Жумладан, «Синьхуа» ахборот агентлиги ва «Global Times» ахборот-таҳлилий нашрида ушбу мавзуда эълон қилинган материалларда Ўзбекистон Афғонистонга 3 минг 700 тоннадан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдами кўрсатгани маълум қилинган.
«Синьхуа» ахборот агентлиги таъкидлаганидек, ушбу юк 63 та темир йўл вагони орқали Афғонистоннинг Мозори-Шариф шаҳрига етказилган. Гуманитар ёрдамнинг янги партияси иқтисодий инқирозни бошдан кечираётган Афғонистоннинг муҳтож фуқаролари орасида тарқатиладиган озиқ-овқат, ёқилғи ва қишки кийим-кечакларни ўз ичига олган.
Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Шер Аббос Станакзай бутун Афғонистон халқи номидан Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу оғир дамларда мамлакатга бўлган доимий эътибор, қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатлик учун чуқур миннатдорлик билдиргани қайд этилган, деб хабар беради «Дунё» АА.
Хитой матбуоти Шер Аббос Станакзай Тошкент ва Кобул ўртасида кўплаб соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирганини таъкидлаган. «Жумладан, у Ўзбекистондан аэропортлар барпо этиш, темир йўллар қуриш ва афғонистонлик ёшларга таълим беришда ёрдам сўради», — деб ёзади Хитой нашрлари.
«Афғонистон бугун иқтисодий инқироз билан юзлашмоқда, чунки мамлакатнинг тахминан 36 миллион аҳолисининг 22 миллиондан ортиғи ўткир озиқ-овқат танқислиги билан яшаяпти. Вазиятни ўнглаш учун Афғонистон муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамиятни гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирмоқда. Кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон, Хитой ва бошқалар зарур ёрдам кўрсатди», - деб ёзади «Global Times».