«Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш бўйича олдин имзоланган битимнинг амалга оширилишини назарда тутган ҳолда, Банкнинг Ўзбекистондаги инвестициявий фаолияти билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Ушбу келишувнинг амалга оширилиши мамлакатимиз банк секторига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади ва ушбу соҳани ривожлантириш ва трансформация қилишга қўшимча туртки бўлади.

Мулоқот чоғида шартноманинг амалий жиҳатлари ва шартлари атрофлича кўриб чиқилди, кун тартибидаги масалалар ўрганилди, ҳар икки томон манфаатларига жавоб берадиган ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди. Венгриялик инвестор томонидан «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш жараёнини илгари суриш бўйича кейинги қадамлар келишиб олинди. Шунингдек, илғор халқаро банк амалиёти ва стандартлари асосида банкни янада ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади.

Ш.Чани томонидан назорат қилинадиган бошқа тузилмаларнинг инвестициявий фаолиятини кенгайтириш, хусусан, агросаноат соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида Венгрия технологияларини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Бу, ўз навбатида, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширади ҳамда янги истиқболли экспорт бозорларига чиқиш имкониятларини яратади.

Шунингдек, Ш.Чаньи Ўзбекистонда спортни ривожлантиришда, хусусан, ихтисослашган спорт академияларини ташкил этишга сармоя киритиш орқали иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Учрашув якунида кўриб чиқилган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича навбатдаги тадбирлар юзасидан келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.