Ахборот технологияларининг жадал ривожланиши жамиятда кечаётган жараёнларга ижобий таъсир кўрсатиб, ислоҳотлар самарадорлигини оширади. Аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилади, янгидан-янги имкониятлар эшигини очади. Шу нуқтаи назардан, бугун “электрон ҳукумат” деган тушунча кундалик турмушимиздан чуқур ўрин эгалламоқда. Юртдошларимизнинг ҳаммаси ҳам бу ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса-да, вақт ўтиши билан ушбу тизим жамият ҳаётининг барча жабҳасини қамраб олишини дунё тажрибаси кўрсатяпти.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, экспорт-импорт операциялари бўйича рухсат берувчи ҳужжатларни бирхиллаштириш давом эттирилмоқда. Давлат органлари ходимлари ва аҳолининг интернетдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда компьютер саводхонлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Азалдан давлатнинг бошқа давлатлар билан ёки фуқаролар ва давлат ўртасида ахборот, маълумот алмашиш, бир-бири билан ўзаро ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муносабатларга киришиш муайян тартиб-қоидалар асосида амалга оширилган. Йиллар давомида бу тизим такомиллашиб, ривожлана борган. Замон тараққиёти ва янги технологик имкониятлар пайдо бўлиши бу тизимнинг ҳам кўриниши ва фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, ахборот технологиялари ривожи, интернет тармоғидан фойдаланишнинг глобал кенгайиши рақамли технологияларни қўллашни кенгайтирмоқда.

Давлат бошқаруви ва ҳокимият тизимида ҳам ахборот технологияларини қўллаш зарурати унинг имкониятларидан ҳукумат даражасида фойдаланишни тақозо этмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиш билан бирга бу борада аниқ тартиб-қоидаларни белгилаб олиш ҳамда унга амал қилиш кўзланган мақсадларга эришишнинг самарадорлигини оширади.

Электрон ҳукумат тизими давлатнинг халқ билан ўзаро боғлиқлигини ҳам назарда тутади. Фуқаролар янги тизим орқали ҳукуматга мурожаатларини ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиб тақдим қилиши мумкин.

Умуман олганда, электрон ҳукумат аҳолига, тадбиркорларга ва давлат органларига кўрсатилаётган давлат хизматларини тақдим қилишни қулайлаштиради. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши учун қўшимча имкониятлар яратади, уларнинг технологик янгиликлардан хабардорлигини оширади ва давлат бошқарувидаги иштирокини осонлаштиради. Унинг якуний мақсади интерактив хизматларини тақдим этишнинг имкониятларини янада яхшилайдиган мукаммал электрон давлат бошқарув аппаратини яратишдан иборат.

Бу орқали ҳужжатлар ва маълумотлар алмашинуви тезлашишига, уларни назорат қилиб туриш имконияти пайдо бўлишига, ортиқча харажатлар ҳамда оворагарчиликлар келиб чиқишининг олдини олишга эришилади.

Мамлакатимизда электрон ҳукумат тизими муайян босқичларда жорий қилинди. 2013 йилнинг 1 июлида республикамизда электрон ҳукумат тизимининг энг муҳим воситаларидан бири бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди. Ягона порталнинг шиори “Хизматлар янги қиёфада” деб номланиб, унинг маъноси реал вақт режимида фойдаланувчилар учун интерактив давлат хизматларини ягона нуқта орқали тақдим этишни англатади.

Ҳозир фойдаланувчилар ягона портал орқали бир қатор хизматлардан масофадан туриб фойдаланиши мумкин. Бугунги кунда портал орқали фойдаланувчиларга кўрсатилаётган хизматларнинг сони янада ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш ва давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериш тартиби жорий қилинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, электрон ҳукуматнинг ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестрини юритиш, ягона идентификаторлар, маълумотномалар ва таснифлагичлар рўйхатларини шакллантириш, маълумотларни бошқариш ахборот тизимини жорий қилиш орқали электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартибини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 июлдаги “Электрон ҳукумат тизимини янада ривожлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериши тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериш тартиби жорий этилди. Бу ҳам, ўз навбатида, халқ билан мулоқотнинг замонавий ва самарали механизми бўлиб ҳисобланади.

Давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиш ва ахборот олиш фуқароларнинг энг асосий конституцион ҳуқуқларидан бўлиб, улар инсон манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг муҳим омилларидан саналади. Миллий қонунчилик билан бунинг мустаҳкамлаб қўйилгани ҳам алоҳида эътирофга сазовор. Бу йўналишдаги ишлар ва уларнинг ижроси бўйича назорат изчиллик билан давом эттириб борилмоқда.

Х.ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

Божхона институти катта ўқитувчиси