Дубай шаҳрида 2–13 декабрь кунлари бўлиб ўтган IBA эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 60 кг вазн тоифасидаги финал жанги юзасидан ўтказилган қўшимча ўрганишлар натижасида баҳс якуни ўзгаришсиз қолдирилди.
Маълум қилинишича, баҳсли ҳолат жангнинг учинчи раунди охирида, тахминан 50 сония қолганда содир бўлган. Яқин масофадаги клинч пайтида Россия терма жамоаси аъзоси Всеволод Шумковнинг оғзи Ўзбекистон вакили Абдумалик Холоковнинг қулоғига тегиб кетган.
Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур ҳолат тасодифий бўлган ва жанг жараёнига таъсир кўрсатмаган. Рефери вазиятни тўлиқ назорат қилган ва уни тўхтатиш учун асос кўрмаган. Видеоёзувлар таҳлили ҳам жанг ўз маромида давом этганини, Холоковда ноқулайлик ёки эътироз кузатилмаганини тасдиқлади.
Қайд этилишича, IBA қоидаларига мувофиқ, бундай контактга йўл қўйилмайди. Бироқ ҳар бир ҳолат унинг оғирлиги, қасддан қилинган-қилинмагани ҳамда жангга таъсири нуқтаи назаридан жойида баҳоланади. Ушбу ҳолат бўйича мусобақа якунлангунига қадар Ўзбекистон делегацияси томонидан расмий апелляция киритилмаган.
Шу сабабли, мусобақа натижаларини ўзгартириш ёки медаллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Айни пайтда, шаффофликни таъминлаш мақсадида мазкур ҳолат Бокс бўйича мустақил инсоф ва ҳалоллик бўлими (BIIU) томонидан ўрганиб чиқилади. Агар қоидабузарлик аниқланса, спортчига нисбатан молиявий жарима қўлланилиши мумкин.
IBA бош котиби ва бош директори Крис Робертс OBE таъкидлашича, мусобақаларда холислик ва спорт этикаси устувор бўлиб, ҳар қандай ҳолатда спортчилар манфаатлари биринчи ўринда туради.