Конференция ишида университетнинг яқин ҳамкорларидан бири бўлган Санк-Петербург давлат ветеринария медицинаси университети профессорлари, Россия Фанлар Академияси академиклари Эдуард Жавадов ҳамда Анатолий Стеколниковлар иштирок этишмоқда.
Конференциянинг очилиш маросими университет фаоллар залида ташкил этилди. Дастлаб университет меҳмонлари эътиборига таълим маскани фаолиятига оид илмий-амалий кўргазма намойиш қилинди.





Университет ректори, профессор Худайназар Юнусов меҳмонларни қутлар экан, икки йирик мутахассис, ветеринария соҳасининг нуфузли намоёндалари бир вақтнинг ўзида бу масканда бўлишидан профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар хурсанд экани, уларнинг маърузалари барча учун қизиқарли ва фойдали бўлиши ҳақида таъкидлади.

Республика Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари, ветеринария фанлари доктори, профессор Собиржон Мавлонов қўмита раиси номидан конференция ишига муваффақият тилади.

Асли Ўзбекистонда туғилиб ўсган академик Жавадов бу юрт ва унинг кишилари олим ҳаётида муҳим роль ўйнагани, ҳамиша бу ерга келиш учун интилиши ва ўтган йилги сафари давомида жуда фойдали ишлар билан шуғуллангани, қолаверса, университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларининг салоҳияти ва интилишларини қадрлаши хусусида таъкидлади.

12 йил давомида Санк-Петербург давлат ветеринария медицинаси университетини бошқарган Академик Стеколников эса РФда айни кунда 3 та ветеринария таълим йўналиши бўйича олий таълим муассасалари борлигини айтиб, Ўзбекистонда ягона бўлган мазкур таълим маскани соҳага ихтисослашган хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлагани, ўқув дастурлари ва режалари бири-бирига яқин ва мос бўлган муассасалар ва олимлар биргаликда ривожланаётгани хусусида гапирди ва муаммоларга ҳамкорликда илмий ечим изланаётгани ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этди.
Академиклар маросим давомида Университет жамоасига ўз рамзий совғаларини тақдим этдилар.
Шунингдек, маросим давомида академикларга университет ректори томонидан “Фахрий профессор” дипломи ва нишони топширилиб, ўзбек миллий либоси — зарбоф тўн кийдирилди ва эсдалик совғалари тақдим этилди.






Конфренцияда “Ветеринария соҳасида ҳайвонлар касалликларини олдини олиш ва даволашнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечими”, “Чорва маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш технологиялари ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги инновациялар” “Чорвачилик биотехнологияси ҳамда ҳайвонларни сақлаш, озуқа етиштириш, озиқлантириш ва селекция ишларидаги илмий ёндашувлар”, “Чорвачилик ва қишлоқ хўжалигида агротехнологик жараёнларни механизациялаштириш, ресурс-энергия тежамкор қишлоқ хўжалик техникаларини жорий этиш ва уларнинг иқтисодиёти бўйича олиб борилган тадқиқотлар” юзасидан илмий маърузалар муҳокама этилди.



Конференция иши эртага ҳам давом этади.
Университет Ахборот хизмати