Болалигимдан денгизни яхши кўраман. Лекин она Ватанимни ундан кўпроқ севишимни кейин билдим. Ўзим орзу қилганимдек қирғоғи кўринмайдиган дарё бўйидаман. Сув жимирлаб кўнгилни сурурлантиради. Меҳмонхонанинг деразасидан Волга дарёси кўриниб туриши яна ҳам ёқимли.
Эрта тонгда туриб дарё бўйини айландим. Топ-тоза ҳаводан сипқориб нафас оларканман, Бахмал тоғларини қўмсаётганимни сезиб қолдим. Қоялар устида қишлоқни томоша қилиш, ота уйни топиш қанчалар мароқли!? Дунёбехабар коптокнинг ортидан чопишлар, хаёлан нинзяга айланишлар, камон ясаб ҳинд фильмларига тақлидан нишонга олишлар, футбол чоғи бехосдан жанжалларга сабаб бўлиш, қор ўйнаш, муз қоплаган қирда тойиш...
Кейин улғайиб қолдик. Тўғрироғи мажбур бўлдик. Болалик бизни тарк этаётганди. Кейин ўзим қишлоғимни тарк этишимга тўғри келди. Мусофир бўлиб юрганимга 20 йилдан ошибди. Ҳар гал уйга борсам ризқимиз сабаби бўлган беш панжали булоққа бориб, зиёрат қиламан. Зилол сувидан қониб-қониб ичаман. Қайтиб шу ерларга келганимга шукр қиламан.
Карантин бўлиб, уйдан чиқиш таъқиқланган, бошқалар ишга бормай турган бир паллада халқаро армия ўйинларини ёритиш учун Россия Федерациясига хизмат сафарига борадиган бўлдик. Самолёт қўзғалиб, замин булутлар ортидан кўрина бошлагандан кейин, тақдирнинг тақозасини англадим.
Ҳар бир инсоннинг яқинлари юрак ҳовучлаб қолганини яширишга ҳожат йўқ. Коронавирус хавфи, ҳамма бир-биридан ҳадиксираган. Самолётда жамланган ҳарбий хизматчиларни ягона мақсад – ғалаба билан қайтиш фикри бирлаштирарди.
У ерда бир оиладек бўлиб қолдик. Катталарнинг дашноми ҳам меҳрли. Бизни ўйлаб койишади. Икки-уч кун ўтмай яқинларни соғина бошладим. Ҳафтада бир гаплашиб, гаплашмайдиган қариндошларни ҳол-жонига қўймайман: ёзинглар, расм юборинглар...
Эрта туриб югуришга чиқамиз. Ўзбек йигит-қизларини кўрсак, севинамиз. Мусофитр юрган партадош синфдошим билан кўришдик. Бирга шаҳар айландик. Чойхонага кириб еган ошимиз юртдагидек ширин бўлмаса ҳам қадрли.
Саратов Москвадан самолётда бир соатлик йўл экан. Гапнинг индаллосида айтганимдек, меҳмонхона шундайгина Волга дарёсининг бўйида. Деразадан қайта-қайта ташқарига қарайман. Оролга ўтказувчи кўприк тунда яна ҳам чиройли кўринади. Тонгда одамлар бадантарбия билан шуғулланиб юрибди. Югургани қайси!?
Ҳар бир ҳужайрангизнинг нафас олаётганини ҳис қиласиз.
Шу аснода юрак бир энтикиб, туғилган манзилларни, яқинларни қўмсайди. Дунё қадамингга поёндоз бўлса ҳам кўзингга кўринмайди. Ватанга яқинлашишни ўйлашнинг ўзи ҳаяжонли. Энди кўпроқ қайтиш ҳақида суҳбатлаша бошладик.
— Хизмат сафарига бир ой кўп экан...
— Ўригидан данаги ширин, набирамни соғиндим.
Яқинларга совға-салом олиш мусобақага айланиб кетди, гўё. Ўзбекона меҳр тафтидан дилингиз яйрайди. Ватанни соғинасиз. Машиналар бисёр шаҳар, чеку чегарасиз ўрмонлар, жилваланган дарёлар ўзига жалб қилмай қўяди. Бахмалимга бориб, зилол чашманинг муздеккина сувидан бир пиёлагина ичишни қўмсайман.
Халқаро армия ўйинлари иштирокчилари 32 та иштирокчи мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни эгаллади. Сафар поёнига етиб, самолёт Тошкент халқаро аэропортига қўниши билан ўтирганлар хурсандчилигидан қарсак чалиб юборди. Чарчоқлар унутилди. Она Ватан ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдик.
Азиз НОРҚУЛОВ