Конституциянинг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, у ўзида нафақат ҳуқуқий ва сиёсий фикрлашнинг олий ютуқ­ла­рини, балки бой тарихий тажрибани ҳам мужассамлаштиради. Уни иш­лаб чиқишда ўзбек халқининг чуқур ҳуқуқий-тарихий анъаналари алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар қандай қонун, айниқса, конституциядек бош қонун, агар халқ­нинг тарихий қадриятлари, миллий урф-одатлари, асрлар давомида шакл­ланган эътиқодларини ўзида етарли даражада акс эттирмаса, унинг ҳаёти қисқа бўлади, у жамият учун хизмат қилмайди.

Конституциянинг тарихига назар соладиган бўлсак, у бўм-бўш жойда яқиндагина пайдо бўлиб қолган эмас, балки жаҳон цивилизациясининг тарихий ривожланиши жараёнида шаклланиб келган. Тарих шундан да­лолат берадики, инсоният ўзининг тараққиёт босқичларида доимо му­ло­қот қилиш, бирга яшаш қонун-қоидаларига муҳтож бўлган. Инсон­лар бу­нинг учун зарур бўлган қонун-қоидаларни ишлаб чиқишга ҳаракат қил­ганлар.

Масалан, бундан 4000 йил аввал Месопотамия подшоҳи Хаммурапи яратган «Хаммурапи қонунлари» тўплами, милоддан аввалги IX–IV аср­ларда ёзилган зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто», Юнонис­тон­даги «Салон демократияси» (милоддан аввалги VI аср) юқорида ай­тиб ўтилган қонун-қоидаларнинг энг машҳурларидир.

Инсоният тарихида ўтган буюк шахслар кўпинча турли хил қонун-қоидалар муаллифи бўлганлар. Ушбу ҳужжатлар кўпинча қоида, қонун мақомини олган. Масалан, Низомулмулкнинг «Сиёсатнома»си, Ярослав Мудрийнинг «Рус ҳақиқати», Чингизхоннинг «Ёсо»си ана шулар сирасидандир. Булар ичида энг машҳури – «Темур тузуклари». Улар давлат, уни бошқариш ва мустаҳкамлаш борасидаги тавсиялар ҳолида шакллантирилган қоидалардан иборат бўлган ўз даврининг конституциявий қўлланмаларидир.

Тузукларда давлат, уни идора этиш, қонунчилик ҳақидаги таълимот ўз аксини топган. Ушбу таълимот Амир Темур салтанати мавқеининг муттасил ошиб боришига салмоқли ҳисса қўшган. Темур давлати эришган улкан муваффақиятларнинг асосий сабабларидан бири ҳам унинг мамлакатда давлат ишларини ушбу тузуклар асосида олиб борганлигидир.

Бизнинг жамиятимизда ҳам қонун устуворлиги ҳуқуқий давлатнинг асосий прин­ци­пи­дир. Бу принципнинг илдизларини Соҳибқирон Темурнинг «қаер­да қо­нун ҳукмронлик қилса, ўша ерда адолат бўлади», деган қои­дасида ҳам кў­ришимиз мумкин. Давлатчилик борасидаги тарихий таж­риба, хусу­сан, Амир Темурнинг давлатчилик борасидаги теран фикр­лари ва таж­рибаси Конституциямизнинг тарихий илдизларидан би­рини ташкил қи­лади.

Ўзбекистон собиқ Иттифоқ таркибида бўлган даврларда ҳам бир қанча консти­туциялар қабул қилиниб, уларга ўзгартишлар киритилган. Лекин ушбу конституциялар синфий мазмунга эга бўлиб, уларда аҳоли баъзи қат­ламларининг фуқаролик эрки чекланган, баъзи мод­далари эса номигагина амал қилган. Мазкур конституциялар ўзбек хал­қининг тарихий илдизларига суянмаган, балки зўравон Марказнинг манфаатларини кўзлаган эди.

Мустақилликка эришилгач, ўзбек халқи ўзлигини англади, тари­хий илдизларини ўргана бошлади ва уларга асосланиб ўз Қомусини яратди. Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ва тизимли ислоҳотлар натижасида “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқий ва сиёсий онги, маданияти, ижтимоий ҳаётдаги фаолликлари юксалиб бориши билан давлат ўзининг муайян вазифаларини нодавлат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич бериб боради.

Шу  маънода  “Янги  Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш йўлида конституциявий ислоҳотларга киришиш  остонасида  турибмиз.  Бу  катта  ислоҳотларимизнинг  моҳиятан  юксалишига,  мантиқий таъсирчанлигини оширишга хизмат қилиши табиий. Ҳар қандай қонун ҳужжати халқ манфаатлари ва мамлакат тараққиётига хизмат қилиши лозим.

Нодира РАСУЛОВА,  

Ўзбекистон Республикаси Жамоат 

хавфсизлиги университети доцент