Шунингдек, ушбу йиллар мобайнида уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилди.

Давлатимиз раҳбари қилинган ишлар ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб ўтди. Республика бўйича ҳар йили 200 мингтага яқин янги оила ташкил топмоқда. Бу янги уйлар, йўллар ва ижтимоий инфратузилмага талаб янада ортади дегани. Қолаверса, ҳозирда аҳолининг бир киши бошига ўртача 18,9 квадрат метр турар жой майдони тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични камида 23 квадрат метрга етказиш учун 2040 йилгача янги уй-жой қурилиши суръатини 280 мингтага ошириш лозим.

Бундан икки минг йил олдин Аристотель бундай деган эди: “Шаҳар деворлар билан эмас, унда яшайдиган одамлар билан мавжуд”. Бу фикр бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Шаҳарлар қандай қурилаётгани, ердан қайси мақсадларда фойдаланилаётгани ва уй-жой сиёсати қай тарзда юритилаётганига оид масалалар одамларнинг кундалик ҳаёти, хавфсизлиги ва келажакка ишончига бевосита таъсир ўтказади.

Шу боис, бугун арзон уй-жой қуриш масаласи фақат “метрлар — метрлар учун” эмас, балки шаҳар муҳитининг сифати, инфратузилманинг барқарорлиги ва жамият манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришга муҳтож.

Жаҳон банкининг маълумотига кўра, 2024 йилда дунё миқёсида шаҳар аҳолисининг улуши умумий аҳолининг 57,7 фоизини ташкил қилган. Қолган қисми қишлоқларда истиқомат қилади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 50,6 фоизни ташкил этади. 2030 йилга қадар мамлакат аҳолисининг шаҳарларда яшайдиган улушини бир неча фоизгача ошириш мақсад қилинган.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу соҳага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, “Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривож­лантириш бўйича янги ислоҳотларни бош­лаймиз. Жумладан, шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонларни белгилаймиз ва шу орқали экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади”, дея таъкидланди.

Урбанизация деганда, кўпчилик фақат шаҳарларнинг кенгайиши ёки янги уйлар қурилишини тушунади. Аслида, у одамлар яшайдиган муҳитни қандай ташкил қилаётганимиз, шаҳарларда ишлаш, ҳаракатланиш, дам олиш ва яшаш қанчалик қулай экани ҳақидаги масала. Бу фақат бинолар сони эмас, балки йўллар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар, жамоат транспорти, яшил ҳудудлар ва хавфсиз жамоат маконларининг уйғун тарзда ривожланишидир. Тўғри бажарилган урбанизация шаҳарларни инсон учун хизмат қиладиган жойга айлантиради. Нотўғри ёндашув эса тирбандлик, инфратузилма етишмаслиги, яшаш сифати пасайиши ва оилалар учун уй-жойнинг қимматлашишига олиб келади.

Шундай экан, урбанизация жараёнида шаҳарни режалаштиришнинг одамнинг кунлик вақти (масалан, уйдан ишга, мактабга, тиббиёт муассасасига бориш учун йўлга сарфланадиган муддат), оилавий харажатлари (ижара, коммунал тўловлар ва ҳоказо) ҳамда саломатлигига (ҳаво сифати, шовқин даражаси, яшил ҳудудлар туфайли) таъсири ўрганилади.

Шаҳарларнинг тартибсиз кенгайиши — салбий ҳолат. Шаҳар ери чекланган ресурс ва у нотўғри тақсимланса, арзон уй-жой ҳам бўлмайди. Содда қилиб айтганда, шаҳарлар энига эмас, балки бўйига ўсиши керак. Акс ҳолда, бир ёки икки қаватли уйлар учун инфратузилма — йўл қуриш, электр, газ, сув қувурлари тортиш қимматга тушади.

Бироқ бу ёндашув шаҳарни кўп қаватли уйлар билан бетартиб тўлдириш кераклигини англатмайди. Аксинча, бундай қурилиш чуқур илмий таҳлиллар ва аниқ ҳисоб-китоб асосида амалга оширилиши лозим. Бунда шамол йўналиши (шамол гули), ҳаво айланиши, яшил ҳудудларнинг сақланиши ва жамоат ҳудудларининг уйғун жойлашуви инобатга олиниши шарт. Акс ҳолда, кўп қаватли бинолар шаҳар муҳитини яхшилаш ўрнига ҳаво ифлосланиши, иссиқлик ороллари пайдо бўлиши ва инсон саломатлигига салбий таъсир ўтказишига сабаб бўлади. Шу боис, вертикал урбанизация деганда, аввало, ақл билан, илмий ва стратегик ёндашув асосида қуриладиган шаҳарни тушуниш керак.

