Шу боис, мутолаани канда қилмасди. Мактабга келган газета ва журналларни синфдошларидан олдин ўқиб чиқарди. Почтачи амакини мактаб ҳовлисида биринчи бўлиб Шодиёр кутиб оларди. Амаки эса у учун алоҳида газета-журналлар олиб келарди. Шодиёрнинг интилишларини кузатган устозлари университет имтиҳонидан қийналмай ўтади деб тахмин қиларди. Афсуски, ундай бўлмади.
Киши мақсадига эриши учун орзунинг ўзи камлик қиларди. Шодиёрнинг ҳам олийгоҳда ўқишга имконияти бўлмади. Турмуш ташвишларига аралашиб қолди. Оила қурди. Тайинли иши ҳам йўқ эди. Рўзғор тебратиш осон бўлмади. Чорвачилик билан шуғулланди. Деҳқончилик қилди. Бир амаллаб кун кечира бошлади. Шундай бўлса-да, ёшлигидаги одати — китоб, газета ўқишни канда қилмади. Фарзандлари ҳам отасига қизиқиб, китоб ўқийдиган бўлди. Бир куни кутилмаганда ҳаётида янги қадам ташлашга ундайдиган воқеа рўй берди.
— Тўрт-беш йил аввал маҳаллага ёрдам сўраб боргандим, — дейди қамашилик Шодиёр Жўраев. — Маҳалламиз раиси билан анча суҳбатлашдик. Шунда раиснинг столидаги “Янги Ўзбекистон” газетаси тахлами эътиборимни тортди. Қарасам, қизиқарли мақолалари кўп экан. Газетани уйда ўқиб келсам бўладими дегандим, маҳалла раиси уни қўлимга тутқазди. Қувониб кетдим. Уйга шошдим. Келибоқ газета ўқишга тушдим. Бир мақолада менга ўхшаган йигит қулупнай экиб даромад топаётгани ҳақида ёзилганди. У атиги уч сотихдан яхши даромад олаётган экан. Ҳовлидан чиқмай шунча пул топиш... Интилса эришиш мумкин, дея ўйладим. Сўнг томорқамга чиқдим. Каттагина ер бўш ётибди. Номига эккан сабзавотимиз рўзғорга етмайди. Ўзимдан ўзим уялдим. Шунча имконият бор экан-у, қайлардан иш қидириб юрибман дедим. Шу куни қўлимга кетмон олиб, ер чопишга тушдим. Икки ўғлимни ҳам ёнимга чақирдим. Биргалашиб кечга қадар анча жойни чопиб чиқдик. Бегона ўтлардан тозаладик. Уч кун деганда ер тайёр бўлди. Бозордан қулупнай кўчати олиб келдим. Чиройли қилиб экиб чиқдим. Сўнг маслаҳат олиш истагида қулупнай билан шуғулланаётган деҳқонларни суриштирдим. Афсуски, ўша пайтлари бу борада воҳада етакчи деҳқон йўқ экан. Тошкентга кетдим. У ерда тажрибали миришкорлар билан гаплашиб, қулупнай етиштириш сирларини ўргандим. Анча вақтгача юриб, малакага эга бўлиб қайтдим. Кўчатни хато танлаган эканман. Ривожи яхши эмасди. Бошқа кўчат олиб келиб, ўрнига экдим. Биринчи йили 20 миллион сўмга яқин даромад олдим. Демак, ҳаракат қилса, натижа ёмон бўлмайди деган хулосага келдим.
Дастлабки уриниш самара бергани Шодиёр акани олға интилишга ундади. Энди кенгроқ ерда деҳқончилик қилишни режалади. Аммо маҳалласи атрофидан бундай ер топа олмади. Олисроқ бўлса-да, Қарши туманидаги фермердан ижарага ер олди. У ерда икки йил меҳнат қилиб, яхшигина даромад топди.
— Доим газета ўқишим фойда беради. “Янги Ўзбекистон” газетасининг яна бир сонида қулупнайнинг иссиқхонада етиштирилаётгани ҳақидаги мақолани ўқидим, — дейди Ш.Жўраев. — Шундан сўнг бирданига тўрт сотих ерга иссиқхона қурдим. Куз бошланиши билан ичига кўчат экдим. Қишда қулупнай ҳосилга кирди. Аёзда нархи ҳам яхшигина бўларкан. Айниқса, катта дўконларда талаб юқори. Кичик идишга қадоқлаб, етказиб беришни бошладим. Ўтган йили эллик миллион сўмдан ортиқ пулга қулупнай сотдик. Мана, иккинчи йилда ҳар икки-уч кунда 15-20 килограмм қулупнай сотамиз. Унинг килоси 180-190 минг сўмдан. Бу ойига ўртача 30 миллион, кунига 1 миллион сўмдан даромад дегани. Хуллас, меҳнатимиз сабаб бировдан кам бўлмадик. Гоҳида дўппини бошдан олиб ўйлайман, илгари кўз олдимдаги бор имкониятни кўрмай келган эканман. Қўни-қўшнилар бунинг сири ҳақида сўраса, кўпроқ газета-журнал ўқиш керак, дейман. Улар буни ҳазилга олади. Аслида, шундай десам, ишонишмайди.
