Хабаримиз бор, 23 апрель куни Польшанинг Келце шахрида ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нигина Ўктамова барча рақибларидан устун келди. Нигина ўзбек бокси тарихида биринчи бор жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди ва олтин медал соҳибига айланди.
Ўзбекистон бокси тарихида илк маротаба жаҳон чемпиони бўлган боксчи қиз Нигина Ўктамова бугун ўзи туғилиб ўсган Иштихон туманида тантанали равишда кутиб олинди. Уни туман ҳокимлиги, Жисмоний тарбия ва спорт бўлими, Маданият бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, чемпионнинг яқинлари ва табриклаш учун йиғилган кўплаб ёшлар катта хурсандчилик билан қарши олишди.
Шундан кейин туман марказидаги “Устозлар боғи”да чемпион қиз шарафига тантанали қутлов тадбири уюштирилди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Ш.Негматов Нигинани эришган юксак муваффақияти билан қутлаб, унга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совға, икки хонали уйнинг биринчи тўлови чекини топширди.
- Мени ушбу ютуқларга эришишимда ҳар доим кўмакдош бўлган устозларим Акром Узоқов ва Азим Худойқуловга, ота-онам, яқинларимга, қолаверса ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётган туманимиз ҳокими Ш.Негматовга миннатдорчилик билдираман, - дейди Нигина Ўктамова. - Мусобақада иштирок этаётган 67 та давлат байроқлари узра Ўзбекистонимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзалардаги ҳаяжонларимни таърифлаб бера олмайман. Ҳиндистон, Таиланд, Россия, Украина каби давлатлардан келган спортчилар билан беллашиб жаҳон чемпиони деган юксак унвонга лойиқ топилдим. Мен бундан мислсиз ифтихор хиссини туйдим. Бизда спорт қиз бола учун эмас деган тушунча мавжуд. Менинг бу ютуғим минглаб тенгдошларимни юксак марралар сари илхомлантирувчи бир восита бўлади, деб умид қиламан.
Иштихон туман ҳокимлиги ахборот хизмати