Энг баланд иморатлар ҳам пойдевордан бошланади. Хўш, ватанпарварлик тарбияси-чи? Ҳар бир бола тарбия асосини, энг аввало, оиладан, кейин ижтимоий муҳитдан олади. Лекин ҳар бир оила етарлича тарбия бериш салоҳиятига эгами? Яъни, боланинг асосий тарбиячилари — ота-она ҳар доим унинг ёнида бўла оладими? Ота оила боқиши — ишлаши керак. Бугунги аёллар ҳам тинч ўтирмайди — ишлайди, турмуш ўртоғига кўмаклашади ёки уйда бирор ҳунар билан шуғулланади. Бундай ҳолларда болага етарлича вақт ажратиш имкони бўлмайди, албатта.

Бола кўп вақтини энага олдида ёки боғчада, кейин мактабда ўтказишига тўғри келади. Бу — ахлоқий тафаккури шаклланиш вақтида унга энаганинг, боғчанинг, таълим муассасаларининг таъсири катта бўлади, дегани. Демак, жамият ўз аъзоларини тарбиялашда таълим-тарбия муассасаларидан кенг фойдаланиши лозим.

Ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда таълим тизими оиладан кейинги ўринда, айрим ҳолатларда ундан ҳам устун туради. Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, кейинги таълим босқичларидаги профессор-ўқитувчи ва илмий-ижодий зиёлиларни Янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни сифатида бежиз қайд этмади. Бу гап замирида ўқитиш тизимимиздаги шарқона ва миллий қадриятга айланган “тарбия асосида таълим бериш” тамойили асос бўлиб турибди. Таълим-тарбия бир-бири билан узвий боғлиқ. Демак, маърифат ва маънавиятни ҳам бир-биридан ажратиб бўлмайди. Баъзи юртдошларимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворида асосий устун сифатида фақат маърифатни кўраётгани, умумий ўрта таълимда тарбия дарслари камлиги, олий таълимда эса ихтисослик фанларининг ўзи билан етук малакали кадр етиштириш мумкинлиги ҳақидаги нуқтаи назари туфайли ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишдан воз кечиш ёки уларни қисқартириш ташаббуси билан чиқаётгани таълимни тарбиядан ажратишга уринишдир. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари “Миллий маънавиятимизни ривожлантириш, уни халқимиз, айниқса, ёшларимиз ҳаётига сингдиришда ижтимоий-гуманитар фанлар тизимининг аҳамияти катта”, деб таъкидлади.

Маънавий қашшоқлик давлат ва жамиятни заифлантирадиган энг катта куч. Давлат ва жамият заиф бўлган жойда илмни ривожлантириш ҳақида гапириш мушкул. Ривожланган тақдирда ҳам ёшлар бу илмни давлат ва жамият манфаатларига қарши ишлатмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Уларга ватанпарварликдан, миллий ва умуминсоний ахлоқдан, Ватан олдидаги бурчдан ким сабоқ беради? Ким уларда миллий ғурур шаклланишига кўмаклашади, уларни миллий ғоя билан қуроллантиради? Таълимни мафкуралаштириш ва миллий ғоя билан қуроллантириш ўртасидаги фарқни билмайдиганлар ҳам орамизда учраб турибди.

Миллий ғоянинг қадриятлашуви миллий ахлоқни шакллантириш, жамият аъзоларини маънан бойитиш, юксак фазилатлар руҳида тарбиялашга кўмаклашади. Жалолиддин Мангуберди қалбидаги озодликка интилиш туйғуси қадрият даражасига кўтарилмаганида, унга ўт ва шижоат бера олармиди? Ёки Соҳибқирон Амир Темур даврида эл-улусни бирлаштириш, “Куч адолатда” экани миллий ғоя даражасига кўтарилмаганда, у шундай буюк давлат қура олган бўлармиди?

Мутасаддилардан бири талабанинг устозига савол бераётганда ҳатто ўрнидан туришни истамаганини эркинлик, деб таърифлади. Шу ўринда савол туғилади: эртага ўғлимиз “Дада, туринг, тўрда мен ўтираман!” ёки қизимиз “Она, танишинг, бу куёвингиз, биз фарзанд кутяпмиз!” деса ҳам уларнинг гапини эркинлик, деб қабул қиламизми?!

Эркинлик, демократия нима ўзи? Хоҳлаган гапини гапириб, хоҳлаган ишини қилиш деганими? Афсуски, кўп ёшларда мана шундай тушунча шаклланиб боряпти. Шу боис, улар ўрнидан турмай, стулда ўтирганча устозига савол беряпти. Ўсмир ёшдаги қизлар ўқитувчи доскага ўгирилганда тап тортмай деразадан сакраб чиқиб кетяпти. Буни олқишлагандай бўлган  ўқувчилар ўқитувчи устидан куляпти. Биз-чи, биз нима қиляпмиз? Ўқитувчининг бу қизга танбеҳини муҳокама қиламиз, уни ота-оналар олдида узр сўратамиз, тарбия билан шуғулланадиган ижтимоий-гуманитар фанларни қисқартиришга кўмаклашамиз. Бунга шу фанлар ўқитувчиларининг айримлари таъмагирлигини сабаб қилиб кўрсатамиз. Бу бургага аччиқ қилиб кўрпа ёқиш эмасми?!

