. Асарда инсон руҳониятига урғу берилган, мустақилликдан аввалги ва кейинги даврни ўқувчи кўз олдида тасмадай ўтқазади. Ёзувчи 31 ҳикоясида ҳам қаҳрамонларга сўз беради. Шу жиҳат билан ҳам асар ўзига хос. Тўпламдаги биринчи асар – “Омад” ҳикояси “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, деган табаррук калом билан бошланади ва у гўёки бутун китобнинг мазмун-мундарижасини белгилаб беради. Ўттиз битта ҳикояда бир-бирини такрорламайдиган, бир-бирига ўхшамайдиган ёрқин характерлар, қаҳрамонларнинг ички дунёси, қалб туғёнлари уларнинг бевосита ўз тили, ўз нутқи орқали очиб берилади. Бу эса ёзувчининг бир қарашда жуда оддий, содда бўлиб туюладиган, аммо аслида ниҳоятда мураккаб бир ижодий услубни танлаб иш кўрганидан далолат беради. Ёзувчи кузатувчи, кузатган нарсаларни ифодалашга интилади. Ёзувчи Ҳариддин Султонов синчков кузатувчи ва нозик ифодаловчи ижодкор сифатида яхши асарлар яратган.
Ер сайёрасидан “Шеър сайёраси”гача
Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.
То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.
Шоир Шодмонқул Саломнинг “Шеър сайёраси” китоби ушбу тўртлик билан бошланар экан, ўқирманни шундай еру само оралиғидаги сирларга чорлайди, ўзига ошно этади, деб ўйлаймиз.
Эшқобил Шукур, шоир:
– Ер шаридаги миллиардлаб юракнинг айримларигагина шеър меҳмон бўлади. Биринчи табиат ҳодисасида тақдир бизни тош ёмғиридан асраса, иккинчисида ҳам, шубҳасиз, Худонинг меҳрибонлиги бор. Шоирнинг янги китобига 200 ортиқ сараланган шеъри киритилган. Шодмонқул Салом сатрлари қуйма, десам муболаға бўлмайди. Қофия қидирган шоир шоир эмас. “Шеър сайёраси” тўпламидаги ҳар бир шеър бир нафасда ёзилган. Туйғулар тасвири, оҳанг жарангги ҳаммаси тирик ва самимий. Руҳ янги бўлса шакл ҳам янги бўлади, руҳ янгиландими шоир ҳам янгиланади. Китоб муаллифи сатрлари билан ўқувчига ана шундай янги нафасни бахш этади.
Юлдуз Ўрмонова,
Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори