“Фан” нашриётида академик Наим Каримовнинг “Усмон Носир” маърифий-биографик романи чоп этилди. Ушбу асар шоирни халққа янада яқинлаштирувчи, унинг ижоди ва шахсиятидаги мавҳум жиҳатларини очиб берувчи ҳикоялардан иборат бўлиб, муаллифнинг узоқ йиллик изланишлари натижасида яратилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 10 февраль куни “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Унга кўра, Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш, кўчаларга номини бериш, илмий-амалий анжуман ўтказиш, “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Усмон Носир замондошлари хотирасида” китобини нашр этиш, ҳужжатли фильм суратга олиш белгиланган.
Наим Каримовнинг маърифий-биографик романи ҳам Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига ўзига хос туҳфа бўлди.