Туманнинг Баркамоллик, Мангулик, Ёш-куч, Истиқлол ва Дўрмон маҳаллаларида ўтказилган байрам тадбирлари давомида ўша ҳудудларда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган оилалар, уларнинг фарзандлари ҳолидан хабар олинди.

Қолаверса, фонд бошқаруви, унинг туман бўлинмаси томонидан ногиронлиги бўлган ёки беморлиги сабаб байрам тадбирларида иштирок эта олмайдиган мурғак қалб эгаларига байрам совғалари туҳфа этилди. Бу болаларга бир олам қувонч ва шодлик бағишлади.

— Байрам муносабати билан ташкил этилган бу каби хайрия тадбирлари кун давомида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими бош мутахассиси  Жаҳонгир Раджабов. — Имконияти чекланган, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳолидан хабар олиниб, уларга хайрия ёрдамлари кўрсатилади. Бу эса, болажонларимизни жисмонан соғлом, ақлан теран, етук, меҳр-оқибатли қилиб тарбиялашда муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Маҳалла хайрия жамоат фонди

Хоразм вилоят бўлими матбуот хизмати