Оҳ, жадид айбномаси туфайли ҳаёти таъқибу қувғинлар остида ўтган шўрлик ватандошларимизнинг гуноҳлари нима эди? Ўқиб-ўрганайлик, билимдонликда жаҳонга чиқиб, ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклайлик, бутун одам бўлайлик каби одилона даъватлар учун наҳотки отиш, осиш, сургунларга бадарға қилиш ўринли ва адолатли бўлса?! Айнан шундай жазолардан қочган шўрлик Сирожиддин Сидқий эндигина балоғат ёшига етган чоғида янги ташкил топган вагонга хуфиёна жойлашиб, катта водийга қочиш орқали жонини сақлаб қолган эди. Булар ўтган аср бошидаги гаплар. Унга қадар тортилган жабру ситамларни айтиб, адо қилиб бўлмайди...

Тўғри, Сирожиддинбек зиёли оилада туғилиб ўсган. Отаси Мирзоҳид Охунд домла Хондайлиқдаги ҳовлисида мактабдорлик, яъни диний ва дунёвий илм-зиёларни тарқатиш билан машғул эди. Ҳазрат домла номи билан танилган бу инсондан билим олиш илинжида Чимкент ва Сайрам томонлардан, ҳатто катта водий – Фарғонадан ҳам талабгорлар келиб, устознинг мўъжазгина ҳужраларида яшашар, билим олишдан бўш пайтларида томорқа ишларига ёрдамлашишарди. Бағрикенг устоз ҳеч кимдан ҳақ сўрамасди. Тўрт ўғил ва бир қизнинг ўртанчаси Сирожиддин ўн тўққиз ёшга етгунча шундайин саховатпеша хонадонда яшади. Қодир Аллоҳ тарафидан берилган серқирра фазилатлар туфайли бу хонадонга сиғмай қолган Сирожиддинбек катта шаҳар – Тошкентга отланиб, қолган умрини илм излаш, адолат ва ҳақиқат ортидан қувиш, Ватанни озод ва фаровон даражага кўтаришдаги бетиним курашлар бағрида ўтказди. Бу ҳақида “Чироғим, мен Сидқийман, Ҳандақлиқийман” деб номланган китобимда ёритганман. Энди эса ватандошларимга, айниқса ёшларимизга, қалби одамий фазилатлар, инсонгагина хос меҳр-оқибатга лиммо-лим азизларимиз ҳақида баҳоли қудрат ёзмоқдаман. Зеро, бундай фазилатлар камёб бўлиб бораётгани сир эмас.

Сирожиддин Мирзоҳид ўғли – Сидқий Ҳандақлиқий даврини оладиган бўлсак, аввало серқирра фазилатлар соҳиби Мирзоҳид ота, яъни Ҳазрат домланинг ибратомуз ҳаёти алоҳида ўрин эгаллайди. Шу билан бир қаторда устознинг севимли шогирди, Тошкентга бориб, мударрис домла даражасига кўтарилган Имомали отанинг хизматларини алоҳида айтиб ўтиш ўринлидир. Қолаверса, Тошкент бағрида не-не машаққатлар билан яшаган Сирожиддин Сидқийнинг даврдош дўстлари, устозлари Камий, Иффат, Ризоий, Тавалло, Беҳбудий, Камол Турбатий, Фитрат, Чўлпон каби ватанпарварларнинг Сирожиддин Сидқийга жуда катта ижобий таъсирлари бўлган. Сибир сургунидан қочиб, катта водийда азоб-уқубатлар оғушида яшар экан, бағрикенг зиёлилар шоир ҳаётини сақлаб қолганлар, унга таянч-мадад бўлганлар. Уларнинг ҳаммаларини санаш шарт эмас: биргина Ризоий Андижонийнинг йиллар давомида Сидқийга кўрсатган меҳрибонликларини айтмаслик инсофдан эмас.

Умр бўйи таъқибу кувғинлардан қоча-қоча Тошкентга қайтган Сирожиддин Сидқийнинг сўнгги сафари Парвезтепа атрофи бўлди. Ўттизинчи йиллар бошида Сидқийнинг она қишлоғи Хондайлиқдан Паргизга кўчиб туша бошлаган ватандошлари шоирни жон-диллари билан бағирларига олдилар, ҳашарлар уюштиришиб, мўъжазгина ҳовли-жой тиклаб бердилар. Қўли гул шоир эса бу ҳовлини жаҳондаги нодир анвойи гулу дарахтлар билан ясантириб, умри сўнгига қадар ушбу маконда ҳаёт кечирди...

