Шу кунларда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият янада мураккаблашмоқда. 2021 йилнинг ноябрь ойида Жанубий Африкада пайдо бўлган “Omicron” штамми бугунга келиб, 105 дан ортиқ давлатга кириб борди. Янги штамм қатор мамлакатларда жиддий муаммоларни юзага келтираётир. Эпидемиологик вазиятни яхшилаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганига қарамай, сўнгги кунларда мамлакатимизда ҳам коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ошди.
Мамлакатимизда коронавируснинг мутацияга учраган “Omicron” штамми аниқлангани тўғрисида Республика махсус комиссиясининг шу йил 9 январдаги йиғилишида маълум қилинди. Корхона ва ташкилотларда, ёпиқ жойларда аҳолини инфекцион хавфдан ҳимоя қилиш усулларидан бири бўлган карантин қоидаларига риоя қилиш талаби ва тартибини кучайтириш зарурлиги белгиланди.
“Omicron”нинг бошқа штаммлардан фарқи шундаки, юқувчанлиги, одамдан-одамга ўтиши кучайган. Бугунгача пайдо бўлган мутацион штаммларга нисбатан ўта тез тарқалувчанлиги билан ажралиб туради. У кўпроқ юқори нафас йўлларини зарарлайди. Беморда томоқ оғриғи, бурун оқиши, аксириш, бурун битиши, йўтал, тана ҳароратининг 1-2 кун давомида кўтарилиши ҳолати кузатилади. Касалликнинг илк кунларида COVID-19нинг асосий белгилари — иситма, йўтал, ҳид ёки таъм билишнинг йўқолиши кузатилиши мумкин.
Шунингдек, беморни бош оғриғи, бурун оқиши, аксириш, томоқ оғриғи ва чарчоқ безовта қилади. Баъзи одамлар йўтал, иштаҳа йўқолиши ва миядаги оғирликдан ҳам шикоят қилган. Шу боис, ушбу аломатларнинг бирортаси кузатилса, коронавирусга қарши дарҳол тест топширилиши мақсадга мувофиқ. Бусиз ҳатто тажрибали шифокор ҳам янги штаммнинг аломатларини оддий шамоллашдан ажратолмайди. Вирус билан касалланган беморларнинг юқори нафас йўллари қаттиқ зарарланади ва касалликнинг ўткир даврида бемор вирус тарқатувчиси бўлади.
“Omicron” жуда осон юқади. Унинг мослашувчан, янада хатарли экани ҳаммани хавотирга солмоқда. Бу жараёнда эмланмаган аҳолининг инфекциядан ҳимояланиши қийин кечади. Натижада эпидемиологик вазият мураккаблашиши мумкин. Бундай нохуш ҳолатнинг олдини олишда ягона имконият вакцинадир.
“Omicron” штамми енгил кечса-да, эмланмаган аҳоли организмида ҳимоя антитаначалари бўлмагани боис, касаллик оғир кечиши эҳтимоли йўқ эмас. Шу боис, вакцина олиш жуда муҳим. Айниқса, ҳомиладор ва энди фарзандли бўлган аёллар, эмлашга қаршилиги кўрсатилган сурункали хасталикларга чалинган аҳоли қатлами ҳамда кексаларни “Omicron” штамми оғир вазиятга солиб қўйиши мумкин.
Кўпгина ривожланган мамлакатларда, жумладан, бизнинг юртимизда ҳам коронавирусга қарши аҳолини эмлаш ишлари тизимли олиб борилмоқда. Афсуски, вакциналарнинг сифати ва самарадорлигига ишончсизлик билан қараётганлар ҳам йўқ эмас. Фаолиятимиз давомида “Эмланган одам ҳам касалланадими?” деган саволга кўп дуч келяпмиз. Ҳа, касалланиши мумкин, аммо эмланганлар организмида маълум даражада бўлса-да, ҳимоя антитаначалари шаклланади. Коронавирус юзасидаги вирус тожи протеини инсон тўқималарига ёпишиб, зарарлайди. Коронавирус вакцинасининг ирсий кўрсатмаси эса худди шу жиҳатга қаратилган. Эмлаш организмда маълум хотира ҳужайралари пайдо бўлиши орқали мослашувчан иммунитет реакциясини рағбатлантиради. Кейинчалик шу инфекцион агент билан зарарланиш тезкор иммун жавобни юзага чиқаради.
У организмга тушган инфекциянинг енгил кечишига сабаб бўлади. Ўз вақтида вакцина олган организмда иммун ҳимоя таначалари ишлаб чиқилгани ва бу жараён давом этаётгани фикримиз далилидир. Шу боис, хавотир ва иккиланишга асос йўқ.
