Пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent”да Ўзбекистон-Украина бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари тадбирнинг асосий мавзуси бўлди. Унда Украина томонидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Е.Енин, Савдо-саноат палатаси президенти Г.Чижиков, Ўзбекистон-Украина Ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси О.Ревчук, Ўзбекистон томонидан Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ф.Сиддиқов, Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, шунингдек, ишбилармон доиралар вакиллари қатнашди.
Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Е.Енин ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожланиб бораётгани, сўннги йилларда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамланаётганини таъкидлаб ўтди. Кенгаш фаолияти икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиб, келгусида самарали натижаларга эришишда асосий вазифани ўташига ишонч билдирди.
Савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси томонидан Ўзбекистон-Украина ишбилармонлар кенгашининг ҳамраиси З.Хошимов сайёҳлик, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро тажриба алмашинувини фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Хорижий инвесторлар учун Ўзбекистоннинг очиқлигини таъминлаш ва жозибадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар, шаффоф ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, коррупцияга қарши курашиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини босқичма-босқич қисқартириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбир доирасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Украина ССПлари ўртасидаги келгуси ҳамкорликнинг йўл харитаси, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишининг баённомалари, шунингдек, томонларнинг ССП ҳудудий палаталари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома имзоланди.
Ташкил этилган очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилашга ҳамда Ўзбекистон ва Украина ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди. Ўз навбатида, Савдо-саноат палатаси 2022 йилда Ўзбекистон ва Украина ишбилармон доираларини қўллаб-қувватлашда амалий натижаларга эришишга қаратилган режаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, 2020 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 437,9 миллион долларни (+ 14,1%) ташкил этган. 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Украина капитали иштирокидаги 129 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 72 таси қўшма ҳамда 57 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.