Ижод оламига назар ташласак, серқирра адибнинг устоз, дўст ва шогирдлари беҳисоб эди. Улар орасидаги энг меҳрибон, софдил, жонкуяр шогирди сифатида албатта Абдулла Носировни юксак эҳтиром билан эътироф этамиз. Жонли қомус номи билан машҳур бўлган Абдулла ота болалик чоғиданоқ ҳаттотлик санъати сир-асрорларини астойдил ўзлаштирган ва умри сўнгига қадар Сирожиддин Сидқийни юксак эҳтиром ва астойдил ҳурмат билан қалбида асради. Устоз ҳаёти ва ижодини юзага чиқариш учун бетиним курашди. Бу савобли, машаққатли ва олижаноб ҳаёт йўлида адабиётшунос олим, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасанийни ҳам четлаб ўтиш мумкин эмас.

Яна қўлларимга қалтироқ келиб, кўзларимдан ёш сирқий бошлади. Ўзимни ҳарчанд тутай дейман, йўқ, ихтиёрим ўзимда эмас...

Сирожиддин Махдум Мирзоҳид ўғли – Сидқий Ҳандақлиқий ҳаёти ва ижоди билан ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охирида шуғуллана бошлаган эдим. Не бахтки, дорулфунуннинг филология факультети талабаси Каримахон иккимизни Қодир Аллоҳ умр йўлдошлик бахтига муяссар айлади. Шу-шу ҳамқишлоғимиз Сирожиддин Сидқий Ҳандақлиқий ҳаёти ва ижоди йўлида биргаликда шуғулланишга киришдик. Сидқийни эшитган, таниган, билган инсонлар, Шарқшунослик институти, катта водийдан тортиб бутун Ўрта Осиё бўйлаб маълумотлар тўплардим, тўхтовсиз қоғозга туширардим ва жуфти ҳалолимга топширардим. У эса куну тун машинкани чиқиллатаверарди. Билмадим, тўғри қилдимми, ё... Ҳамма нарсалар менинг номимда чоп этилар, шўрлик жуфти ҳалолим чеккада қолиб кетаверарди. Яна менинг жиззакиликларим, зардаю дашномларимни айтмайсизми! Қани энди унда бир оғиз эътироз, норозилик ёки гап қайтариш бўлса! Сирожиддин Сидқийга оид китоблар чоп этилганида оламга сиғмас қувончларини-ку таърифлашга тилим ожиз! Мен босар-тусаримни билмайман, жадидлар оламининг етук намоёндаси Сирожиддин Сидқийни ўзим оламга танитгандек! Жонажоним, меҳрибоним умрининг сўнгги кунларини яшаётганини қайдан ҳам билардим?! Айниқса биргина сўрови юрагим тўрига қадалди-қолди: “Ҳамқишлоғингиз Сирожиддин Сидқий уй-музейини яратиш ҳақида нега бош қотирмайсиз? Ота-боболаримиз икки минг йилдан зиёд вақтдан бери яшаган Қўрғонтепа бағрида ноёб шу иншоотни қуриш ташаббускори бўлмасангиз, бу ишга ким қўл уради? Шу орқали Қўрғонтепа нафақат Бўстонлиқ тумани, бутун Ўзбекистон, ҳатто олам одамларининг зиёратгоҳига айланиши аниқ. Шу билан бирга кутубхона ҳам битади. Уйимизда ҳеч ким ўқимай увол бўлиб ётган мингдан ортиқ ноёб китобларимизни совға қиламиз. Ҳам Сидқийнинг уй-музейи, ҳам маънавият маркази пайдо бўлади. Айниқса, қишлоқнинг уюшмаган ёшлари шу даргоҳда жамулжам бўладилар. Тепалик ва унинг чор тарафи янаям кўркамлашиб, ҳақиқий гузар ва сайргоҳга айланади. Қўрғонтепа билан тенгдош Бобочинорлар бағрида туристлар меҳмонхонаси яратилса, уларнинг тарихини ёзиб берсангиз, ажойиб маънавий ва маданий мерос қолади келажакка!”

Ярим асрга яқин муддат ёш авлодга ўзбек тили ва адабиётидан юксак савияда билим бериб келган умрдошим шундай ноёб фикрларни айтар экан, юрагим орқамга тортиб кетди! Жуфти ҳалолимнинг умри наҳотки тугаб бораётган бўлса?!

Ҳа, бу ҳаёт ҳақиқати эди! Жаҳондаги гўзалликда ҳам, доноликда ҳам, сабру бардошда ҳам ҳавас қилса арзигулик умр йўлдошимни “тез ёрдам” Зангиотага олиб кетиб, икки кундан сўнг... муздаккина қилиб олиб келиб берди! Жонажонимнинг бебаҳо фикрлари менга мерос бўлиб қолди.

Ўзимни қайга қўяримни билмас эдим: ўлиб ўлолмайман, яшаб яшаёлмайман... Шу кезда ҳам Сирожиддин Сидқийнинг минг бир азоблар билан яшаган ҳаёти менга таянч бўлди. Улуғ шоир боғига қандоқ борганимни билмайман. Кўзларимдан шашқатор ёшлар оқиб, Сидқий ўгитларини ўқийман: “Одам уч хил бўлур, – деб ёзарди шоир. – Бутун одам, ярим одам, одам ҳисобинда бўлмаган одам. Бутун одам улдирки, ўз ақлига иш буюриб, касбу корга машғул бўлур, киришур ва тиришур. Ярим одам улдирки, бирон ишнинг уҳдасидан чиқа олмас. Локин ўзганинг иршоди (кўрсатмаси) бирлан ишга киришур ва тиришур. Одам ҳисобинда бўлмаган одам улдирки, на унисининг ва на бунисининг уҳдасидан чиқур. Улар дангасалар, текинхўрлар ва ялқовлар жамоаси эрурки, таъма бирлан кечинурлар”.

