Қувонарлиси, дунёнинг энг нуфузли халқаро экспертлари ва “IARC” Ҳакамлар қўмитаси хулосасига кўра, Фарғона давлат университети ректори, профессор -  Баҳодиржон Шермуҳаммадов бошқарувга инновацион ёндашув, сифатли таълим ва замонавий таълим технологияларининг жорий этилиши, илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштирилиши, университетнинг ўқув-технологик жиҳозлари сифат даражаси, талабаларнинг ижодий ва спорт соҳасидаги юқори салоҳияти, жамоада корпоратив маданиятни шакллантирилиши бўйича - Халқаро Ютуқлар Тадқиқот Марказининг (IARC “Йил ректори – 2023” танлови  рейтингда юқори  кўрсаткичлар билан ғолиб деб топилди.

Шунингдек, Фарғона давлат университети - стратегик, корпоратив ва индивидуал ривожланиш даражаси бўйича Халқаро Ютуқлар Тадқиқот Маркази (IARC) рейтингида “Йил университети – 2023” номинацияси бўйича ғолиб деб эълон қилинди.

Ушбу халқаро тадқиқот маркази директори -  доктор Майкл Финнен томонидан йўлланган табрик хатига кўра, ФарДУ ректорига Халқаро Ютуқлар Тадқиқот Маркази  - IARC расмий веб-сайтининг “Халқаро трибуна” бўлимида ўз илмий мақолаларини (https://achievementscenter.com/iarc-events/academic-honor-society/international-tribune/about-international-tribune) эркин жойлаштириш ҳамда “Йил ректори – 2023” брендидан абадий фойдаланиш халқаро ҳуқуқи берилганлиги маълум қилинган.

Қайд этиш керакки, жорий йилги рейтингдан 3 нафар ғолиб ректорлар -  Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари университети ректори, профессор  - Галеб Али Алҳадрами Албреики, Намибия фан ва технология университети ректори (PhD)  - Эролд Ролд Наомаб ўрин олган.

Ушбу халқаро танловнинг мақсади -  олий таълим муассасаларини йиллар давомида эришган халқаро ютуқларини жаҳон ҳамжамиятига кенг намойиш этишга қаратилган. Бунда маҳаллий, минтақавий ёки халқаро миқёсда жаҳон андозалари даражасидаги муассаса бўлиш учун катта салоҳият ва ижодкорликни намоён этган ҳамда илм-фанга салмоқли ҳисса қўшган инновацион олий таълим муассасалари жамоатчилик томонидан эътироф этилади ва тақдирланади.