“Ахлоқ фалсафаси” дарсини ўтишга кирган дастлабки куним талабаларга савол бердим: “Нима деб ўйлайсиз, номутахассис йўналишдаги талабалар учун ижтимоий-гуманитар фанлар керакми?” Уларнинг аксарияти керак эмас, деб жавоб берди. Улар учун қўшимча фан – қўшимча имтиҳон, қўшимча оралиқ ва якуний назорат, дегани. Фанни ўтиб бўлгандан сўнг талабалар ўртасида кичик дебат ўтказдим. Ўртага ташланган савол қуйидагича эди: “Нима деб ўйлайсиз, номутахассис йўналишидаги талабалар учун ижтимоий-гуманитар фанлар керак эканми?”

Албатта, улар орасида бир-икки талаба “Мутахассислигимиз учун бу фан керак эмас”, деди. Булар кўп дарс қолдирадиган, паст баҳога ўқийдиган, касб этикетига риоя қилмаслик, саволни ўрнидан турмай беришни эркинлик деб биладиганлар эди. Аммо талабаларнинг 90 фоиздан ортиғи бу фанлар, албатта, ўқитилиши лозимлигини эътироф этди. Уларнинг қуйидаги фикри диққатимни тортди: “Биз Ғарбда қабул қилинаётган ахлоқсизликлар демократия оқими остида бизга ҳам кўчиб ўтиши мумкинлигини ҳозир тасаввуримизга сиғдира олмаймиз. Агар миллий тарбияни йўқотсак, 40–50 йил ўтиб, биз ҳам бу ҳолни ғарбдагидай хотиржам қабул қилишимиз мумкин”.

Талабалар ҳақ эди. Тарбияга оид фанлар натижасини эҳтимол бир кун, бир ой ёки бир йилда кўрмасмиз, лекин буларни сиқиб чиқарадиган бўлсак, натижани йигирма ё ўттиз йиллардан сўнг талаба айтган даражада кўришимиз даҳшат эмасми?! Умуман олганда, талабаларга демократик маданиятни, демократияни экспорт қилиб бўлмаслигини, демократик тамойиллар миллий қадриятларсиз амал қилиши миллий ўзликни емиришга олиб келишини қайси фанлар ўргатади? Албатта, ижтимоий фанлар.

Биз кўпинча “оломон маданияти Ғарбдан кириб келди”, дер эканмиз, гўё бу “маданият” Ғарбда азалдан ҳукм суриб келгандай қараймиз. Яқинда инглиз адабиётидан Шарлотта Бронтенинг “Жейн Эйр” асарини ва Ғарб адабиётига оид яна бир қанча асарларни рус тилидан ўзбек тилига ўгирдим. Ҳар бир давр адабиёти ўша пайтдаги ижтимоий муҳит, ахлоқий-тарбиявий қадриятлар, миллий хусусиятларни ҳам акс эттиради. Мана шу асарларда ифодаланган икки-уч аср олдинги Ғарб ҳаётида бугунги “оммавий маданият” унсурларини кўрмадим. Уларда мустаҳкам оила қадриятлари, юксак даражадаги этикет қоидалари акс этганди. Бундан хулосага келиш мумкинки, Ғарб ёшларининг бугунги “эркин” қиёфаси азалдан келмаяпти. У айнан тарбия таълимдан узиб қўйилгани туфайли шаклланган.

Бироқ ҳар қандай ривожланган, демократик тамойиллар устувор давлат ҳам ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда таълим тизимидан фойдаланишининг гувоҳи бўламиз. Масалан, ҳатто АҚШда ҳам ватанпарварлик ғоялари таълим тизимида сингдирилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Айтайлик, машғулотлардан олдин давлат мадҳиясини ижро этишда бирор ўқувчи ўрнидан турмаса ёки қўлини кўксига қўймаса, ўша куниёқ ўқишдан четлатилади. Шунингдек, ҳар бир синфда мамлакат байроғи осилган бўлади. Кўп ҳолларда унга содиқлик қасами қабул қилинади.

Хитойда эса ватанпарварлик мафкураси нафақат юрти, балки шаҳри, вилояти, оиласи, шунингдек, хитой тилини севиш ва фахрланиш асосига қурилган. Ватанпарварлик тарбияси Хитой педагогикасининг асосий вазифаси. Бунда улар Ватан тарихи, миллий байрамлар, миллий қадриятларни ўқитиш, мусиқа дарсида Ватан ҳақидаги қўшиқларни ўргатишни асос қилиб олган. Тарғибот ишларида ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилади. Аноним изоҳлар ёзиш тақиқланган. Давлат ва фуқаролар ўртасида ҳам, талаба ва ўқитувчилар ўртасидаги ижтимоий алоқалар интернет орқали йўлга қўйилган.

