Учрашувда мамлакатимиз IT экспортини ошириш ва IT таълимни ривожлантиришга VEON гуруҳи эътиборини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув Ўзбекистонда илк бор ўтказилган «Veon» директорлар кузатув кенгашининг йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Вазир билан учрашувда директорлар кенгаши раиси Гуннар Холт, бош ижрочи директори Каан Терзиоглу, холдинг бош маслаҳатчиси Борис Тадич ва Beeline Uzbekistan бош директори Анжей Малиновски иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистонда телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бозорини янада ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, ахборот технологиялари ва энг янги мобил технологияларни жорий этиш масалалари ҳамда келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди.
Ўз навбатида, «Veon» компанияси вакиллари хорижий йирик компаниялар ҳам Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очишга қизиқиш билдираётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, учрашувда икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ масалаларида кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама этилди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.