Инсоният учун синовли келган 2020 йил якунида хаёлимиздан шундай ўйлар кечар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида матонатли халқимиз эришган ютуқлар бир-бир кўз олдимиздан ўта бошлайди.
Бу ҳақда сўз борганида, аввало, юртдошларимиз давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини интиқ кутишини айтиш ўринли. Бу бежиз эмас. Зеро, ҳар биримиз йиллик фаолиятимизни, режаларимизни, ҳаёт тарзимизни шу Мурожаатнома асосида белгилаб оламиз.
Куни кеча Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномаси тақдим этилди. Унда 2020 йилда бажарилган ишлар таҳлил қилиниб, 2021 йил учун устувор вазифалар белгиланди. Поёнига етаётган йилимиз аввалида ҳам анъанага айланган Мурожаатнома йўлланган эди. 2020 йил қанчалик синовли, оғир келган бўлмасин, ютуқларимиз кўплиги барчамизни қувонтиради, албатта.
Ипни ипга қўшсанг, арқон бўлар
Давлатимиз раҳбари 2020 йил бошида Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида “Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”, деган эди. Бугун ўзимиз ҳам, дунё халқлари ҳам Ўзбекистондаги хайрли ўзгаришлар гувоҳи бўлиб турибмиз. Гапни қайси соҳадан бошламайлик, барча жабҳада халқчил тизим яратилгани барчамизга кундек равшан.
Айрим мисолларни санаб ўтсак. Мамлакатимизда валюта бозори эркинлашганига 3 йилдан ошди. Ўзбекистонда валютани эркин айирбошлаш йўлга қўйилибди, деган хабар тарқалганида кўпчилик ишончсизлик билдиргани ҳам бор гап. Чунки узоқ йиллар юртимизда валюта сиёсати либераллашмаган, аҳоли “қорабозордан бозор қилиш”га ўрганган, бошқа иложи ҳам йўқ эди. Банклар долларни арзон сотиб олар, фуқароларга деярли сотмасди. Бугун эса иқтисодиётимизни, умуман, ҳаётимизнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини камайтиришга киришдик.
Яна бир иқтисодий ислоҳот борки, у халқимиз ҳаётига “тоза ҳаво” олиб кирди. Тўрт йил олдин банк пластик карточкамизга тушган пулни нақдлаштириш учун сарсон юрганларимиз эсингиздами?! Пластикда пул бўлса-ю бозор қилолмасангиз, транспортда юролмасангиз, ошхоналарда овқатланишга қимтиниб турсангиз... Шу кунлар ҳам ортда қолди. Ҳозир вазият қандай эканини изоҳлаш ортиқча, бу борада барча муаммолар ечилди.
Гапни ўтаётган йилимиз сарҳисоби ҳақида бошлаб, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгараётгани ҳақидаги ўзанга бурдик. Аслида мамлакатимизда ҳаёт манзаралари йилдан-йил яшнаб бормоқда. Бу ҳақда узоқ ва мароқ билан гапириш мумкин. Шу боис, биргина Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида эришган ютуқларимиз, синовли кунларимиз ҳикмати ҳақида ўртоқлашсак.
Фарзандларимиз, ёшларимиз — буюк келажагимиз, дейишни канда қилмадик, лекин уларнинг соғлиғи, таълим-тарбияси, маънавий камолига беэътибор бўлдик. Боғчалар қурилмади, мактаб таълимига беписанд қарадик, ўқитувчи-мураббийларни “зўр бериб” ҳурматсизлантирдик, кўча супуришгача мажбурладик. Шу тариқа келажагимизни, мамлакатимизни жар ёқасига судраб кетаётганимизни, минг афсуски, билмадик ёки кўз юмдик.
Бу кунлар ҳам тарихга айланди. Президентимиз 2020 йил бошидаги Мурожаатномасида болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражасини 60 фоизга етказиш вазифасини қўйган эди. Шунга эришдик, яъни бу кўрсаткич ўтган 4 йилда 2 баробар ортиб, мўлжалдаги фоизга етди. Нафақат етди, балки боғчалар, умуман, таълим-тарбия муассасалари сони ва сифати ошди, фаолияти тубдан ўзгарди. Жамиятда ўқитувчи нуфузи тикланди. Бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда.
