Европа Иттифоқи билан инвестиция, савдо, фан-таълим, экология, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.
Томонлар жорий йил 6 июлда парафирлаш (дастлабки имзолаш) маросими бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (КШҲТБ) тез фурсатларда имзоланиши зарурлиги тўғрисида якдил бўлдилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон-Европа муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Турли даража ва шаклларда режалаштирилган тадбирлар, жумладан 2022 йил 17-18 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» шаклидаги вазирлар йиғилиши ва Барқарор ривожланиш учун «Глобал дарвоза» мавзусидаги ўзаро боғлиқлик бўйича халқаро конференциянинг ташкилий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, 2022 йил январь-сентябрь ойларида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро савдо ҳажми 3,13 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 фоизга ўсгани кузатилди. Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар муҳокама этилди.
Музокараларда минтақавий ва халқаро сиёсатнинг айрим масалалари ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.