Сидқий насиҳатларини ўқиб ўтирар эканман, елкамда кимнингдур кафтини сездим. Бош кўтариб, боғ раҳбари Дилшод Саъдуллаевични кўрдим.

– Бу қадар ёниб куяверманг, – кўнгил берди у. Унинг ҳамма воқеадан хабари бор экан. – Сиз халқимизга, Сидқий каби улуғ инсонлар ҳаёти ва ижоди билан, айниқса, ёшларни хабардор этишга кераксиз.

– Мен олдин ўтишим лозим эди... Ахир жуфти ҳалолимдан олти ёш улуғлигим бор эди-ку.

– Ҳай-ҳай, Қодир Аллоҳ қаҳрини келтирманг! – қатъий огоҳлантирди Дилшод Тиллахўжаев. – Демак, сиз яшашингиз керак, бу оламда қиладиган ишларингиз ҳали бор экан. Яратган Эгамизнинг изми шу!

Бу воқеадан кейин ўзимни анча қўлга олдим. Жуфти ҳалолимнинг менга айтган доно гаплари, аниқроғи, васиятларини амалга оширишга киришишим керак. Шу куннинг эртасигаёқ Бўстонлиқ тумани ҳокимининг қабулига кирдим. Жўрабек Илҳомович ҳам менга таскин бериб, биз биргаликда қишлоққа чиқдик. Сирожиддин Сидқийнинг уй-музейи ва кутубхона қуриладиган жойларни кўрдик. Айниқса, икки минг йилдан зиёд умр кўраётган Бобочинорлар Жўрабек Аҳмедовда чуқур таассурот уйғотди.

– Қўрғонтепа ва Бобочинорлар тарихини яхшилаб ёзиб беринг, уларни абадийлаштириш ва туризмга оид масалалар билан алоҳида шуғулланамиз, – деди ҳоким осмонўпар гўзалликларга ҳавас билан тикилар экан. – Ёнгинамизда шунақа ажойиб табиат гўзалликлари туриб, биз қаёқлардан мўъжизалар излаб юрибмиз.

Умр ўтаверар экан, эллик уч йиллик жуфти ҳалолимни йўқотиб қўйиб, ундаги ноёб фазилатларни энди топиб ўтирибман. Бу ҳам бўлса Сидқийимизнинг биз томонларга сўнгги сафари туфайли кашф этилди. Ҳайҳот, булар улуғ адибнинг сўнгги сафари ва Асад Асилнинг охирги асари бўлмасин ишқилиб...

Ҳа, Дилшод Саъдуллаевич айтганидек, умримиз вафо қилса, олдинда ҳал этилиши лозим бўлган улуғвор вазифалар турибди. Ватанимизни жаҳондаги илғор мамлакатлар даражасидан ҳам юқорига олиб чиқиш учун бор саломатлиги, куч ва имкониятларини сарфлаётган Президентимизга Ватанимиздаги ҳар бир тирик жон қўлидан келганча кўмаклашмоғи шарт. Айниқса, биз каби нуронийлар буни қалбдан тушунмоқлари, ёшларимизни нурли йўлларга бошламоқлари лозим. Мана, туризм соҳасини янги куч, шиддат ва шижоат билан давом эттиришга юртимиз раҳбари қатъий кўрсатмалар берди. Юқорида айтганимиздек, Бўстонлиқ туманининг Хондайлиқ қишлоғида бунга жуда кенг ва қулай имкониятлар мавжуд. Биз каби ҳаётнинг бой тажрибасига эга нуронийлар ҳар хил баҳоналар билан ўралашиб ўтирмасдан, сафнинг олдида боришимиз ва фарзандларимизни улуғвор ишларга даъват этмоғимиз зарур.

Нафақат туризм соҳаси, балки ҳаётнинг барча тармоқларида ўғил-қизларимиз авангард бўлсинлар. Қуйидан шундай ташаббуслар отилиб чиқса, ҳаётимизда туб ижобий ўзгаришлар, албатта, амалга ошади. Шундагина Қодир Аллоҳ бизларга сардор айлаган Президентимиз доимо қайта-қайта таъкидлаганларидек, мамлакатимиздаги ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечириш даражасига кўтарилади. Шундагина Сирожиддин Сидқийларнинг азалги орзулари амалга ошади ва уларнинг руҳлари ҳам шод бўлади, иншооллоҳ!

Асад АСИЛ,

ёзувчи