Озиқ-овқат хавфсизлиги ҳар бир мамлакат иқтисодий сиёсатининг асосини ташкил этади. Давлат мустақил, барқарор ташқи ва ички сиёсат юритиши учун, аввало, аҳолининг барча қатламини керакли ҳамда эҳтиёжга мос озиқ-овқат билан таъминлаши зарур. Президентимиз 18 октябрь куни аграр соҳада йил якунигача кутилаётган натижалар ва келгуси йилдаги вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда, жумладан, бундай деди: “Қишлоқ хўжалиги масаласига алоҳида эътибор қаратиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётганимиз бежиз эмас. Чунки бу иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди”.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилинган бўлиб, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар натижасида аграр соҳада ижобий ўзгаришлар бўлгани ва бу жараён давом этаётганини эътироф этиш лозим. Жумладан, узоқ уринишлардан сўнг пахта яккаҳокимлигига барҳам берилди. Ғалла етиштириш бўйича ҳам муайян натижаларга эришиб, импортга қарамликдан аста-секин қутуляпмиз.

Кластер тизими амалиётга жорий этилмоқда, классик бошқарув усули ўз ўрнини эркин бозор муносабатларига бўшатиб бермоқда. Бу жараён эса аграр соҳада экспорт салоҳияти ошишига, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида қайта ишловчи, хорижга хомашё эмас, тайёр маҳсулот экспорт қилувчи тармоқлар сони ортишига замин ҳозирламоқда. Статистик маълумотларга кўра, бу йил мева-сабзавот экспорти 1,7 баробар ошиб, мамлакатимизга 1,1 миллиард доллар даромад келтирган.

Ғаллачиликда бозор механизмларига ўтилгани туфайли фермерлар даромади ҳам икки баробар ошган. Шунингдек, бўшаган ерларнинг аҳолига бўлиб берилиши ҳисобига бу йил қўшимча бир миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулоти етиштирилган. Бу маълумотлар, албатта, кўнгилга ҳотиржамлик бахш этади, аммо ҳозирги имкониятларимиз билан янада юқори кўрсаткичларга эришсак бўлади. Чунки мамлакатимиз иқлими ва табиий шароити қишлоқ хўжалигини рекорд даражада ривожлантириш имконини беради.

Зеро, табиий иқлим шароитидан келиб чиқиб, экин майдонидан самарали фойдаланиб, йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Шунингдек, қаттиқ меҳнат ва катта харажатлар натижасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш, аҳолига ўз вақтида, сифатли, ҳамёнбоп нархларда етказиш, истеъмолдан ортганини хорижга экспорт қилиш ҳамда ундан даромад олиш жараёни алоҳида механизм сифатида тўлиқ шаклланмаган.

Қолаверса, бу ишнинг узлуксизлигини таъминлаш иқтисодиётни ҳаракатга келтирадиган асосий кучлардан бири эканини ҳисобга олсак, имкониятимиз чегарасини аниқ чамалай оламиз. Хорижликлар мамлакатимизда етиштирилган деярли барча мевани сотиб олади. Экологик тоза, табиий шароитда етиштирилган, витаминга бой бу неъматларни фақат мева сифатида эмас, қайта ишлаб, қадоқлаб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан тайёр маҳсулот (шарбат, мураббо, қиём ва ҳоказо) қилиб ҳам жўнатиш имкони бор.

Ҳар бир сифатли маҳсулотга, албатта, харидор топилади. Деҳқон ва фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар бугун масаланинг шу жиҳатига эътибор қаратиши зарур. Кластер тизими бу мақсадимизнинг аниқ механизми ҳисобланиб, юртимизнинг экспорт салоҳиятини янги ўзанга солади. Ўзбекистон энди хорижга фақат хомашё сотадиган эмас, балки сифатли, тайёр, тан олинган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ва эҳтиёжидан ортганини экспорт қиладиган мамлакат бўлишини тушунишимиз ҳамда ҳаракатларимиз шунга асосланган бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда мева-сабзавотни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қийматни бемалол 3-4 баробар ошириш мумкинлигини таъкидлади. Мирзаобод, Денов, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Урганч ва Қува туманларида ихтисослашган озиқ-овқат саноат паркларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берилди. Бугун юртимизда озиқ-овқат захиралари етарлича жамланган. Нархлар устидан назорат кучайтирилган, маҳсулот етиштириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда.