Шодиёр ака бу гапларга бизни ҳам ишонмаяпти деган хаёлга борди ва уйига бошлади. Хонадаги каттагина китоб жавонига териб қўйилган китобларни бирма-бир олиб кўрсатди. Ҳаммасини ўқиб чиққанини айтди. Хонанинг четидаги катта стол устида газеталар чоп этилган санасига қараб, тартиб билан тахланган. Журналлар ҳам бор.
— Ютуғим ҳам шунда, — дейди у китоб ва газеталарга ишора қилиб. — Ҳозир кўпчилик ижтимоий тармоқларни кузатиш билан банд. Ундаги турфа хабарлар одамни асосий мақсаддан кўп чалғитади. Шунданми, газета ўқиганим яхши, дейман.
Ўтган йили “Янги Ўзбекистон” газетасидаги бир мақолада сув тежамкорлиги ҳақида ўқидим. Унда ёмғир сувидан унумли фойдаланаётган деҳқон тажрибаси ҳақида сўз борганди. Шундан сўнг мен ҳам тезда ишга киришдим. Ҳовли четида 200 тонналик ҳовуз тайёрладик. Томидан тушадиган ёмғир-қор сувларини қувур орқали шу ҳовузга тушадиган қилдик. Сув муаммоси ҳал бўлди. Илгари суғориш анча мушкул эди. Энди томчилатиш орқали шу сувдан фойдаланамиз. Бу ҳам бир тежамкорлик. Ёзга қадар бемалол етади. Ҳисоблаб кўрсам, бу энг мақбул йўл экан. Масалан, бир челак сувни ариқдан қуйсангиз, нари борса, ярим метрга етади. Аммо томчилатиб қуйсангиз, камида бир сотих жой суғорилади.
Деҳқончилик ўз-ўзидан бўлмайди. Уни мукаммал ўрганиш, ўқиб, изланиш керак. Ўз вақтида суви, ўғитини бермасангиз, натижага эришиш қийин. Яқинда балиқчиликни ҳам бошладим. Ҳовузга ҳозир катта балиқлар ташладик. Мақсад — балиқни кўпайтириш. Баҳорда тухум қўяди. Чавоқларини олиб, бошқа жойга кўчирамиз. Ёмғир сувида балиқ бўлмайди, дейишди. Лаққа балиққа намлик етарли бўлса, кўпайиши муаммо эмас. Муҳими — одам мақсад сари интилса бўлгани. Ҳозир қишлоғимиз ёшлари деҳқончилик қилишга қизиқиш билдирмоқда. Келиб, ўрганиб кетмоқда. Айниқса, қулупнайчиликни ўрганмоқчи бўлганлар кўп. Шу ишни бошламоқчиларга эринмасдан ўргатаман. Ҳозиргача Китоб, Чироқчи, Косон, Яккабоғ туманларидаги иштиёқмандларга ўзим бош бўлиб қулупнай экиб бердим. Натижа ёмон эмас. Гоҳида маслаҳатга чақириб қолишади. Кўриб, кўзим қувнайди. Бир оилага нафим текканидан мамнун бўламан.
Икки йил олисга қатнаб деҳқончилик қилган Шодиёр акага энди маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди. Бу унинг учун катта имконият. Шу сабаб тезда ишга киришди. Ҳозирда томорқасидаги иссиқхонадан ташқари 30 сотих майдонга қулупнай, 8 сотихига сабзи эккан. Ўтган йили 300 миллион сўмга яқин даромад топган бўлса, жорий йил буни 500 миллион сўмдан оширишни мақсад қилган.
Яна бир гап. Бир пайтлар ишсиз юрганида тенгдошлари хорижга ишлаш таклифини берганди. Шунда Шодиёр ака “Хорижга фақат саёҳат учун чиқаман, ишлагани эмас”, дея жавоб берган экан. Ўшанда иши ҳам, пули ҳам йўқ одамнинг бундай орзуси кулги ва мазахга сабаб бўлди. Аммо Шодиёр ака парво қилмади. Эзгу ниятини ўқиб-ўрганиш билан қувватлади. Мана, ҳалол меҳнати сабаб эзгу ниятлари амалга ошмоқда. Ўтган йили оиласи билан хорижда дам олиб келди.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири