Ўзбекистон қадимдан илм-фан, маданият ва интеллектуал ўйинлар ривожланган замин сифатида дунёга машҳур. Ана шундай бой мерослардан бири шахматдир. У нафақат ўйин, балки инсон ақлини чархловчи, сабр-тоқат ва стратегик тафаккурни ривожлантирувчи спорт тури. Мамлакатимизда шахматга қизиқиш анча юқори, айниқса, ёшлар ўртасида. Умумтаълим муассасалари, спорт мактаблари ва клубларда шахмат тўгараклари фаолият юритмоқда. Бу эса келажакда янги чемпионлар етишиб чиқишига хизмат қилади.
Бугун ўзбек шахматчилари қатнашадиган ҳар қандай катта-кичик халқаро
мусобақада ким ғалаба қозонишини тахмин қилувчилар қийналмайди — зафар ёки
совринли ўрин эгаси, албатта, юртимиз вакиллари орасидан чиқяпти. Умуман,
мамлакатимиз спортида эришилаётган натижалар ҳақида гапирганда мутахассис ва
мураббийлар шошиб қолаётгани ҳам бор гап. Зеро, бугун ўзбек боксчилари дунёдаги
кучли рақибларнинг оёғини қалтирата бошлаганига анча бўлди. Қолаверса, энди
яккакураш, футбол ва бошқа кўплаб спорт турларида ҳам рақибларимиз анча ўйлаб,
баҳсга киришишга мажбур.
Боиси, сўнгги йилларда юртимизда спорт соҳасидаги ислоҳотлар ҳам авж
паллага кирди. Президентимиз ташаббуси ва давлат дастурларида белгиланган
мақсадли йўналишлар орқали спорт нафақат соғлом турмуш тарзини қарор
топтирадиган, балки мамлакатимиз нуфузини халқаро майдонларда юксалтирадиган
асосий воситага айланди.
Соҳада қилинаётган ишлар ёшларнинг тарбияси, жисмоний ва маънавий
камолотини таъминлашда улкан аҳамият касб этмоқда. Ислоҳотлар жараёнида асосий
эътибор “Соғлом авлод — соғлом келажак” тамойилига қаратилган. Зеро, кучли
давлат қуришнинг, жамиятда маънавий ва интеллектуал юксалишга эришишнинг
пойдевори соғлом ва баркамол авлоддир.
* * *
Шу боис, юртимизда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий
спорт мажмуаларини барпо этиш, оммавий спортни кенг тарғиб қилишга катта
эътибор қаратилаётир. 2017-2024 йиллардаги ислоҳотлар жараёнида спортни
ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар қабул қилинди. Бу, ўз навбатида,
аҳоли, айниқса, ёшларнинг спортга қизиқишини оширди ва қисқа муддатда самара бера
бошлади.
2024 йили Парижда ўтказилган олимпия ва паралимпия ўйинларида
спортчиларимиз чинакам жасорат кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади.
Ушбу зафарли юришнинг давоми сифатида ўтган йили ёшларимиз жаҳон
универсиадасида 13-ўринга, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия
Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида 2-ўринга муносиб кўрилди.
Ўғил-қизларимизнинг жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд
натижага эришгани юртимизнинг халқаро олимпия ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини
яққол кўрсатиб турибди.
Эътиборга молик яна бир жиҳат: Президентимизнинг 2025 йил 8 июлдаги
қарорига биноан, Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги олимпия ва паралимпия
ўйинларига тайёрлаш дастури қабул қилинди. Жараённи тизимли ташкил этиш
мақсадида Миллий олимпия қўмитасининг 14 та ҳудудий бўлими ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри
ҳокимлари олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Президентининг
махсус вакили этиб белгиланди. Ҳар бир ҳудудга Спорт вазирлиги ва Олимпия
қўмитасидан масъуллар бириктирилди.
Асосий вазифа юқори натижаларга эришиш учун доимий ва мустаҳкам замин
яратишдир. Шу мақсадда иқтидорли спортчиларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш
ва профессионал этиб тайёрлаш учун уч босқичли “Янги Ўзбекистон олимпия
чўққилари” мусобақаси йўлга қўйилди. Унинг финал босқичи ҳар йили Олимпия
шаҳарчасида Президент олимпиадаси сифатида ўтказилади. Ғолиб ва совриндор
спортчилар Олимпия марказларига жалб этилиб, профессионал тайёргарлик босқичига
киришади.