Давлатимиз раҳбари аввал бошданоқ иқтисодиёт соҳасида амалга ошириш зарур бўлган дастурий ва мақсадли вазифаларни белгилаб берган эди. 2020 йилда эса макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш бу ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Албатта, ютуқларимиз кўп бўлди. Улар ҳақида гапиришдан олдин эса ҳамон дунёни ларзага солиб турган коронавирус пандемияси билан боғлиқ манзараларга тўхталиш ўринли.
Инсоният ғоят синовли йилни яшаб ўтди. Коронавирус энг ривожланган, қудратли давлатларни ҳам шошириб қўйгани айни ҳақиқат. Миллионлаб одамлар бу касалликни юқтириб олди, минг-минглаб кишилар ҳалок бўлди, иқтисодиётга жиддий зарар етди, ишсизлар сони кескин ошди.
Мамлакатимизга коронавирус инфекцияси кириб келган дастлабки кунларни яхши эслаймиз. Юртдошларимиз таҳликага тушиб, ваҳимага берилиш ҳолатлари кузатилди. Озиқ-овқат нархи кескин ошармиш, тақчиллик бўлармиш қабилидаги асоссиз миш-мишлар урчиди. Бундай вазиятда оқилона, узоқни кўзлаб, энг мақбул қарор қабул қилиш фуқаролар тақдирини, мамлакат келажагини белгилаши аниқ эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шундай истиқболли йўлни танлади. Донишманд халқимиз ҳам оғир кунларда бирлашди, ҳамжиҳатлигини, меҳр-оқибатли, саховатли эканини намоён этди.
Албатта, ҳеч кимга осон бўлмади, лекин саноқли давлатлар қаторида бу синовларни енгиб ўтаётганимиз бизга куч-қувват бағишлаяпти. Таъкидлаш жоизки, шундай оғир кунларда ҳам давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик сиёсати туфайли хориждан 600 мингдан ортиқ ватандошимиз юртга олиб келинди. Чет элда қийин аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди. “Меҳр-3” инсонпарварлик операцияси доирасида Сурия давлатидан 98 юртдошимиз, асосан, аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди. Бу ҳамюртларимиз бугун Ўзбекистондек тафтли давлат ҳимоясида, шу юртнинг фуқароси бўлганидан фахрланиб яшаётган бўлса, не ажаб.
2020 йилдаги иқтисодий ислоҳотларнинг сарҳисобига қайтсак, пандемия аввалида бошланган хавотирлар асоссиз эканига яна ишонамиз.
Аввало, еврооблигациялар ҳақида. Экспертлар мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига чиқиш имкониятлари тобора яхшиланиб бораётгани ҳақида айтмоқда. Бунда еврооблигациялар муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз топшириғи асосида биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати 1 миллиард долларга тенг қийматли суверен еврооблигацияларни 2019 йил февралда Лондон фонд биржасига жойлаштирган эди. 2020 йил 20 ноябрь куни эса иккинчи марта 10 йиллик муддат билан 555 миллион АҚШ доллари ва 3 йиллик муддатга 2 триллион сўмлик еврооблигациялар муомалага киритилди. Бу билан Ўзбекистон қимматли қоғозлар ва қоғоз пул чиқариш ҳуқуқига эга бўлган давлат сифатида дунёга очилди, инвестицион лойиҳаларни молиялаш, барқарор иқтисодий сиёсат юритиш учун замин яратилди.
Оғир пандемия шароити бўлишига қарамай, 2020 йилда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар, инфратузилма объектлари барпо этилди. Яқинда иш бошлаган Тошкент металлургия заводининг ўзида 700 га яқин юртдошимиз меҳнат қилади. Турдош тармоқлар билан ҳисоблаганда эса 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин. Бу заводда йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади.
