Семинар ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди. ЮНИСЕФ тадқиқот марказининг халқаро экспертлари Гвизер Рис (Gwyther Rees) ва Алессандро Карраро (Alessandro Carraro) кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш бўйича халқаро тажриба ва энг яхши амалиётлар бўйича маълумот берди, Грузия, Қозоғистон ва Черногориядан амалий мисоллар келтирди. Семинар иштирокчилари тақдим этилган методларнинг Ўзбекистонда жорий этилишини ҳам муҳокама қилди.

Халқаро экспертлар, шунингдек, дунёдаги кўплаб мамлакатлар Болалар фаровонлиги индексини муваффақиятли амалга ошира олмаганини таъкидлар экан, бу йўналишда бошланган ишлар Ўзбекистонни юқори даражага олиб чиқилаётганини эътироф этди.

"Оила ёки боланинг фаровонлиги даражасини ўлчашга қизиқиш 1970 йилларда бошланган. Бу ЯИМ ва мамлакатнинг фаровонлиги ошиши билан боғлиқ. Фаровонлигини ўлчаш учун кўп ўлчовли ёндашув сўнгги ўн йил ичида жорий этилди, – деди Гвизер Рис.

Инсон ёки оиланинг фаровонлиги ҳақида умумий эътироф этилган таърифнинг йўқлиги қайд этилди. Одатда, бу каби тушунча бир неча таркибий қисмлардан иборат: соғлиқни сақлаш, таълим, сифатли озиқ-овқат, уй-жой, бандлик ва бошқа шунга ўхшаш имкониятлар.

Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда камбағалликни ўлчаш ва камайтириш усулларидан кенг фойдаланиш эътиборга лойиқ.

Тадбир иштирокчилари амалий семинар ўтказиш оила ва болалар фаровонлиги соҳасидаги мониторинг воситалари ва сиёсат бўйича халқаро экспертлар билан тажриба ва фикр алмашиш имконияти эканини таъкидлади.

"Олинган маълумотлар, масалан, келажакда бола нафақалари миқдорини аниқлашда турли ёндашувларни моделлаштиришга имкон беради, бу эса уларнинг зарур миқдорини аниқлашга ёрдам беради. Уй-жой шароитларига нисбатан депривацияларни ўлчаш тегишли маҳаллий ижро этувчи органлар томонидан фойдаланиш учун ижтимоий шароитларни яхшилаш сиёсатини ўзгартиришга имкон беради", деди семинар ташкилотчилари.

Семинар кўп ўлчовли камбағалликни ўлчаш ҳамда Оила фаровонлиги индексини ҳисоблаш бўйича миллий методологияни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу ўлчовлар Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш ва оилалар фаровонлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни белгилаш учун фойдали маълумотлар беради.