Шунингдек гендер аудит ўша даврларда юзага келган ижтимоий аудитнинг муҳим тармоғи сифатида ривожланди.
Ижтимоий аудитга эхтиёж сифатида ижтимоий муносабатларнинг глобаллашув жараёнини алоҳида таъкидлаш керак. Хусусан XX асрда меҳнат миграциясининг кучайиши, бошқа томондан, трансмиллий корпорациялар (ТМК) фаолияти - замонавий глобаллашувнинг ўзига хос хусусиятларидан бири - антиглобалистларнинг оммавий ташкилотлари сафларида норозилик келтириб чиқарди. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзларининг юзлаб филиаллари ва шўба корхоналари жойлашган ТМКлар корхоналар фаолиятида ижтимоий ва ахлоқий меъёрларга риоя қилмайди ва натижада инсон ҳуқуқлари бузилади. Хусусан аксарият ТМК ларнинг филиаллари фаолиятида нисбатан арзон бўлган болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилади, хотин-қизлар меҳнати камситилади, паст иш ҳақи белгиланади, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик стандартларига риоя қилинмайди. Бундай муаммолар корхона фаолиятида ижтимоий аудит ўтказиш заруриятини юзага келтирди.
«Ижтимоий аудит» тушунчаси биринчи марта 1940-йилларда Стенфорд бизнес мактабининг иқтисод профессори Теодор Ж. Крепс томонидан ишлатилган.
Ижтимоий аудит консепсиясини шакллантиришда «Social Responsibility Audit: A Management Tool for Survival» асари муалифи John William Humble тадқиқотининг аҳамияти каттадир. Хусусан Humble тадқиқотида аудиторга ташкилот учун инсон омилининг аҳамиятини баҳолашга имкон берадиган аргументлар таклиф қилинган.
Кейинчалик «ижтимоий аудит» тушунчасининг моҳияти гендер аудит, HR-аудит каби баҳолаш турлари билан мукаммаллашди. Мазкур тушунчалар назариялардан норматив қонунларга кўчди. Яъни ташкилотларда ижтимоий аудит ўтказиб ҳисоботлар тақдим қилиш мажбурияти қонунлар билан тартибга солина бошланди. Хусусан Францияда 1977 йилда ижтимоий аудит тўғрисида қонун қабул қилинди. Қонунда ижтимоий аудит субъектлари, объектлари, ўтказиш тартиби, аудит ўтказиш натижалари бўйича ҳисобот тақдим этиш тартиби белгиланди.
Германияда бу даврда ижтимоий аудитнинг аналоги Sozialbericht шаклланди. АҚШда Иқтисодий устуворликлар бўйича кенгаш (the Concil on economic priorities, CEP) компанияларнинг меҳнат жамоасини ижтимоий ҳолати ва атроф-муҳитга муносабатига оид кўрсаткичларига оид ҳисоботлари бўйича ижтимой рейтингини шакллантиришни бошлади. Натижада, 1972-1977 йилларда кўплаб Америка корпорациялари ташкилотнинг ижтимоий ҳисоботларини чиқардилар. Мазкур ижтимоий ҳисоботларда ишчи хотин-қизларни қайта касбий тайёрлаш ва малакаларини оширилиши, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратилганлиги, бир хил меҳнатга тенг ҳақ тўлаш, корхона ахлоқ қоидаларига риоя этилиши, ижтимоий кафолатларнинг баҳоланиш натижалари келтирилган.
Ижтимоий аудитнинг ҳуқуқий асосларини шаклланиши кейинги даврларда анча ривожланди. Хусусан Буюк Британияда («Тhe King Report on Corporate Governance»), Данияда 1995 йилда («Green Act»), 2001 йилда Европа комиссияси томонидан қабул қилинган «Корпоратив ижтимоий жавобгарлик тўғрисида Яшил китоб» да ижтимоий аудитнинг қонуний асослари яратилди. Бугунги кунда ҳам хорижий давлатларда гендер аудит, HR-аудит ижтимоий аудитнинг бир кўриниши сифатида қўлланилмоқда.
Фикримизча HR-аудит ўтказишдан мақсад нафақат самарадорлик балки ташкилот бошқарувида юзага келган камчиликлар, меҳнат низолари, коррупция хавфи, манфаатлар тўқнашуви каби муаммоларни аниқлашдир.
Шунингдек бизнингча «гендер аудит» муайян ташкилот бошқарувида, жамоанинг меҳнат фаолиятида тенг ҳуқуқлилик тамойилини амал қилиши, хотин-қиз ходимларни яширин камситилиш даражаси, аёл ходимларнинг қўнимсизлиги, бир хил меҳнат учун ҳақ тўлаш миқдори, корхона одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилиши, ижтимоий кафолатларнинг таъминланишини баҳолашдир.
Гендер аудит муайян методология асосида ўтказилади. Мазкур методология фокус гуруҳларда сўровнома ўтказиш, тест, рағбатлантиришлар ҳисоботи анализи, кадрлар қўнимсизлиги таҳлили каби методлардан иборат. Шу ўринда гендер аудит касаба уюшмаси қўмитаси томонидан фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади. Ваҳоланки давлат ва хусусий сектордаги корхоналар меҳнат жамоасининг асосий қисми касаба уюшмаси қўмитаси аъзолари ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки мамлакатимизда давлат ва хусусий сектордаги ташкилот ва корхоналарда касаба уюшма қўмитаси томонидан гендер аудит ўтказишни жорий этилиши хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини камситилишини бартараф этиб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминланишига эришилади. Хусусан хотин-қизлар ижтимоий ҳуқуқлари таъминланишидаги муаммоларни aниқлaш учун маҳаллаларда ўткaзилгaн cўрoвнoмa нaтижaлaригa кўрa, давлат ва хусусий сектордаги корхона ва ташкилотларга иш қабул қилиш жараёнида, меҳнат фаолиятида диcкриминaция ҳoлaтлaрининг мавжудлиги, уларнинг турмушга чиқиш режалари сўралиши, oилaвий шaрoити, фaрзaнд кўриш бўйичa режaлaри, ҳoмилaдoрлиги юзасидан саволлар берилиши, шунингдек рағбатлантиришларга лойиқ кўрилмаганликлари кaби муаммоларнинг мавжудлиги соҳада гендер аудит ўтказишни жорий этиш ва бу механизмнинг амалиётда самарали ишлашини жамоатчилик томонидан назорат қилиб туриши мақсадга мувофиқ.
Анварова Дилдора,
Тошкент давлат юридик
университети
ўқитувчиси