Бешинчи қаватдан тушган сумалак оёғинг остида чил-чил бўлади. Сирпаниб кетмаслик учун эҳтиёткорона қадам босиб, келган йўлингдан қайтишда кўлмакчаларни бир-бир ҳатлаб бемалол одимлайсан. Қишки кийимлар дўкони пештоқидаги «50 фоиз чегирма» ёзувини кўриб беихтиёр ичкарига кирасан.

Дўконни уч марта айланиб, нарх-навони ҳам сўрамай қайтиб чиқасан. Келганингда ажабланиб қараган сотувчи эриб битаётган қорни эслатувчи ҳорғин нигоҳлари билан кузатиб қўяди. Унинг нигоҳи қанча ҳорғин бўлмасин, кўзлари туб-тубида ҳаётга ташналик, баҳор соғинчини пайқаб олиш мумкин. Аммо у ўжар боладай буни тан олгиси келмайди. Ҳа, инсон қандай ўйда юрмасин, нималарни орзу қилмасин, баҳор йўл топиб унинг қалбига кириб боради. Шу боис, одамлар янгиланишни баҳорга менгзайди.

Қуёшнинг она заминга кўпроқ иссиқлик бериши тупроқ исишига сабаб бўлади. Аввал майсалар, кейин бута ҳамда дарахтлар илдизи бу илиқликни ҳис этади ва беихтиёр ўзгара боради. Тупроқ остидаги ҳаёт нафаси дарахтнинг энг тепа новдаларида куртак уришига сабаб бўлади. Митти майсалар нозик жуссаси билан зилдай тупроқни ёриб чиқади. Ҳа, баҳор янги куч-қувват ва у орқали эришиладиган янги ҳаёт, дегани.

Жамият ҳам шунга ўхшайди. Яъни, ­аввало, қуёш тафтидай имкониятлар эшиги очилади. Табиатда бўлгани каби жамиятда ҳам жонланиш, ўсишга интилиш сезилади. Бора-бора ўзгаришлар одатий турмуш тарзига айланади. Бу худди қишки кийимларни уйга ташлагач, бир-икки кун енгил либосга мослаша олмай, уст-бошингга қарайверишдай гап. Сўнг қачондир қалин либосдаги суратингни кўриб, ўша кунларни яшаб ўтганингни эслайсан. Худди баҳорнинг илк чечагидан ҳайратланганинг каби ним табассум қиласан.

Жамиятдаги ўзгариш баҳорнинг илк чечакларидир. Вақт ўтиши билан одамлар уни кўп ёдга олавермайди. Айни дам дарахтлар ўша чечаклар сабаб ҳосил берганини яхши англайсан. Ёки уйингга келган меҳмон бехосдан баҳорнинг илк кунларидаги хотираларни уйғотиб юборади.

«Агар адашмаётган бўлсам, 2016 йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 42 фоиз бўлган, савдо кўрсаткичи ҳам паст эди. Бугун камбағаллик даражаси 8 фоизга тушди, инвестициялар ҳажми эса 30 миллиардга етди. Шунинг ўзи катта мўъжиза эмасми?! — дейди Покистон Ислом Респуб­ликаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф. — Бу ростдан ҳам мўъжиза. Чунки бундай натижаларга баландпарвоз гаплар ­орқали ­эришилмайди ёки яхши бир кенгашни ташкил этиш билан ҳал бўлиб қолмайди. Мўъжизалар аниқ қарашлар, юқори динамика, тинимсиз меҳнат ва якдил мақсад сари дадил интилиш орқали пайдо бўлади».

Ҳа, ўзгаришлар динамикасига табиатда ҳам, жамиятда ҳам доим бир-бирига ўхшайди! Масалан, баҳорда ўсимликлар биологик тузилишига қараб аста-секин гуллайди. Жамиятдаги ўзгаришларнинг ҳам барчасини бирдан бажариб бўлмайди. Соҳалар, тармоқлар кесими, шароитидан келиб чиқиб иш тутилади. Дейлик, дастлаб солиқлар адолатли қилинади, молиявий муносабатларда очиқлик ва тенглик муҳити яратилади. Шу тариқа тадбиркорлик осонлашади. Иш ўринлари кўпаяди, одамларнинг оғири енгил бўлади. Камбағаллик деган дарддан шу зайил узоқлашиб борилаверади. Фақат бу ишлар самара бериши учун жамият ҳам табиат каби бир бутунликка эришиши керак бўлади.