Футбол бўйича олимпия жамоамиз Париж-2024 олимпиадасида биринчи марта
иштирок этди. Тарихимизда илк бор миллий терма жамоамиз уч мамлакат — АҚШ, Канада
ва Мексика яшил майдонларида ўтадиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга
киритди. Ўзбекистон ўсмирлар (U17) терма жамоаси мураккаб, машаққатли ва
матонатли йўлни босиб ўтиб, ўз тарихида учинчи марта Осиё чемпионати финалига
чиқди ва қаҳрамонларча ғалаба қозонди. Улар Қатарда ўтган жаҳон биринчилигида
ҳам Осиё чемпиони сифатида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилди, номдор
жамоалардан нафақат қолишмаслигини, балки устун ҳам эканини исботлади.
Бундай ютуқларни қўлга киритишда эса спортчилар учун замонавий
шарт-шароитлар яратиш, уларнинг тайёргарлигини халқаро мезонлар асосида ташкил
этишнинг аҳамияти нақадар муҳим экани намоён бўлмоқда.
* * *
Яна шахматга қайтсак. Ёдингизда бўлса, ўтган йили давлатимиз раҳбари
Президент Олимпиадаси мусобақаларининг тантанали очилиш маросимида нутқ
сўзлаётган паллада дунё узра бир хушхабар тарқалди: “Ўзбек ўғлони Жавоҳир
Синдоров шахмат бўйича жаҳон кубоги ғолиби бўлди!”.
Жавоҳир Синдоров шу пайтгача FIDE жаҳон кубогини ютган энг ёш (19 ёш)
чемпион бўлиб тарихга кирди! Ҳиндистоннинг Гоа шаҳри мезбонлик қилган FIDE
жаҳон кубоги-2025 ғолиблиги Жавоҳирга айни пайтда Кипрда бўлиб ўтган номзодлар
турнирида иштирок этиш учун расмий йўлланмани ҳам тақдим қилди.
Ўшанда Президентимиз маросимдаги нутқини тўхтатиб, қувончли янгилик —
юртдошимизнинг ғалабасини эълон қилиб, чемпионни қутлаган эди.
— Ушбу буюк ғалаба билан чин дилдан табриклайман. Сен ўзбек ўғлони,
янги Ўзбекистон фарзанди нималарга қодир эканини дунёга кўрсата олдинг. Сендек
фарзандим борлиги билан фахрландим, халқимиз фахрланди. Илоҳим, ғолиблик йўли
бардавом бўлсин, — деди давлатимиз раҳбари маросимдан сўнг телефон орқали
чемпионни табриклаб.
Ўз навбатида, Жавоҳир Синдоров бу ғалаба келгусидаги янада улкан
зафарларнинг бошланиши эканига умид билдириб, жаҳон шахмат тожини Ватанимизга
олиб келишга ваъда берди. Яратилган имконият ва кўрсатилаётган эътибор учун Президентимизга
миннатдорлик изҳор этди.
Жавоҳир катта иштиёқ билан ваъдасини бажаришга киришган кўринади.
Бугун ўзбек ўғлони ушбу тож учун амалдаги жаҳон чемпиони билан яккама-якка
баҳсга киришишга ҳозир. Бундай имкониятга эга чиқиш учун эса ўта мураккаб, оғир
синовлардан ўтиб келмоқда. Халқаро гроссмейстер, жаҳон кубоги соҳиби Жавоҳир
Синдоров ушбу йўлдаги охирги, энг қийин босқич — 2026 йилги Номзодлар турнирида
муддатидан олдин ғолибликка эришиб, амалдаги шахмат тожи эгаси ҳиндистонлик
Гукеш Доммаражу билан дона суриш имкониятини қўлга киритди.
Мусобақа якунига бир тур қолганида асосий таъқибчиси — нидерландиялик
гроссмейстер Аниш Гири билан мураккаб қарама-қаршиликда дуранг натижа қайд этди
ҳамда 13 имкониятдан 9,5 очко жамғарди. Кипр мезбонлигида ўтган бу галги турнир
ўта юқори рақобат, кескин интеллектуал кураш ва тарихий натижалар билан ёдда
қолди. Мусобақа дунё рейтингидаги энг кучли 8 гроссмейстерни бир майдонда
жамлади. Ҳамюртимиз, жумладан, Аниш Гири, Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура,
Рамешбабу Праггнанандҳа каби кучли гроссмейстерларга қарши ишончли ўйнаб,
турнир тарихида кузатилмаган ноёб ҳолат — олти ғалабали партия билан рекорд
натижа қайд этди.
