ССВ Матбуот хизмати шу ҳақдаги саволларга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаевадан жавоб олди.

— Дунёнинг бир неча давлатларида тарқалган коронавируснинг янги штамми сабаб юртимиз қатор давлатлар билан халқаро авиақатновларни вақтинча тўхтатганди. Ушбу чеклов яна 1 февралгача узайтирилди. Бу қарорнинг қабул қилинишига қандай омиллар сабаб бўлган, сизнингча?

— Ҳозирда коронавируснинг “британча” штамми кундан кунга кўплаб давлатларда аниқланмоқда ва тезлик билан тарқалмоқда. Бу қарор эса, мазкур янги штаммнинг мамлакатимиз ичкарисида кириб келишининг олдини олишга ёрдам беради.

Авиақатновларга қўйилган чекловлар айнан шу янги штамм кўпроқ қайд этилаётган мамлакатларга нисбатан амалга оширилмоқда. Аслида, бу жуда муҳим қадам, шу йўл билан коронавируснинг янги штамми юртимизга кириб келиши ҳамда аҳолимиз орасида тарқалишини олдини олишга ҳисса қўшилади.

— Ушбу қарорда қайд этилмаган мамлакатлар билан авиақатновлар ва фуқароларнинг кириб-чиқиш тартиблари қандай бўлади?

— Айни пайтда қайси мамлакатдан бўлмасин, авиақатновлар орқали барча кириб келаётган фуқаролар коронавирус инфекциясини аниқлаш мақсадида аэропортларда ПЗР ёки экспресс-тест усулида текширувдан ўтмоқда. Тест натижаси мусбат чиққанлар тўғридан-тўғри махсус шифохоналарга даволаниш учун юборилади, улар билан контактда бўлганлар ҳам назоратга олиниб алоҳидаланади.

Коронавируснинг янги штамми бошқа давлатларда ҳам хавфли даражада ўсиб кетса, Республика махсус комиссияси томонидан улар билан ҳам авиақатновларга чекловлар белгилаш кўриб чиқилади. Бу тадбирлардан мақсад юртимизда коронавирус инфекциясининг янги тўлқини кириб келишининг олдини олишдир.

Шу боис, қайси давлатларда бу янги штамм билан боғлиқ касалланишлар сони кўпайиб борса, юртимизга кириб-чиқиш тартибига асосан авиақатновларга қатъий чекловлар киритилади ва чегаралар ёпилиши назарда тутилади.

— Коронавирус инфекциясининг янги штамми олдинги коронавирусдан қандай фарқланади. Ундан ҳимояланиш учун нималар талаб этилади?

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, “COVID-19”нинг янги штаммининг клиник аломатлари ва кечуви мавжуд коронавирус инфекциясидан фарқланмайди, шунингдек, касаллик кечувини оғирлаштирмайди.

Лекин шуни унутмаслигимиз керакки, янги штамм болалар, ўсмирлар ва ўрта ёшли аҳоли орасида кўпроқ ва тезроқ тарқалмоқда. Бу эса ўз ўрнида барчамиздан доимий равишда огоҳ бўлишни, карантин ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишларни талаб этади.

Аҳолимиз коронавирус инфекцияси тарқалган дастлабки кунларидаги каби ниқобларни тақиши, ижтимоий масофани сақлаши ва қўлларни совунлаб ювиши ёки антисептик воситалар билан ишлов бериши жуда ҳам муҳимдир.

Соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соғлом ва тўғри овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш ва шахсий гигиенага риоя қилиш билан инсон коронавирус инфекциясидан ўзини ҳимоя қилишга харакат қилади.

— Мамлакатимизда авиақатновларга ўрнатилган чекловлар қай ҳолларда бекор қилинади?

— Авиақатновларга ўрнатилган чекловлар бекор қилиниши учун, айнан шу давлатда коронавирус инфекциясининг янги штамми тарқалиши чекланиши ва касаллик назоратга олиниши керак.

Лекин кўриб турибмизки, афсуски, қатор давлатларда коронавирус жадал тарқалмоқда, шу боис чеклов белгиланган давлатларда коронавирус инфекцияси бўйича ҳолат меъёрлашмагунига қадар эҳтиётсизлик қила олмаймиз.

Бундай тартиблар юртдошларимиз ҳаётини муҳофаза қилади ва мамлакатимиздаги пандемик вазиятни назоратда тутишга ҳисса қўшади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.