Низомга кўра, давлат гранти “Янги Ўзбекистон” университетининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган талабгорлар учун ажратилади.
Давлат гранти қуйидагиларга тақдим этилади:
- халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчиларига;
- Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратиладиган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида ушбу мактаблар битирувчиларига;
- Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолибларига;
- Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон фуқароларига;
- Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандларига.
Давлат грантини олган талабалар Университетни тамомлагач Президент таълим муассасалари агентлиги йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича республикадаги ташкилотларда 5 йилгача ишлаб бериш мажбуриятини олади.
Шунингдек қарор билан, Ўзбекистондаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган Президент мактаблари битирувчиларига субсидия бериш тартиби белгиланди.
Бунда Президент мактаблари битирувчиларига тўлов-контракт суммасининг БҲМнинг 100 бараваригача қисми қоплаб берилади.
Талабгорлар ўқув йилининг 15 декабригача Агентликка ариза билан мурожаат қилади (ўқишга қабул қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома ва тўлов-контракт шартномаси илова қилинади).
Субсидия олган талабалар Университетни тамомлагач Агентлик йўлланмасига асосан эгаллаган мутахассислиги бўйича республикадаги ташкилотларда 5 йилгача ишлаб бериш мажбуриятини олади.
Магистратура ёки докторантурада ўқиш давом эттирилган тақдирда, ушбу муддат магистратура ёки докторантурада ўқиш даври тугагандан сўнг бошланади.