Шу тариқа у Номзодлар турнирида ғолиб чиққан ўзбекистонлик илк
шахматчи сифатида тарихга кирди. Унгача фақат 2004 йили FIDE бўйича (эски
форматда) жаҳон чемпиони бўлган Рустам Қосимжонов бундай катта ютуққа эришган
эди. Энди ўзбекистонлик ёш гроссмейстер амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик
Гукеш Доммаражу билан шахмат тожи учун баҳслашади. Шахмат тахтаси узра
кечадиган бу “жанг” 2026 йил охирида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Кипрдаги ғалабадан сўнг Жавоҳир фикрлари билан ўртоқлашди. Ёш шахматчи
турнир давомида Ўзбекистондаги мухлисларнинг меҳри ва эътиборини доим сезиб
турганини таъкидлади:
— Кеча оилавий мулоқот гуруҳимизга Тошкент кўчаларидаги мониторларда
акс этган суратимни юборишганида кўриб ҳайрон қолдим. Бутун Ўзбекистон турнирни
кузатаётганини ўшанда янада чуқур ҳис қилдим. Ҳар бир турда бу
қўллаб-қувватловни сезиб турдим. Бунинг учун барчага раҳмат айтаман, — деди
музаффар шахматчимиз.
Президентимиз 15 апрель куни Жавоҳир Синдоров билан телефон орқали
мулоқот қилди ва ёш гроссмейстеримизни Ўзбекистон шахмат тарихида биринчи марта
мазкур нуфузли мусобақада зафар қозониб, том маънодаги тарихий ғалабага эришгани
билан самимий табриклади.
Жавоҳир ушбу турнирда илгари ҳеч ким чиқа олмаган юксак маррани забт
этгани, 14 ўйинда 6 маротаба ғалаба қозонгани спорт оламида камдан-кам
учрайдиган ноёб ҳодиса экани алоҳида таъкидланди. У дунёнинг энг донгдор
шахматчиларига қарши ҳар бир баҳсда катта жасорат ва маҳорат билан дона суриб,
кучли иродаси, юксак интеллектуал салоҳияти ва қатъиятини намоён қилгани қайд
этилди.
Давлатимиз раҳбари энди Жавоҳир Синдоров олдида жаҳон тожи учун ҳал
қилувчи ва шарафли беллашув турганини таъкидлаб, бўлажак ўйинларда унга янада
улкан омад, куч-ғайрат ва янги зафарлар ҳамроҳлигига тилак билдирди. Жорий йил
Самарқанд шаҳрида ўтадиган 46-жаҳон шахмат олимпиадасида Жавоҳирнинг иштироки,
шубҳасиз, жамоамизга катта руҳ ва ишонч бағишлашини таъкидлади.
Айни пайтда эътибор туфайли шахмат майдонида Жавоҳир Синдоров ёлғиз
эмас, унинг қабатида “от сурадиган”, “фил ўйнатадиган” маҳоратли
йигит-қизларимиз талайгина. Сўнгги йилларда Жавоҳирдан бошқа Жаҳон шахмат
федерацияси (FIDE) рейтингларида номи зикр этиладиган, бизга қадрдон исмларга
эътибор беринг-а! Улар аллақачон шахмат тарихига кирган: Нодирбек Абдусатторов,
Муҳиддин Мадаминов, Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Нодирбек Ёқуббоев,
Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Гулруҳбегим Тоҳиржонова... Рўйхат узун.
Ундаги шахматчиларимиз 60 дан зиёд.
Шахматнинг ёш авлод вакилларидан Сарвиноз Бекмуродованинг жорий йил
январда эришган муваффақияти ҳам мутахассисларда катта умид уйғотмоқда. Ўзбек
қизи 12 ёшида FIDE аёллар ўртасида спорт устаси бўлди. Сарвиноз Ўзбекистон
шахмати тарихида бу даражага эришган энг ёш қиз сифатида эътироф этилади.
Мазкур тарихий ғалаба маънавий тараққиёт, Учинчи Ренессансга қўйилган
улкан пойдевордир. Янги Ўзбекистоннинг келажагини мана шундай йигит-қизлар
қуради. Сарвинознинг бу ютуғи миллионлаб ёшларни руҳлантириб, катта рағбат
беради. Келажакда шахмат билан шуғулланадиганлар сони кўпайиши, спортимиз
тарихи саҳифалари ёшларимизнинг катта интеллектуал тафаккури маҳсули бўлган
улкан ғалабалар билан бойиши шубҳасиз.
Ёшларга яратилаётган имкониятлар, халқаро майдондаги ютуқлар ва бой
тарихий илдизлар юртимизда ҳақли равишда нафақат шахмат, балки спортнинг қатор
турларини тараққий топтириш учун асос бўлмоқда. Зеро, халқимиз тийнатида
музаффарлик мужассам. Демак, бизга ғалабалар ярашади.
Нодир МАҲМУДОВ,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири