Жорий мавсумда Қоракўл туманидаги “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери чигит экишда замонавий агрегатдан фойдаланилади. Шу мақсадда Хитой давлатидан 20 та агрегат харид қилинди. Айни пайтда ушбу ускуналар экин-тикин ишларига тахт қилиб бўлинди.
Кластер раҳбари Иброҳим Ҳамроевнинг айтишича, мазкур мослама чигитни плёнка остига экишга мўлжалланган бўлиб, унинг афзал жиҳатлари кўп. Масалан, уруғлик чигитни қадаш баробарида, унга яраша минерал ўғитни ҳам бериб кетади. Бу эса тупроқ мелиоратив ҳолатини яхшилашда қўл келади.
Хитойдан келтирилган агрегатлар ёрдамида жорий йилда 1 минг 200 гектар ерга чигит қадаш кўзда тутилган.
Яна бир янгилик. Бу йил “Мергантекс” кластери ва унинг тасарруфидаги хўжаликлар томонидан нафақат пахтачиликда, балки картошка, пиёз, сабзи ва полиз маҳсулотлари етиштиришда ҳам томчилаб суғориш тизими тажриба синовидан ўтказилади.