Германиянинг "LAMBERT ACADEMIC PUBLISHING" нашриёти томонидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Иқболой Адизованинг монографияси чоп этилди.
Китоб "THINKER POETESS PF THE EAST" (Шарқнинг мутафаккир шоираси) номи билан инглиз тилида нашр қилинди.
Ушбу монографияда ўзбек мумтоз адабиёти билан боғлиқ бир қанча илмий муаммолар ўз ечимини топган. Хусусан, анъаналар замирида улғайган новаторлик ва уларнинг ўзаро муносабати масаласи, шарқ мумтоз адабиётида лирик қаҳрамон табиати, бадиий образ ва рамз муносабати, адабий жанрлар такомили тарихи, мумтоз қофия, радиф, бадиий санъатларнинг ўрни ва вазифаси атрофлича ўрганилган.
Мазкур муаммоларнинг барчаси Фарғонада яшаб ижод этган бетакрор мумтоз шоира Жаҳон отин Увайсий асарлари асосида талқин этилган. Китоб шарқ ва ўзбек адабиёти, Қўқон адабий муҳити, мумтоз поетика, жанрлар, бадиий образ ва рамз муносабати масалалари билан қизиқувчи олимлар, тадқиқотчилар ва филолог мутахассислар учун мўлжалланган.