Шу ўринда Япония таълимига оид бир факт ёдимга тушади. Япон таълим тизимида биринчидан то олтинчи синфга қадар “ахлоқ томон йўл” дастури асосида дарс ўтиларкан. Бу дарсларда япон болалари фақат ахлоқ, этикет қоидалари, одамлар билан муомалани ўрганади. Жанубий Кореяда ҳам ҳам шундай: тарбиявий дарслар билан бирга мусиқа, тасвирий санъат машғулотлари ўқитилади. Бу — қалб тарбияси дегани. Уларнинг жамиятида устознинг улуғланиши алоҳида эътиборга молик. Эҳтимол, шунинг учун уларда тартиб-интизом қадрият даражасига кўтарилгандир?!

Бугунги глобаллашув ва интеграция кучайиб бораётган даврда маънавий ҳаётимиздаги ўзгаришлар билан боғлиқ хусусиятларга алоҳида аҳамият қаратишимиз зарур. Чунки глобаллашув билан боғлиқ ахборот хуружлари, турли ғоявий-мафкуравий таҳдидлар айнан миллий ўзлик ва миллий маънавиятга чанг солади. Ёшлар ҳаётига бегона таъсирларнинг адабиёт, санъат, ижтимоий тармоқ орқали оломон маданиятининг кириб келаётгани бугун глобал муаммодир.

Аслини олганда, глобаллашувни ижобий ҳодиса, деб баҳолаш мумкин. Шунингдек, инсоният ва жамиятлар тараққий этаркан, глобаллашиш ҳодисаси муқаррар ва табиий жараён. Аммо ҳар қандай тараққиёт диалектик тарзда амалга ошади. Унинг бир маромда кўринган динамик ривожланишида ўзига хос қарама-қаршиликлар, ички зиддиятлар намоён бўлади. Хусусан, умумбашарий қадриятларнинг шаклланиши ва такомиллашуви миллий-маънавий қадриятларнинг емирилишига олиб келиши мумкин. Бироқ миллий-маънавий омилларсиз умумбашарий қадриятларнинг яшовчанлиги ҳам камаяди. Уларни жорий этишда ҳам ўзига ўзига хос муаммолар юзага келади. Бу каби зиддиятлар глобаллашувнинг салбий томонлари билан боғлиқ масалаларни юзага чиқаради.

Ана шу салбий жиҳатлар сирасида халқларнинг асрлар мобайнида аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган миллий урф-одатлари, қадриятлари умумбашарий тамойиллар ва қадриятлар бирлашуви таъсири остида йўқолиб кетиш хавфи остида қолаётгани кабиларни айтиш мумкин. Бундай таҳдидларга қарши қуролланиш фақат таълимни тарбия асосида бериш орқалигина амалга ошади.

Жамият тараққий этиши учун, биринчидан, таълим ва тарбиянинг уйғунлигини таъминлаш лозим. Бунда тарбиянинг асоси бўлмиш миллий қадриятларимиздан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Иккинчидан, тарбияга оид фанлар ўқитилишининг ўрта махсус ва олий таълимдаги узвийлигини йўлга қўйиш керак. Бунда мактабнинг ҳар бир ўқув йилида дастурга, албатта, тарбияга оид фанни киритиш зарур. Масалан, 1–4-синфларда “Одобнома”, кейинги йилларда бир-бирини тўлдирувчи узвий кетма-кетликда “Ватан туйғуси”, “Экологик маданият”, “Этикет қоидалари”, “Маънавият асослари”, “Ҳуқуқшунослик”, “Жамиятшунослик”, “Ахлоқшунослик”, Эстетика” каби фанларни ўқитиш лозим, деб ўйлаймиз.

Учинчидан, жамиятда устоз-муаллимларга юксак эҳтиромни шакллантириш чораларини кўриш тизимли давом этиши керак. Ўқитувчи малакасини ошириш, моддий шароитини яхшилаш, рағбатлантириш, ҳуқуқ ва шаънини ҳимоя қилиш масалалари ҳам бу чора-тадбирларга киради.

Тўртинчидан, маънавият ва маърифат марказлари ҳамда уларнинг бўлимлари фаолиятини таълим тизими билан уйғунлаштириш лозим. Яъни таълим муассасаларида тарбиявий ишлар бўйича раҳбар ўринбосарлари фаолияти марказларнинг ҳудудий бўлимлари билан бирга мувофиқлаштирилиши мақсадга мувофиқ.

Шаҳло АҲРОРОВА,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти катта илмий ходими,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори