Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, чет элда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болаларни Ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 2026 йил 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимларидан иборат ишчи гуруҳнинг Россия Федерациясига амалга оширилган хизмат сафари якунланди.
Сафар давомида Россия ҳудудида қаровсиз қолган 6 нафар вояга етмаган бола Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали Ўзбекистонга етказилди.
Болалар келган заҳоти Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
У ерда мутахассислар томонидан барча зарур ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий кўриклар ўтказилгач, болалар ўз ота-оналари ва яқин қариндошлари бағрига топширилди.
Мазкур жараён шу билан якунланмайди. Эндиликда ушбу вояга етмаганларнинг жамиятга мослашиши ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари билан уларнинг яшаш манзили бўйича «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари шуғулланади.