Урбанизациянинг иккита муҳим воситаси мавжуд. Бу — реновация ва комплекс қурилиш лойиҳалари. Реновация деганда, эски уй-жойларни бузиб, ўрнига фақат янги бинолар қуриш эмас, балки бутун ҳудудни замонавий ҳаёт талабларига мос равишда қайта тиклаш тушунилади. Баъзи эски маҳаллаларда муҳандислик тармоқлари эскирган, уйлар хавфсизлик талабларига жавоб бермайди, инфратузилма эса аҳоли эҳтиёжини қондиролмайди. Айнан реновация орқали шу муаммолар бартараф этилади ва шаҳарни кенгайтирмай, ичида сифатли ўзгариш қилиш мумкин.

Комплекс қурилиш нафақат бино қуриш, балки инсон яшайдиган муҳитни тўлиқ шакл­лантиришдир. Яъни уй-жой билан бирга мактаб, боғча, шифохона, йўл, жамоат транспорти, яшил ҳудудлар ва хизмат кўрсатиш объектлари бир вақтнинг ўзида режалаштирилади ва қурилади.

Агар қурилиш фақат уй-жой билан чекланса, тўғри, одамлар “ватанли” бўлиб қолади, аммо ноқулай шаҳар шароити пайдо бўлади. Кўпчилик бундай ҳудудларни кузатган бўлиши мумкин: уйлар бир-бирига ҳаддан ташқари жипс жойлашган, яшил ҳудудлар майдони оз, шамол йўналиши тўсиб қўйилган. Натижада фуқарода гўё нафаси сиқилгандай ҳолат юзага келади. Яъни бу ҳудуд қурилганда комплекс қурилиш тамойили инобатга олинмаган бўлади.

Хўш, қулай шаҳар шароити андазалари қаердан олинади? Аввал бу борадаги халқаро стандартларга мурожаат қилинади. Ўзбекис­тон халқаро муносабатларнинг фаол иштирокчиси, жумладан, БМТнинг тўлақонли аъзоси. Мамлакат БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда. Мазкур мақсадларнинг ўн биринчиси шаҳар ва аҳоли пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги, ҳаётий ва экологик барқарорлигини таъминлашдир.

Мазкур мақсад БМТнинг аҳоли пунктлари бўйича дастури орқали рўёбга чиқарилади. Бугун у орқали 90 га яқин давлат ўз шаҳарларини такомиллаштирмоқда. Мазкур дастур шаҳарларни фақат иқтисодий ўсиш нуқтаи назаридан эмас, балки инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан уйғун ҳолда ривожлантиришни илгари суради. Унинг замирида, шунингдек, уй-жой масаласини ҳал этишда ердан оқилона фойдаланиш ғояси ҳам мужассам.

Халқаро стандартлардан ташқари ривож­ланган шаҳарлар мисолида ҳам урбанизация жараёнини кўриб чиқсак. Масалан, Сингапур зичлик шароитида ҳам яшил шаҳар яратиш мумкинлигини исботлади. Сингапурда бир квадрат километрга ўртача 8000 дан ортиқ киши тўғри келади. Бу кўрсаткич кўплаб йирик мегаполислардагидан юқори. Шунга қарамай, шаҳар майдонининг қарийб 50 фоизи яшил ҳудуддан иборат. Давлат сиёсатига кўра, ҳар бир йирик турар жой мажмуасида боғлар, болалар майдончаси ва дам олиш ҳудудлари бўлиши мажбурий.

Нотўғри қарорларни тузатиш орқали шаҳарни қайта қуришга Сеулни мисол қилиб келтириш мумкин. Сеулда бир пайтлар шаҳар марказидан ўтган Чхонгечхон дарёси автомобиль йўли остида қолиб кетган эди. 2000-йилларда бу йўл бузилиб, дарё қайта очилди ва унинг атрофида 10 километрдан ортиқ яшил ҳудуд барпо этилди. Натижада шаҳардаги ҳаво ҳарорати 3-4 даража пасайди, бизнес ва туризм фаоллашди. Энг муҳими, одамларни шаҳар марказига қайтаришга эришилган. Сеулдаги реновация харажат эмас, балки узоқ муддатли инвестиция эканини кўриш мумкин.