Юртимизга олиб келинаётган барча вакциналарнинг сифати ва самарадорлиги мутахассислар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилган. Вакциналар иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, юқиши мумкин бўлган вирусларга қарши курашда иштирок этади. Биз эмланиш орқали нафақат ўзимизни, балки атрофимиздагиларни ҳам ҳимоя қиламиз. Бугун оилавий поликлиникаларда исталган турдаги вакцинани олиш имконияти мавжуд.
Пандемия даврида аҳолининг кўп қисми вакцина олди. Кимдир уч ой, кимдир олти ой олдин эмланган, лекин организмимизда коронавирус инфекциясидан ҳимояланамиз, деб олинган вакцина мутацияга учраган штаммлардан маълум даражада ҳимоя қилади. У ҳам касалликнинг енгил ўтишига ёрдам берадиган восита.
Шу боис, вакцина олганлар бутунлай хотиржамликка берилиши керак эмас. Чунки вирус жуда маккор. Эмланган бўлсак-да, инфекция ўз қиёфасини ўзгартириб, исталган пайтда таҳдид қилиши мумкин. Тўғри, эмланганда касаллик енгил кечади, аммо бемор тарқатувчи бўлиб қолиши мумкин. Эмланган бўлсак-да, карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Биз касал бўлиб, уни даволаш учун қанча дори-дармон истеъмол қилиб, ножўя таъсирни бошимиздан ўтказиб, узоқ муддат қийналгандан кўра вакцина олиб, касалликнинг енгил кечишини таъминлашимиз зарур. Вирусга қарши курашишнинг асосий шарти, шубҳасиз, вакцина олиш.
Кейинги пайтда “бустер доза” деган иборани тез-тез тилга оляпмиз. Бустер доза — тўлиқ эмланган фуқароларнинг касалликка қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида яна қайтадан оладиган вакцина дозасидир. Бустер доза билан тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли вакиллари эмланиши мумкин. Бустер доза олмоқчи бўлган аҳоли мамлакатимизнинг барча даволаш-профилактика муассасаларидаги эмлаш пунктларида эмланиши учун шароит мавжуд.
Баъзи маълумотларга кўра, бустер дозадан сўнг инсон организмида нейтраллашган антитаначалар миқдори кўпаяди. Бу эса организмда умрбод яшовчи ҳимоя антитаначалари ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Шу боис, бустер дозани қабул қилиш вирусдан ҳимояланиш кафолати, дейиш мумкин.
ЖССТ маълумотига кўра, “Omicron” штаммига чалинган беморларнинг 98 фоизи уй шароитида, 2 фоизи эса стационарда даволанмоқда. Чунки вируснинг мазкур тури, асосан, юқори нафас йўлларига зарар етказади.
Касаллик тез тарқалиб, беморлар сони кўпаядиган бўлса, у енгил кечса ҳам одамлар хавотирга тушиб, стационарга мурожаат қилади. Аммо ҳолат қониқарли бўлса, бунга эҳтиёж йўқ. Стационарда оғир аҳволдаги беморлар учун белгиланган ўрин тўлиши мумкин. Қўшимча ўринлар ҳам яратилган. Бугун юртимизда коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган 16 та махсус тиббиёт муассасаси фаолият юритмоқда. Зарурат туғилса, ушбу муассасалар сонини 132 тага, койкалар сонини эса 32 мингтага етказиш имконияти мавжуд. Енгил даражада даволанадиган беморлар учун жами 185 мингта COVID қутиси шай ҳолатга келтириб қўйилган. Аммо ҳозирча бунга эҳтиёж йўқ. Беморнинг аҳволи енгил бўлса, ваҳимага берилмаслик ва оилавий шифокорга мурожаат қилиш тавсия этилади. Касалликнинг даражасини шифокор белгилайди. Шифокорларимиз янги штаммнинг аломатларига қараб даво чораларини кўрмоқда.
Касалликка чалиниш таҳликали йўл эканини ҳаммамиз кўрдик. Қанчақанча таниш-билишимиз, яқинларимизни йўқотдик. Бу касалликка қарши курашишимиз кўп жиҳатдан барча аҳолини имкон қадар кўпроқ эмлаш билан боғлиқ бўлиб қолаётир. Шундай экан, келинг, ўзимиз ва яқинларимиз ҳаётига бефарқ бўлмайлик, ВАКЦИНАни бугундан кечиктирмайлик!