Мулоқот чоғида Хитой компанияси вакилига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва икки давлат ўртасида мавжуд савдо алоқалари ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилгани баробаридаги сайёҳлик йўналишида ҳамкорлик, янги авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, туризм йўналишида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва Жанубий Хитойдан сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қиладиган «Гуанчжоу-Тошкент-Гуанчжоу» ва «Гуанчжоу-Самарқанд-Гуанчжоу» йўналишларида ҳаво қатновларини амалга ошириш таклифи билдирилди.
«China Southern Airlines» компанияси бош директорининг ўринбосари Сиао Ёнг компания ҳозирги кунда «Урумчи-Тошкент-Урумчи» йўналишида парвозларни йўлга қўйганини ҳамда жорий йил ёз фаслидан бошлаб «Пекин-Тошкент-Пекин» авиақатновларини амалга ошириш режаси борлигини маълум қилди.
«Компаниямиз Жанубий Хитойдан Ўзбекистонга туристлар ҳажми ошиши билан «Гуанчжоу-Тошкент-Гуанчжоу» йўналишида ҳам авиқатновларни йўлга қўйишни кўриб чиқишга тайёр», деди Сиао Ёнг.
Музокаралар якунида «China Southern Airlines» компанияси ва Бош консулхона ўртасида доимий мулоқотни давом эттириш ҳамда Хитой ҳудудлари бўйлаб Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимотларни биргаликда ўтказишга аҳдлашилди, деб хабар беради «Дунё» АА.