Жаҳондаги мураккаб вазият сабабли халқаро экспертлар, социолог олимлар ва таҳлилчилар озиқ-овқат хавфсизлиги, аниқроғи, етишмовчилиги борасида турли тахминларни илгари сураётгани ҳам бор гап. Жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиши кутилаётгани ва бундай вазиятда, аввало, аҳоли талабини қондириш учун экспорт имкониятидан тўлиқ фойдаланиш кераклиги таъкидланмоқда. Биз, албатта, хориж тажрибасини таҳлил этишимиз ва шунга мос равишда стратегиямизни ҳам белгилаб олишимиз талаб этилмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги санитария-эпидемиологик жиҳатдан ҳам ишончимизни оқлаши, юртимизга кириб келаётган ва чиқиб кетаётган озиқовқат маҳсулотлари сифати юқори бўлиши ҳамда инсонлар саломатлигига хавф солмаслиги кафолатланиши зарур. Биздаги муаммолардан яна бири — аккредитациядан ўтган махсус лабораториялар етишмаслиги. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича экспертиза лабораториялари жуда кам. Айнан озиқ-овқат маҳсулотларининг кимёвий таркибини аниқ текширадиган махсус лабораториялар йўқ ҳисоби.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 11 турдаги ўқув ва илмий лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Булар биотехнология, ҳайвонларни озиқлантириш технологияси ва зоогигиена, токсикология, ички юқумсиз касалликлар, физиология, патоморфологияга ихтисослашган лабораториялардир. Демак, лабораторияларни ҳудуд учун университетда ташкил этишимиз мумкин.

Шунда тадбиркорлар маҳсулотини Тошкентга ёки бошқа олис ҳудудларга олиб бориб, текширтириб келишига зарурат қолмайди. Бу лабораторияларда талабалар, магистрлар ва тадқиқотчилар илмий ишларини олиб боради. Маҳсулотлар текширилади, стандартлар асосида сертификат берилади. Тадбиркорлар маҳсулотини исталган жойга олиб бориб сотади, экспорт қилади. Университетимиз айни пайтда АҚШнинг Миннесота университети билан ҳамкорликда 2020–2023 йилларга мўлжалланган “Twining” дастурини амалга оширмоқда.

Хорижий экспертлар билан бу борада ҳамкорликни мувофиқлаштириш юзасидан бир неча музокара ўтказилди. Дастурнинг асосий мақсади мамлакатимизда ветеринария таълимини Халқаро эпизоотик бюро талаблари асосида ташкил этиш, 5 йилликка мўлжалланган ўқув режа, малака талаблари ва фан дастурлари ишлаб чиқиш, университет профессор-ўқитувчиларининг мазкур таълим даргоҳида малака ошириши ҳамда таълим олишини йўлга қўйишдан иборат. Йил давомида бюро экспертлари мамлакатимизга келиб, дастур доирасида бажарилиши режалаштирилган ишлар хусусида учрашувлар, мулоқотлар ўтказиши кўзда тутилган.

Жорий йил бошида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда университет мутасаддиларидан иборат делегация Миннесота университетида хизмат сафарида ҳам бўлиб қайтди. Энди университетда Халқаро эпизоотик бюронинг махсус кабинети ташкил этилади. Унинг таълим даргоҳида очилиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу мутахассислар тайёрлашда жаҳон стандартларига яқинлашиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш деганидир.

Шу йилнинг 14-15 октябрь кунлари университетда “Ветеринария ва чорвачиликда инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ҳамда жорий этишнинг истиқболдаги вазифалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда Марказий Осиё ва Ҳамдўстлик мамлакатлари ветеринария, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва биотехнология соҳасининг етакчи олимлари, тадқиқотчилари иштирок этди. Соҳада қўлланаётган инновацион технологиялар, эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, соҳадаги замонавий профилактика ва даволаш усуллари ечими озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сифатли, экологик тоза маҳсулотлар етиштиришда муҳим роль ўйнайди. Университет ва унинг ҳамкорлари — олимлар, тадқиқотчилар бажараётган ишлар ана шу глобал масалани ижобий ҳал этишга хизмат қилади. Хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда илғор тажрибалар оммалаштирилиши, масалалар биргаликда ҳал этилиши глобал озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар тобора ортиб бораётган бугунги кунда жуда зарур ва керакли жараён.

Охирги йилларда пандемиянинг салбий оқибатлари натижасида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар, маҳсулот ва товарларни “ишлаб чиқариш — етказиш” занжирининг узилиши, халқаро муносабатлар тизимининг кескин ўзгаришига сабаб бўлаётган геосиёсий жараёнларда ҳар бир давлат ўз иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда янги халқаро келишилган саъй-ҳаракатларни ривожлантиришга киришиши муаммога яна бир ечим. Негаки муаммонинг мавжудлигини тан олиш уни бартараф этиш йўлидаги энг биринчи ва дастлабки қадамдир.