Университетда янги очилган таълим йўналишлари ҳақида батафсил таништириш мақсадида бугун мутасаддилар иштирокида пресс-конференция ташкил этилди.
Матбуот анжуманида университет ректори, университет қабул комиссияси раиси, профессор Х.Юнусов бошчилигидаги таълим маскани мутасаддилари, ўқув ишлари бўйича проректор, комиссия раиси ўринбосари, профессор Абдуғани Элмуродов, масъул котиб Бобомурод Қўлдошев, шунингдек факультетлар деканлари ОАВ ходимлари (Вилоят “Зарафшон”, “Самаоркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари, “Зарневс” сайти, “Халқ сўзи” газетаси вилоят бўлими, ЎзАА вилоят бўлими, “Самарқанд ёшлари” газета ва сайти, Вилоят “СТР” ва “СТВ” телерадиокомпаниялари мухбирлари) томонидан берилган барча саволларга жавоб беришди.


Анжуманда масъуллар томонидан университетда 2023/2024 ўқув йили қабулини юқори савияда ўтказиш мақсадида ташкил этилган қабул комиссияси фаолияти, давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари, янги ўқув йилида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида давлат гранти ўринлари сони, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун яратилган шароитлар, имтиёзлар ва улардан кимлар фойдалана олиши, шунингдек, университетда янги очилган йўналишлар ва мутахассисликлар ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди.



Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетига 2023/2024 ўқув йили учун кундузги таълим шакли бўйича 7 та факультетнинг жами 22 та таълим йўналишларига 1395 нафар, сиртқи таълим шакли бўйича 13та таълим йўналишларига 400 нафар ва 31та магистратура мутахассисликлари бўйича 94 нафар абитуриентларни қабул қилиш режалаштирилган. Бакалавриат таълим йўналишлари кундузги таълим шакли учун жами 22 та таълим йўналиши бўлиб, шундан 3 таси янги очилган таълим йўналишларидир.

Университетда қабул жараёнлари давом этмоқда.
Гулчеҳра Бердиёрова
Ахборот хизмати