IAU вакиллари Британия Кенгаши делегацияси учун ўтказган университет бўйлаб саёҳатдан сўнг томонлар Халқаро қишлоқ хўжалиги университетида IELTS тест марказини яратиш ва ишга тушириш жараёни тафсилотларини муҳокама қилди.
IAU номидан битимни Операциялар бўйича проректор доктор Славомир Вроблевский ва Британия Кенгаши номидан Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори Денис Уэдингем хоним имзолади.
Мазкур келишув Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ҳамкорлигини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлди. IAU қошидаги IELTS имтиҳон марказининг очилиши Ўзбекистондаги талабалар ва мутахассисларга халқаро миқёсда тан олинган инглиз тили имтиҳонини топшириш учун қулайлик яратади, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Доктор Славомир Вроблевский, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг операциялар бўйича проректори:
— Ҳозирда университетимиз учун IELTS имтиҳон марказининг очилиши стратегик жиҳатдан муҳим босқичдир. Зеро, марказ, энг аввало, бўлажак ўқувчиларимизни инглиз тилидан сифатли тест синовларидан ўтишлари, хорижда ўқиш ва ишлашга тайёрлашга ёрдам беради.
Денис Уоддингем хоним, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги директори:
— Умид қиламизки, марказ нафақат талабаларга, балки халқаро миқёсдаги таълим ва иш билан таъминланмоқчи бўлган турли ёшдаги барча мутахассисларга ёрдам беради.
Маълумот учун: Британия Кенгаши Буюк Британиянинг маданий алоқалар ва таълимни ривожлантириш бўйича халқаро ташкилоти бўлиб, у турли мамлакатларда инглиз тилини синовдан ўтказиш бўйича ҳам жаҳон етакчиси ҳисобланади.