Мурожаатномада экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига йўл қўйилмаслигига бежиз эътибор қаратилмаган. Зеро, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча давлатларда алоҳида, чекланган муомаладаги ер тоифасидир. Уларнинг қиймати фақат ҳозирги фойдаланишида эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам намоён бўлади.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги ерини шаҳарсозлик учун захира сифатида кўриш мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби амалиётда қурувчилар босими ва молиявий манфаатлар таъсирида экин майдонлари кескин қисқариши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ери — тикланмайдиган ресурс. Қурилишдан сўнг бу ерни рекультивация қилиш (тиклаш) технологик жиҳатдан деярли имконсиз ва молиявий қиммат. Ердаги гумус қатлами асрлар давомида шаклланади. Шунинг учун, масалан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти экин майдонларини асрашга қатъий чорлайди.

Учинчидан, урбанизация зичлаштириш ва сифатни оширишдир. Ушбу тушунчани қиш­лоқ хўжалиги ерини ўзлаштириш билан аралаштириш урбанизация ғоясининг ўзига зиддир.

Шунинг учун бугун шаҳарсозлик соҳасига оид қарорларнинг ҳар қандай оқибати келажак авлодлар зиммасига юкланишини ёдда тутиш лозим.

Президентимиз агломерация ҳудудларини белгилаш вазифасини ҳам топширди. Хўш, бу шу пайтгача кўпчилик учун номаълум ва сирли бўлган “агломерация” ўзи нима?

Замонавий шароитда шаҳар фақат ўз маъмурий чегараси билан чекланиб қолмайди. Кўп­лаб инсонлар шаҳар четида ёки қўшни туман ва қишлоқларда яшаб, ҳар куни марказга ишга, ўқишга қатнайди. Ана шу табиий ҳаётий жараён агломерацияни вужудга келтиради. Бош­қача айтганда, агломерация деганда шаҳар ва уни ўраб турган ҳудудларнинг ягона организмдек ишлаши тушунилади. Агар бу жараён олдиндан режалаштирилмаса, транспорт тирбандлиги, инфратузилма етишмаслиги ва ер ресурс­ларининг самарасиз сарфи юзага келади. Шу боис, агломерация ёндашуви шаҳарларни бетартиб кенгайтириш ўрнига уй-жой, иш ўринлари ва транспортни ўзаро боғлиқ ҳолда ривож­лантириш имконини беради. Бу эса нафақат шаҳар маркази, балки бутун атрофдаги ҳудудлар учун ҳам сифатли ҳаёт муҳитини яратади.

Бугун 14 та йирик агломерация мавжуд: Тошкент шаҳри; Ўрта Зарафшон (Самарқанд — Каттақўрғон — Навоий); Андижон — ­Асака — Шаҳрихон; Наманган — Тўрақўрғон — ­Чортоқ; Қашқадарё (Қарши — Китоб — Шаҳрисабз — Косон); Фарғона — Марғилон — Қувасой; Нукус; Оҳангарон (Ангрен — ­Олмалиқ — Оҳангарон); Сурхондарё (Термиз — Денов); Хоразм (Урганч — Хива); Қуйи Зарафшон (Бухоро — Когон); Қўқон; Чирчиқ ҳамда Янгийўл — Чиноз.

Ушбу ҳудудларда жами 12,5 миллионга яқин одам яшайди. Асосий мақсад агломера­цияда уй-жой фонди ва шаҳар муҳитини ривож­лантириш ҳамда қурилишнинг ўртача зичлигини оширишдир.

Президентимизнинг 2025 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида 2040 йилгача бўлган даврда уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва унинг кўрсаткичлари тасдиқланди.

Қўмита урбанизация жараёни, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Янги қўмита ташкил этилиши, агломерация ёндашувига ўтиш, мастер-режалар ва комплекс қурилишни жорий этиш мазкур сиёсатнинг мантиқий давомидир. Қурилаётган, янгиланаётган шаҳарларни бошиданоқ тўғри режалаштирсак, уни тузатишга зарурат қолмайди. Шаҳарларимизнинг эртанги қиёфаси айнан бугун шаклланмоқда. Урбанизация масалаларига ҳозир қай даражада онгли ва масъулиятли ёндашсак, келажакда шаҳарларимиз шунчалик яшаш, меҳнат қилиш ва фарзанд тарбиялаш учун қулай бўлади.

Комрон НИҒМАТОВ,

Урбанизация ва уй-жой бозори

миллий қўмитаси бўлинмаси бошлиғи