Айниқса, таълим соҳасида юзага келган муаммоларни бартараф этиш орқали ёшларимизнинг илм олишларига, билим ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда. Бу борада Фарғона давлат университети жамоаси ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан амалга ошириб келмоқда.
Мурожаатларни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сонли қарорида белгиланган талабларга мувофиқ кўриб чиқилишини таъминлаб, ижрочи сифатида мурожаатлар билан ишловчи ходимни бевосита масъул этиб белгиланишига бутунлай чек қўйган ҳолда, уларда кўтарилган масалаларни тегишли таркибий бўлинмаларнинг мутахассислари томонидан ижро этилиши йўлга қўйилган.
Олий ўқув юртининг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, назорат ва мониторинг бўлими ходимлари Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда аҳолини қабул қилиш, фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммоларини самарали ҳал этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тузилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойили асосида фаолият олиб бормоқда.
Рақамларга юзланадиган бўлсак, жорий йил бошидан ҳозирги кунгача Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган жами мурожаатлар 14 тани ташкил этган бўлса, университет ваколатига доир 8 таси ижобий ҳал этилган ва 6 нафар мурожаат муаллифига университет ваколати доирасидан ташқари бўлгани боис ҳуқуқий тушунчалар бериш ва бошқа ҳал этувчи органларга йўналтириш орқали мурожаатчи талаби қондирилган. Бундан ташқари, университет раҳбариятининг ҳамда факультет деканларининг шахсий қабуллари, маҳаллалараро ҳамкорлик, онлайн қабул, сайт, мурожаат ботлари, электрон почталар ҳамда ишонч телефони орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳар бирида кўтарилган муаммолар ўрнида ҳал этилмоқда.
Мурожаатлар таркибини асосан ўқишга қабул, хориждан ўқишни кўчириш, молиявий соҳага доир масалалар ташкил этмоқда. Ушбу мурожаатларда акс этган муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган, иш фаолияти давомида камчиликка йўл қўйган ишчи ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари кўрилди. Кўп мурожаатларда келтирилган муаммоли масалалар юзасидан турли хил оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилинди. Талабалар орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, ёш авлоднинг маънавий етук, жисмонан бақувват, замонавий ва жаҳон андозаларига мос касб-ҳунар эгаси бўлишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва мавжуд муаммоларни ўрнида ҳал этиш, фуқаролар томонидан йўлланган ҳар бир ариза, шикоят ва таклифларни эътибордан четда қолдирмаслик олий ўқув юрти жамоасининг бош мақсадига айланган.
Умиджон ОБИДЖОНОВ,
Университетнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
билан ишлаш, назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи