Кластер жорий йилда тумандаги фермер хўжаликлари билан пахта етиштириш бўйича шартномалар тузган. Бугун мазкур кластер томонидан бунёд этилган қиймати 25 миллиард сўм бўлган пахтани қайта ишлаш корхонаси фойдаланишга топширилди.
Ишчи-ходимлар, фермерлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган мажмуанинг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Кластер ҳомийлиги асосида тумандаги кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг 17 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ҳам ўтказилди.
Маросимда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида кластерларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар дастлабки самараларини бераётганлигини айтиб ўтди. Хусусан, мазкур пахтачилик кластери инновацион технология ва ишланмаларни амалга татбиқ этиб, янги иш ўринларини ташкил этаётгани, енгил саноатда эса қўшимча қиймат занжирини яратаётгани эътироф этилди.
2021 йилда қурилиши бошланган корхона бир кунда 200 тонна пахтани қайта ишлаш қувватига эга. Бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилди.
— Келгусида корхона таркибида қиймати 23,4 миллион АҚШ долларига тенг ип калава ишлаб чиқариш, шунингдек, 9,3 миллион АҚШ долларилик мато (сочиқ) ишлаб чиқариш ва бўёқлаш лойиҳалари ҳам амалга оширилади, — дейди кластер раҳбари Ойбек Пўлатов. — Айни вақтда бино-иншоотлар қуриб битказилган.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар 2023 йилнинг охирига қадар ишга туширилади. Бунинг натижасида 1 500 нафар аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади. Маҳсулотларнинг 60 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.