— Тўрт ярим соат давом этган учрашувда Шавкат Мирзиёев ҳар биримиз билан алоҳида суҳбатлашди. Таклиф ва мулоҳазаларимизни тинглади, зарур маслаҳат ва тавсияларини берди.

Мен Питтсбург давлат университети магистрантиман. Ишлаб чиқариш соҳасида илмий иш қиляпман. Ҳозир дунёда технология ривожланиб, саноат роботи ишлаб чиқариш жараёнларига кириб келганидан кейин жуда кўп давлатларда айнан ишлаб чиқариш соҳасида ишсизлик даражаси ошиб бормоқда. Тадқиқотлар натижасида энг юқори ишсизлик кўрсаткичи ўрта ва қуйи қатламда, яъни билим ва кўникмага эга бўлмаган ходимлар ўртасида кузатиляпти.

Шу боис, мен учрашувда “Эл- юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари таҳсили давомида чет элдаги нуфузли университет ёки турли компанияларда фаолият юритиши, икки йил давомида талаба у ерда ўрганган билим ва кўникмаларини кейинроқ Ўзбекистонда татбиқ этишига имконият яратилиши таклифини билдирдим.

Шунингдек, чет элнинг нуфузли университетларида муҳандислик ва технологиялар бўйича ўқитилаётган янги методикалар, янги фанларни Ўзбекистон таълим муассасаларида татбиқ этиш, бу орқали саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида инсон капитали сифатини ошириш ҳақида фикрлашдик.

Бунда “Эл-юрт умиди” стипендиатлари кўприк вазифасини бажаришини айтиб ўтмоқчиман. Юртимиздаги ўзгаришларда жамғарма стипендиатлари фаол қатнашиши, халқаро ғояларни Ўзбекистон таълим тизими билан интеграция  қилган ҳолда амалиётга татбиқ этиши мумкин.

Бу фикрларимизни қўллаб-қувватлаган давлатимиз раҳбарининг “Мен ёшларга ишонаман, улар бу ишончни оқлайди. Ўзбекистон келажаги бўлган бу ёшлар ўқиб, тажриба орттириб, яқин йиллар ичида мамлакатимизни илғор давлатлар қаторига қўшади” мазмунидаги фикрлари бизга янада қанот бўлди. Учрашувда ватандошлар, нуфузли Гарвард, Стенфорд, Колумбия университетларида ўқиётган ўзбек ёшлари ҳам сўзга чиқиб, таклифларини билдирди. Бу суҳбат барчамизга катта мамнуният бағишлади, энг муҳими, келажакка ишончимизни орттирди.

Мен Ўзбекистон фуқароси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида Президентимизнинг ёнида туриб, мамлакатимиз яқин келажакда энг илғор давлатлар қаторига кириши йўлида бор куч-ғайратимни аямайман.