Тошкент шаҳрида 2 та янги метро станцияси, ер усти метроси фойдаланишга топширилиши ҳам иқтисодий барқарорлигимиз тимсоли бўлди. Бу нафақат ҳамюртларимиз, балки чет элликларда ҳам ҳавас уйғотди. Пандемия шароити бўлишига қарамасдан юртимизда амалга оширилган бу каби қурилиш, бунёдкорлик ишлари
2020 йилдаги қудратимиз рамзи бўлиб қолиши шубҳасиз.
Янги ҳаёт — янги орзулар сари йўл
Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га — уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, яратган ҳам рози бўлади, деган эди Президентимиз 2020 йил учун тақдим этган Мурожаатномасида.
Мустақил ўтган 25 йил мобайнида Ўзбекистонда аҳоли учун бугунгидек арзон ва сифатли кўп қаватли уйлар қурилмагани гувоҳи бўлиб келдик. Аслида муқим бошпанасиз, ижарама-ижара сарсон, мудом хавотирда яшашнинг нақадар оғир эканини кейинги тўрт йилда қурилган файзли уйларда яшаётган юртдошларимиздан сўраш керак.
Бугун минглаб ана шундай оилалар “кичик ватанли” бўлди. Уларнинг қалби ёришди, ғуборлар кетди. Юрт учун, тараққиётимиз учун ёниб меҳнат қилмоқда, хавотирсиз яшамоқда.
Фуқаролик бериш тизимидаги ислоҳотларни ҳам эслайлик. Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган, хусусан, мамлакатимизда узоқ вақтдан буён яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси ҳуқуқий мақомига эга бўла олмаётган юртдошларимизнинг бу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича вазифаларни белгилаб берган эди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам бу масалага эътибор қаратилганди.
Таъкидлаш жоизки, 2016 йилга қадар 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга фуқаролик берилган бўлса, 2016 йил декабрь ойидан буён Президентимизнинг тегишли фармонлари билан 16 мингдан ортиқ юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлди.
1995 йилгача юртимизга кўчиб келганларга 2020 йилдан Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди. Бу билан юртимизда яшаб келаётган 50 минг нафардан ортиқ юртдошларимизга фуқаролик олиш имконияти яратилди.
Президентимиз 2021 йил учун тақдим этган Мурожаатномасида бу борадаги ишларни давом эттириш вазифасини қўйди. Эндиликда 2005 йилгача мамлакатимизга кириб келиб, доимий яшаётган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини бериш таклифи билдирилди. Бу ўзгариш билан 20 минг киши Ўзбекистон фуқароси бўлиш шарафига муяссар бўлади. Шунингдек, бундан буён юртимизда 15 йил давомида муқим яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий этилади.
Бу ислоҳотлар, биринчидан, Ўзбекистон бағрикенглик тамойили асосида ривожланаётгани далили бўлса, иккинчидан, ва энг муҳими, неча-неча йиллардан буён юртимизда фуқаролик олиш орзуси билан яшаб келаётган минглаб шахсларнинг янги ҳаётга умидини шуълалантиради. Қолаверса, узоқ йиллардан буён ватанимизда яшаб, фуқаролик ололмаган юртдошларимизнинг асосан Марказий Осиё давлатларидан келганини ҳисобга олсак, қўшниларимиз билан дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Президентимиз шунга уйқаш яна бир бағрикенглик, инсонпарварлик тамойилини бошлаб берди. Бу — билиб-билмай жиноят йўлига кирган фуқароларни афв этиш. Кечиримлилик намунасининг мамлакатимиздаги янги кўриниши ҳар бир шахс билан алоҳида ишлаш механизми жорий этилаётанидан далолат. Бу орқали вақтида адашиб, кейинчалик тузалиш йўлига ўтган, лекин жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган кўплаб фуқаролар, айниқса, аёллар ва ёшлар яна соғлом ҳаётга қайтмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг ўзида 616 нафар фуқаро афв этилди. Улар ўз ҳолига ташлаб қўйилмаяпти. Ҳар бири маҳалла, ички ишлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари эътиборида бўлиб, ишга жойлаштириш, ҳаётга мослашиши назоратга олинган.
