– Мен сиёсий жараёнларда кўп бор иштирок этганман. Жумладан, Президент сайловларида кузатувчи сифатида қатнашганман. Бу каби сиёсий жараёнлар натижаси ҳар қандай давлат ривожланиши ва аҳоли ҳаётда муносиб яшашини таъминлаши билан аҳамиятлидир.

Мамлакатингизда бўлиб ўтган Президент сайловини кузатиб борар эканмиз, бизни, айниқса, муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик, сайлов куни фуқароларнинг фаоллиги, сайлов участкаларидаги байрамона кайфият хурсанд қилди. Халқингиз ўзи истаган номзодига кўтаринки кайфиятда овоз берди.

Қайси сайлов участкасига борманг, соя-салқин жойлар қилинган, сайловчилар учун қулай шароитлар яратилган. Овоз бериш учун ёши улуғ инсонларнинг ҳам келгани, ота-оналар фарзандларини қўлидан етаклаб, худди байрамга боргандек сайлов участкасига келиб овоз берганини кўриб, очиғи, ҳайратим ошди.

ҲЕЧ БИР ТАШКИЛИЙ ИШ ЭЪТИБОРИМИЗДАН ЧЕТДА ҚОЛГАНИ ЙЎҚ

Жакип АСАНОВ, халқаро кузатувчи (Қозоғистон):

– Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида МДҲга аъзо давлатлар парламентлари вакилларидан иборат кузатувчилар гуруҳи ҳам иштирок этмоқда. Бу ерда биринчи кун ишлаётганимиз йўқ. Бунга қадар Ўзбекистон сайлов қонунчилигининг халқаро меъёрлардаги демократик талабларга қанчалик мос эканини ўргандик. Бу борада ваколатли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишладик.

Бундан ташқари, муддатидан илгари овоз бериш жараёнларини ҳам кузатдик. Тан олиш керак, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов участкаларида катта ташкилий ишларни амалга оширгани гувоҳи бўлдик.

Сайлов куни эрта тонгдан сайлов участкаларида бўлиб, сиёсий жараённи бевосита кузатиб бордик. Ҳеч бир ташкилий иш эътиборимиздан четда қолгани йўқ. Сайлов қутилари шайлиги, яширин овоз бериш учун етарли овоз бериш кабиналари ҳозирланганига ҳам эътибор қаратдик.

Ишонамизки, халқингиз бугунги ва яқин истиқболдаги ҳаёти фаровонлиги, мамлакат тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган сиёсий қарорини қабул қилди.