Эскиларда гап бор, баҳорнинг аввали серёғин келса, йилда барака бўлади. Айни дам янги қадалган уруғлар бехато униши учун вақти-вақти билан қуёш ҳам чиқиб туриши керак. Соддароқ ифода этсак, ҳақиқий баҳор намлик ва иссиқ ҳаво қоришмасидан иборат бўлиши зарур. Худди халқ ва ҳукуматнинг уйғунлиги каби! Жамиятнинг табиат каби якдиллиги дегани шу...

Дарвоқе, ўзгаришлар ҳақида. Баҳор даракчиларидан бири бўлган бодом гули кузга бориб ҳосил беради. Ундан сўнг гуллаган ўриклар кўкламнинг адоғидан то ёзнинг ярмидан ўтгунча меваси билан сийлайди. Ислоҳотлар бир вақтда бошланиб, натижаси турфа вақтларда кўринишига мисолда бу ҳам. Янги Ўзбекистоннинг спортчиларини қаранг, бирдан халқаро майдонда бўй кўрсата бошлади. Ҳатто оғриқли нуқтамиз бўлган футболда ҳам яхши натижаларга эришдик. Ўзбек ўғлонлари дунёнинг етакчи жамоаларида тўп сурмоқда. Ёки таълимдаги ўзгаришларни олинг. Бугун мамлакатимиз ёшлари халқаро майдонда тенгдошлари билан бемалол рақобатлаша оляпти. Ҳатто энг нуфузли таълим даргоҳларининг грантларини ютиб олгани-чи! Бу ўзгаришлар баҳор фаслининг илк нишонаси, унинг баракали келаётганидан дарак. Эҳ-ҳе, ҳали олдинда гулга киргану, ҳосили ­кутилаётган яна қанчадан-қанча соҳалар бор, санайверсак, саноқ етмас...

Халқимиз баҳорни илик узилди деб ҳам атайди. Бу табиий, чунки ўсиш ва ўзгариш одатдагидан кўра, кўпроқ қувват талаб этади. Катта қувват бўлмаса, митти майса ҳам илдиз ота олмайди. Тупроқни ёриб чиққан тақдирда ҳам узоқ яшаши гумон. Шу боис, баҳорда сумалак, ҳалим каби қувватга бой таомлар пиширилади. Ваҳоланки, сумалакни йил давомида тайёрлаш мумкин, аммо у баҳордаги каби тотли бўлмайди. Нега? Чунки ундаги қувватга ўша вақтдагина эҳтиёж сезилади.

Жамиятдаги дастлабки ўзгаришлар даврида бажарилган айрим ишлар, берилган имтиёзларнинг вақт ўтиб ўзгариши шунга ўхшайди. Янги Ўзбекистондаги янгила­нишлар ҳам шу йўсин, кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Уни кўриб, илғаб олиш эса ана шу жамиятда қанчалик фаол, ижтимоий ҳаётдан нечоғлиқ хабардорлигимиз ва албатта, дахлдорлик ҳиссимизга боғлиқ. Зеро, ҳар куни табиат бағрида юрган одам баҳорни тез, бойчечак ниш ургандаёқ илғайди. Фақат жамиятдаги баҳорнинг табиатдаги фасл ўзгаришидан битта фарқи бор. Жамиятда тўрт фасл баробар кечади. Қайсидир соҳалар қиш — куч йиғиш фаслида, бошқа бири хирмон кўтариш — кузда, яна бошқалари навбатдаги босқичга ўтиш — баҳор фаслида яшаётган бўлади. Муҳими шу, доим БАҲОРни йўқотиб қўймасликдир!

Бугун янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс деган улкан хирмонни мўлжал олиб йўлга тушган. Ундаги ўсиш ва ўзгариш­ларни, илк ютуқларни кузата туриб кўнг­ли тонгдай ёришади — БАҲОР баракали келди!

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири