«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши навбатдаги ҳолат фош этилди.
Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, божхона ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида Қўшкўпир туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи шахс қўлга олинган.
Текширув жараёнида автотураргоҳда турган, Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи 2001 йилда туғилган шахснинг юк сумкаси кўздан кечирилганда, ундаги темир пайвандлаш ускунаси (сварка аппарати) ичига хуфиёна тарзда яширилган гиёҳвандлик моддалари аниқланган.
Хусусан, ускуна ичида 1 кг 460 грамм «героин» ва 27 грамм «опий» моддалари борлиги маълум бўлган.
Терговга қадар текширувлар давомида ушбу шахс мазкур гиёҳвандлик воситаларини муқаддам тожикистонлик наркосавдогарлардан олиб, Хоразм вилоятида сотиш орқали ноқонуний даромад топишни режалаштиргани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.