Халқ таълими вазири томонидан тизимида охирги йилларда ижобий ўзгаришлар бўлиб, таълим сифатини кўтариш, ўқитувчиларни жамиятдаги мавқеини ошириш, мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш йўналишларида катта ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Жумладан, 2020 йилда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 23 фоизи бу йилги мактаб битирувчилари бўлиб, улар давлат гранти квотасининг 50 фоизини (2019 йилда – 30 %) эгаллади.

Умуман битирувчиси олий таълим муассасаларига кирмаган мактаблар сони 3 бараварга (2019 йилда - 2126 та, 2020 йилда - 692 та) камайди. Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синфларда 12 та йўналиш бўйича вариатив ўқув режалар жорий қилинди.

Сўнгги йилларда тизимдаги педагог-кадрларнинг сифат таркиби яхшиланди. Хусусан, олий тоифали ўқитувчилар сони 9,4 %га, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 6%га ошган.

Йиғилишда таълимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатларида қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Халқ таълими вазирлиги бир қатор вазифалар белгилаб олингани қайд этилди.

Малакали педагог, илмий ходимлар, психолог ва хорижий экспертларни (шу жумладан, Финляндиянинг малакали мутахассисларини) жалб қилган ҳолда Миллий ўқув дастури ишлаб чиқиш ва 2021-2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида жорий этиш.

Таълим сифати паст мактабларда таълим сифатини ошириш ва ижобий тажрибани кенг тарқатиш мақсадида педагог-ўқитувчиларни муддатли шартнома асосида бошқа туман ва вилоятларга меҳнат фаолиятини олиб бориш учун юбориш, бунда малакали ўқитувчилар танлов асосида танлаб олиниб, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилганлиги қайд этилди.

Халқ таълими вазири келгусида тизимда амалга ошириладиган ислоҳотларни самарали ташкил этишда Олий мажлис Сенатининг ёрдами зарурлигини қайд этди.

Жумладан, умумтаълим муассасаларига жонкуяр, масъулиятли раҳбарларни тайинлашнинг шаффоф ва адолатли тизмини яратиш, маҳаллий ҳокимликлар томонидан мактабларда таълим олиш учун шароитлар яратилишига қўшимча маблағлар жалб этиш, жумладан иситиш тизимларини таъмирлаш, қўшимча жиҳозлаш ва бошқаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.