Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида бу каби халқаро тадбирларнинг ўтказилиши анъанага айланиб бормоқда.

Тадбир меҳнат муносабатларини, биринчи навбатда, муносиб меҳнат тамойилларини такомиллаштириш жараёнларида халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда янги таклиф ва ғояларни ишлаб чиқишда салмоқли ҳисса қўшди.

Юқори даражада ўтказилган ушбу халқаро тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер, унинг ўринбосари Х.Коллер, БМТ, ЕТТБ, Европа иттифоқи ва қатор халқаро ташкилотлардан 100 га яқин мутахассислар ва экспертлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек Олий Мажлис палаталари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган долзарб масалалар, яъни аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб ишга эга бўлиш ва меҳнат шароитларини яратиш ҳамда бу соҳада мамлакатнинг салоҳиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари халқаро конференциянинг муҳимлигидан далолат бериб турибди.

Тошкент форуми, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурган таклиф ва ташаббусларининг амалий ифодаси бўлди.

Хусусан, Давлатимиз Раҳбари БМТнинг юксак минбаридан туриб, 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган «ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик» тамойили асосида амалга оширилишини таъкидлаган эди.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар сингари, меҳнат муносабатлари тизимида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлгани, соҳага институционал, ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик, норма ижодкорлиги ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли тизимли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Таъкидланганидек, тадбирнинг долзарблиги сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари тизимида амалга оширилган ва эришилган натижалар билан ҳам боғлиқ. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар, соҳага бозор тамойилларининг кенг татбиқ этилиши, меҳнат қонунчилиги устидан самарали назорат ва мустақил мониторингнинг амалга оширилиши пахтачилик соҳасида тизимли мажбурий меҳнат ҳолатларининг тўлиқ бартараф этишга хизмат қилди.

Бундай натижага эришишда Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёев бошчилигида мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва пахтачилик тармоғини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар асосий омил бўлганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларининг амалиётга татбиқ этилишида 2019 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда самарали фаолият юритаётган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий ва ҳудудий комиссиялари аъзолари ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётганлиги қайд этилди.

Мазкур йўналишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро миграция ташкилоти, Жаҳон Банки, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги, «Cotton Campaign» халқаро коалицияси каби ташкилотлар томонидан билдирилган таклифларни амалиётга жорий этиш бўйича «Йўл хариталари» ишлаб чиқилди ва ижроси таъминланди.

Ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институтининг таъсис этилганлиги соҳада амалга оширилаётган ишларни, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қатор таклифларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этишда Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик ўрнатилганлиги, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан 2014-2016 йилларга мўлжалланган ва кейинчалик 2020 йилга қадар узайтирилган Ўзбекистонда муносиб меҳнат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг тўлиқ ижроси таъминланганлиги, ушбу ҳамкорликни изчил давом эттириш мақсадида 2021 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури қабул қилинганлиги томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Мазкур дастурда асосий эътибор муносиб меҳнат шароитларини яратиш, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш каби масалаларга қаратилганлиги алоҳида эътироф этилди.

Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги Мамлакат дастури БМТнинг Ўзбекистон учун барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида ҳамкорлик дастурига тўлиқ мос келади ва Ўзбекистон дунёдаги бундай дастурни қабул қилган биринчи мамлакат ҳисобланади, – деди Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Г.Райдер.

Янги Мамлакат дастурининг қабул қилиниши ўзаро манфаатли муносабатларимизнинг натижаси бўлиб, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди, – деб таъкидлади Халқаро меҳнат ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер.

Шу билан бирга, муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа халқаро иштирокчилар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистон эришган ютуқлар, айниқса, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланди ҳамда меҳнат муносабатлари тизими жаҳон андозаси даражасида эканлиги эътироф этилди.

Тадбирда ижтимоий ҳимоя, бандлик соҳасида самарали давлат бошқаруви, меҳнат соҳасидаги ижтимоий мулоқот мавзуларига бағишланган сессия йиғилишларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Иш берувчилар Конфедерацияси, Молия вазирлиги ҳамда қатор халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакилларининг фикрлари эшитилди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда муносиб меҳнат тамойилларини янада ривожлантириш юзасидан янги лойиҳалар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.