“Деҳқонобод калий заводи” масъулияти чекланган жамияти анжуманлар саройида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Уни Мустақиллигимиз шарофати билан бунёд бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётини дунёга танитаётган мазкур гигант корхона директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Жонқўзиев кириш сўзи билан очиб, жумладан шундай деди:

“Президентимиз Шавкат Мирзиёев қарори билан мамлакатимизда кенг нишонланаётган устоз Абдулла  Орипов  таваллудининг 80 йиллиги ҳаммамизга кўтаринки руҳ бағишламоқда. Бугунги маънавий-маърифий тадбиримиз ҳам бунинг ёрқин исботи. Ушбу адабий-мусиқий  кечамизда  элимизнинг  севимли  шоирлари,  таниқли санъаткорларимиз иштирок этаётгани айни муддаодир.”

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими Сафар Оллоёр, шоирлар Турди Ҳайдар ва Ўктам Садинлар мадҳиямиз муаллифи бўлган улуғ шоир ҳақидаги илиқ хотираларини сўзлаб, янги шеърларидан ўқиб бердилар.

Шунингдек, Қашқадарё  вилоят мусиқали драма театри,  Қарши  шаҳар  “Мулоқот” театр-студияси жамоалари томонидан  тайёрланган ижодий учрашув, мусиқий  композициялар  ҳамда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саъдулла Қорабоев, истеъдодли хонандалар Ҳасан Салоҳиддинов ва Баҳром Болтаевлар ижросидаги Абдулла Орипов шеърлари билан айтиладиган машҳур қўшиқлар йиғилганларни хушнуд этди.

Шунингдек, Абдулла Орипов қаламига  мансуб  “Жаннатга  йўл”  драматик  асари асосида саҳналаштирилган спектаклдан бир кўриниш ҳамда Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов  номига қўйилган ихтисослаштирилган ижод мактаби фаолияти ҳақидаги видеоролик тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.