Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, аҳолининг талаб ва таклифларини ўрганиш, уларнинг дардларини тинглаш, муаммоларини имкон даражасида жойида ижобий ҳал қилиш масаласи бугун ҳар бир давлат органи вакили олдидаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Президентимизнинг шундай олий мақсад йўлидаги тегишли топшириқлари асосида Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Исламов, Бош прокурор ўринбосари-Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори генерал-майор Шухрат Узаков ҳамда вазирлик ва давлат идоралари раҳбар ходимларининг суд-ҳуқуқ масалалари бўйича навбатдаги оммавий сайёр қабуллари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Тошкент шаҳрида бошланди.

Жумладан, пойтахтимизнинг Сергели тумани ҳокимлигида бўлиб ўтаётган қабулда Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларидан ташриф буюрган аҳоли билан урашилиб, фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ва уларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. 

Қайд қилиш лозимки, оммавий сайёр қабулларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга, ногиронлиги бор фуқароларга реабилитация ускуналари ва моддий ёрдам бериш, ишлаш истагида бўлган аёллар ҳамда ёшларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. 

Жумладан, қабулда Сергели туманида яшовчи  4 нафар ногиронлиги мавжуд бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари тарқатилди.

Сайёр қабуллар жорий йилнинг 29 апрель куни Учтепа туманининг “Эко боғ” ҳудудида, 30 апрель куни Яшнобод  туманидаги “Кореа маданият маркази” ҳудудида ўтказилиши режалаштирилган.