Бизнес-омбудсман Учтепа туман ҳокимлигига нисбатан киритилган даъво бўйича судда ютиб чиқди. Даъво ариза “FUTURE GROWTH” МЧЖга тегишли бинони олиб қуйилиши натижасида етказилган зарарни ундириш мақсадида киритилган.

Аниқланишича, 2013 йилда “FUTURE GROWTH” МЧЖ Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, 30-квартал, 25-уй манзилда жойлашган кўп қаватли бино “Global Story Invest” МЧЖдан 1 500 000 000 сўм қийматга харид қилинган.

Объект “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда сотилганлиги сабабли Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Жамиятни эгалик ҳуқуқидан махрум этиш ва бинони давлат тасарруфига қайтариш тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига ариза киритган. Мазкур суд инстанцияси томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорига кўра, бино давлат эгалигига қайтарилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 майдаги 111-сонли Қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига бепул асосда ўтказилган ҳамда шаҳар ҳокимининг тегишли қарори асосида ушбу бино Учтепа ҳокимияти балансига ўтказиб берилган.

Таъкидлаш жоизки, Жамият томонидан мулкга эгалик ҳуқуқи мавжуд давр давомида бинони таъмирлаш ишларига 6 380 220 425 сўм миқдорда маблағлар сарфланган ва харид суммаси билан бирга зарар суммаси жами 7 880 220 425 сўмни ташкил этган.

Ушбу ҳолат Фуқаролик ишлари бўйича суд инстанциялари томонидан бир неча бор кўрилиши давомида тарафларни олдинги ҳолатга келтириш имконияти мавжуд эмаслиги ҳамда бино давлат эгалигига ўтказилиши билан “FUTURE GROWTH” МЧЖга инсофли эгалловчи сифатида етказилган зарарни қоплаш юзасидан судга алоҳида тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги кўрсатилган.

Шу асосда Бизнес-омбудсманнинг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритилган даъво аризаси натижасида Учтепа тумани ҳокимлигининг ҳисобидан Жамият фойдасига 7 880 220 425 сўм маблағни етказилган зарар учун компенсация сифатида ундирилиши белгиланди.

Б.Бабамурадов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини

ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг етакчи инспектори