Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон-Латвия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
К.Герхардс Латвия томони Ўзбекистонда жамиятнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Латвиянинг етакчи компанияларини жалб этган ҳолда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Латвия бозорига экспортини кўпайтириш, мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш орқали иқтисодий дипломатияни фаол илгари суриш юзасидан фикр алмашилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Органик деҳқончилик, уруғчилик тизимини ривожлантириш, техникаларни лаборатория синовидан ўтказиш ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини сертификатлаш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.
Учрашувда икки давлатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги алоқаларининг долзарб масалалари ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.