Ёшлик завқи, саломатлик қуввати билан...
Давлатимиз раҳбари аввалги Мурожаатномаларида ҳам, ҳудудларга ташрифлари, аҳоли билан учрашувлари чоғида ҳам, йиғилишларда ҳам доим тилга оладиган, куюнчаклик билан тарғиб этадиган масала — бу, ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг соғлом камолоти, аҳолининг соғлиғини сақлаш муаммолари бўлиб келади.
Мамлакатимизда 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шу олий мақсадлар ҳикмати мужассам.
2020 йилда бу жабҳада мутлақо янги тизимлар иш бошлади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Шу ўринда рақамларга эътибор қаратамиз. Бу орқали 527 минг фуқаронинг бандлиги таъминланди. Боғчалар сони 14 мингдан ошди, янги мактаблар қурилди, янги олий ўқув юртлари очилди. Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари илк бор олий ўқув юртларига алоҳида квота асосида қабул қилинди.
Жойларда Президент ва ижод мактаблари фаолият бошлади. Уларда таҳсил олаётган иқтидорли йигит-қизларимиз бугун дунёга ўз сўзини айтмоқда.
Президентимизнинг яқинда Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ҳам бу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.
Ёшларни Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси сифатида юксак қадрлашини айтиб ўтди. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Фирдавс Абдуқаюмов, Темур Сулаймонов, Намангандаги мактабдан Мироншоҳ Иномжонов ва Азимжон Алижонов ҳамда бошқа кўплаб ўқувчилар муваффақиятларини эътироф этиб, уларнинг устозлари ва ота-онасига миннатдорлик билдиргани ҳам тенгдошларига фахр бағишлади.
Айтиш жоизки, айни форумда Президентимизнинг йигит-қизларимизга ишончи, уларни қўллаб-қувватлаш борасида билдирган фикрлари Ўзбекистон ёшлари ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Бу барчамизда “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди...” деган ҳавас уйғотди.
Пандемия сабоқлари асосида аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича ҳам самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бунинг учун катта миқдорда бюджет ва ҳомийлик маблағлари жалб этилди. Қишлоқ жойларда тиббий хизмат кўрсатиш тизими ислоҳотлари қўр олган. Тиббиёт ходимларини рағбатлантиришнинг янги механизми жорий этилди ва янада такомиллашмоқда.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги нуфузи ҳам юксалиб бормоқда. 2020 йилда Президентимиз илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббуслар хорижий давлатлар раҳбарлари, халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлагани бутун дунё ўзбеклари учун ҳам фахрли ҳодиса сифатида тарихга муҳрланди.
Бу сессияда давлатимиз раҳбари ёшлар, хотин-қизлар масалаларига доир таклифларни илгари сурди. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш, пандемия шароитида дунё мамлакатлари билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, глобал иқлим ўзгаришлари, камбағалликка қарши курашиш каби йўналишларда қатор таклиф ва ташаббусларни билдирди. Улар жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин маъқулланди.
Маълумки, Ўзбекистон 2020 йилда МДҲга раислик қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифани илк бор ўз зиммасига олди. Шавкат Мирзиёев раислигида 18 декабрь куни бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ўзбекистон етакчиси томонидан ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида илгари сурилган қатор таклифларга иштирокчи Президентлар илиқ фикрлар билдирди.
Янги йил остонасида турибмиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бу йилда ҳам катта марраларни кўзлаганмиз. Бу ёшлар сиёсати, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий йўналишдаги ишларни давом эттириш, маҳалла, суд-ҳуқуқ, мудофаа тизимини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, коррупцияга барҳам бериш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш каби энг муҳим йўналишларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Энг асосийси, пандемия шароитида барча йўналишда қандай ишлаш кераклиги бўйича яхши тажрибага эга бўлдик. Буёғига Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни аҳиллик, ҳамжиҳатликда, мақсадимиздан ҳеч оғишмай кўтаринки руҳда бажарсак кифоя.
Салим ДОНИЁРОВ