— Ўқувчилар якуний имтиҳонлардан озод этилиши мумкинми? 

— Мумкин. Ўқувчиларга синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган Низомда белгиланган.

Шунингдек, халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ҳамда бошқа кўрик-танловлардаги иштироки мактабдаги имтиҳон муддатларига тўғри келиб қолган тақдирда, улар имтиҳонлардан озод этилади.

— Имтиҳондан қониқарсиз баҳо олган ёки ўта олмаган ўқувчилар синфдан-синфга қолдириладими?

— Амалдаги Низомга кўра, бир ёки икки фандан ўтказилган якуний аттестацияда қониқарсиз баҳо олган битирувчиларга охирги якуний аттестациядан кейин икки ҳафта ўтгач қайта якуний аттестациядан ўтиш ҳуқуқи берилади.

Йиллик баҳо ва якуний аттестация натижаларига кўра, умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари талабларини бажармай, «қониқарсиз» баҳо олган битирувчилар шу синфда қайта ўқишга қолдирилади.

— Имтиҳон жараёнида ўқувчиларга ёрдамчи воситалардан фойдаланишга рухсат бериладими?

Босқичли назорат имтиҳони жараёнида ўқувчилар томонидан имтиҳонни муваффақиятли топширишга ёрдамчи воситалардан (харита, глобус, жадваллар, чизмалар, муляж, гербарий, препаратлар, лаборатория асбоб-ускуналари ва ҳоказолардан) фойдаланишга рухсат этилади.