Давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллик тантанаси арафасида чоп этилган “Янги Мўйноқ” номли китоб-альбоми халқимиз учун ўзига хос туҳфа бўлди. Қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ва ўзига хос дизайн ва юқори матбаачилик талабларга мос  нашр этилган 330 саҳифадан ортиқ китоб-альбомда  Мўйноқ тарихи ва бугуни ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тақдимотда сўз олганлар китобда ёзилганидек, ўтган аср ўрталарида Орол денгизининг қуриб бориши оқибатида келиб чиққан муаммоларнинг аччиқ фожиалари, денгиз чекиниб, шўрланган ер, сув, ҳаво одамларнинг саломатлиги ва турмуш тарзига путур етказаётганлиги, Янги Мўйноқда қад ростлаган замонавий уйлар, хиёбон ва меҳмонхоналар, боғча-мактаблар, янги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган экспорт маҳсулотлари, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

— Ҳар бир даврнинг халқ қаҳрамонлигини, умумхалқ сафарбарлигини тақозо этадиган воқеалар кўп. Катта Фарғона каналининг қурилиши, Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши чинакамига халқ қаҳрамонлиги эпопеясига айланган бўлса, Мўйноқнинг бугунги қиёфасини яратиш янги Ўзбекистон даврининг ўзига хос халқ қаҳрамонлигини ифода этадиган воқеликлардан бири бўлди, — дейди сиёсий фанлар доктори, профессор Назрулла Жўраев. — Бугун тақдимоти бўлаётган нодир китоб эса, Мўйноқнинг энг янги тарихи ифодаси. Китобнинг асосий ютуқларидан бири — ҳудуддаги аввалги вайроналар билан ҳозирги замонавий қиёфаси манзаралари ёнма-ён қўйилгани. Шунингдек китоб қорақалпоқ халқининг бугунги ҳаёти, руҳияти, эртанги кунга умидини акс эттирган. Ўйлайманки, бу китоб кириб борган ҳар бир хонадонининг қимматбаҳо меросига айланади.

Китоб Мўйноқнинг кеча ва бугуни, тарихий ўзгаришлар ҳамда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида эришилган натижалар, бир пайтлар унутилиб, эътибордан четда қолган манзилга яна жўшқин ҳаёт қайтганлигидан ҳикоя қилади.

Шу билан бирга, собиқ иттифоқ даврида Ўрта Осиёда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун чўлларнинг ўзлаштирилиши, сув кўп талаб қиладиган пахта етиштиришга зўр берилиши каби сабаблар билан Орол фожиаси юзага келгани айтилади.

“Янги Мўйноқ” китоб-альбоми бугун Мўйноқдаги ўзгаришларни кўриб, кўпчилик кўчиб кетганлар ота маконга қайтиб кела бошлагани, одамларнинг кайфияти тубдан ўзгаргани замирида қанчадан-қанча инсонларнинг машаққатли меҳнати ётганига ишончли далил, аниқ бир ишорадир, десак муболаға бўлмайди.

Зеро давлатимиз раҳбари айтганидек, кимки ислоҳотларимиз самарасига шубҳа қилса, Мўйноққа келиб кўрсин! Мўйноққа бора олмаганлар эса, “Янги Мўйноқ” китобини бир варақласин!

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири