Хусусан, халқимиз энди ҳар жиҳатдан, айниқса, онг-тафаккури ўзгарган тарзда сиёсий ҳаётга фаол аралашиб, ўз етакчисини холисона танлаш, унинг атрофида жипслашуви янги Ўзбекистоннинг, пировардида Учинчи Ренессанснинг пойдевори қурилишини кафолатлашини тушуниб етди. Бу жуда катта ўзгариш, ўтказилаётган сиёсий ислоҳотлар ва янгиланишлар самарасидир.

Президентимизнинг лавозимига киришиш олдидан тантанали маросимдаги нутқи янги Ўзбекистон шароитида давлатчиликни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ривожлантириш концепцияси мазмун-моҳиятини якқол акс эттирди. Мамлакат раҳбари ижтимоий давлатчилик йўлидан бориш концепциясини илгари сурар экан, бу йўл, бу тизимни яратиш ўта мураккаб жараён эканига эътибор қаратди. Албатта, асрлар давомида катта умидворлик билан шу кунларга етиб келган халққа муносиб турмуш шароитини яратиш осон кечмайди. Шу боис, Президентимиз фаолиятининг илк кунлариданоқ ижтимоий давлат мезонларини ҳаётга татбиқ этар экан, улуғ мақсадларни амалга оширишда ижтимоий онгнинг юксалишига, аҳолининг интеллектуал салоҳиятига, ёшларнинг ташаббускорлигига суяниш лозимлигини таъкидлаб келади.

Ижтимоий давлат ғояси, халқаро ҳамжамият талқин қилганидек, жамият ҳаётини ижтимоий адолат, шахс эркинлиги ва бирдамлик тамойилларига асосланган ҳолда сиёсий-ҳуқуқий тарзда ташкил этишдан иборат. Халқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Бош қонунда айнан шу талабларга жавоб топиш мумкин. Ижтимоий давлатнинг асосий ва муҳим мақсади ҳамда функциялари бўлган ижтимоий ҳимоя чораларини кўриш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун шароит яратиш, соғлом ижтимоий муҳитни шакллантириш каби омиллар сакрашсиз ва инқилобларсиз, динамик, барқарор ривожланишни таъминлайди. Буни юртимиздаги ўзгаришлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдаги саъй-ҳаракатлар мисолида яққол кўриш мумкин. Европа мамлакатлари ижтимоий давлатнинг у ёки бу моделига асосланган ҳолда бир неча ўн йилликлар давомида барқарор ривожланиб келаётгани намунадир.

Замонавий ижтимоий давлатнинг муҳим хусусияти ижтимоий барқарор ривожланиш бўлиб, бу фуқароларнинг фаровонлиги билан боғлиқ вазият барқарорлигини англатади. Ижтимоий барқарор иқтисодиётни шакллантириш замонавий иқтисодий тизимларнинг асосий вазифа ва мақсадларидан бири бўлади. Шу билан бирга, ижтимоий адолат ғояси ижтимоий ривожланишнинг асосий мазмунига айланади.

Ижтимоий адолатнинг замонавий тушунчаси жамиятнинг барча аъзоларига тенг бошланғич имкониятлар, ижтимоий кафолатлар бериш, тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни таъминлаш, ҳар кимга нисбатан камситишнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг қашшоқ, камбағал қатлами ва гуруҳларини қўллаб-қувватлаш зарурати билан боғлиқ. Ижтимоий адолат тамойилини рўёбга чиқариш кўп жиҳатдан иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий адолат ўртасидаги зиддиятнинг ҳал этилишига дахлдор. Албатта, бу бозор муносабатлари шароитида ўзига хос мураккаб жараён бўлиши билан бирга, қонун йўли билан ҳал этилиши мумкин бўлган масаладир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий давлат асосларини яратишда қатор ишлар қилинди. Жумладан:

биринчидан, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг устуворлиги, тенглик ва ижтимоий адолатнинг асосий қадрият сифатида тан олиниши;

иккинчидан, бирдамлик, давлат доирасида умумий манфаат, умумбашарий адолатнинг намоён бўлиши ва шахсларнинг ўзаро муносабатлари адолатли йўлга қўйилиши, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини амалга ошириш борасида қилинаётган ишлар;

учинчидан, жамият аъзолари бирдамлигини таъминлаш, жамоатчилик онгида одамларнинг ўзаро ёрдамга асосланган ахлоқий муносабатини шакллантиришга асосланган маънавий тарбияни кучайтириш;

тўртинчидан, одамларнинг эркин бирлашмалари ривожини таъминлашда давлат кўмагини ошириш;

бешинчидан, давлат ижтимоий шериклик институтларини ривожлантириш, ишчиларнинг адолатли ва муносиб иш ҳақи олиш ҳуқуқини таъминлаш ва уларни ижтимоий хавфлардан ҳимоя қилиш орқали жамиятда тинчлик ва тотувлик учун шароит яратишга йўналтирилган сиёсатнинг амалиётга (ҳаётга) татбиқ этилиши.

Ижтимоий давлат табиатига мос келадиган ишлар кўлами жуда кенг. Таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик сув ва энергия билан таъминлаш жараёнида қилинаётган ишлар ҳам улар сирасига киради. Кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти фуқароларнинг ижтимоий талабларини тўлиқ қаноатлантиришга қаратилган. Шу билан бирга, халқ тараққиётига, бирлиги ва бирдамлигига, ҳамфикрлиги ва ҳамжиҳатлигига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, ҳамма соҳада тараққиётга элтади.

Ижтимоий давлат мезонларига мос келадиган ишлар қилинди ва у муайян маънода самарасини ҳам берди. Халқимиз доно ва сезгир, шунинг учун бошланган яхши ва савобли ишларни фақат муаллифи, ташаббускори мукаммал тарзда охирига етказиши мумкинлигини яхши тушунган ҳолда сайловда фаол иштирок этди ва катта умид билан ўзи истаган инсонни етакчи этиб сайлади.

Таълимнинг юксалиш омиллари

Ўтган йилларда барча соҳада ислоҳот ўтказилиб, кўплаб амалий ишлар бажарилди. Жумладан, таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракат ва янгиланишларни алоҳида қайд этиш ўринли. Зотан, давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари, ҳар бир нутқида такрор-такрор эслаши таълимнинг юксалиши заруратидан далолат беради.

Таълим-тарбия ва илмни теран эгаллаш инсондан юксак интеллектуал салоҳият, ақлий имконият ва ғайрат-шижоат талаб қилади. Ҳаёт ғояси, таълим ғояси ва ақл ғояси бир-бири билан муштарак. Илм тараққиётнинг куч-қудрати эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Таълим ғояси инсониятни ривожланишга етаклайди. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурида инсон капиталини ривожлантиришнинг ҳал қилувчи омили бўлган узлуксиз таълим тизими учун миллий ўқув дастурини жорий этиш, ўқитиш сифатини ошириш ва рақобатбардош қадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди. Ҳал этилиши зарур бўлган яна қатор масалалар зикр этилди.

Биринчидан, мактабгача таълим қамрови 80 фоизга етказилиб, 7 мингдан зиёд янги мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади. 2024 йил якунига қадар 6 ёшли болалар мактабгача тайёрлов тизими билан тўлиқ қамраб олинади. Мактабгача таълим тизими ходимларининг ойлик маоши босқичма-босқич ошириб борилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — етти ёшгача бўлган бирорта ҳам бола мактабга чиққунига қадар эътиборсиз ва билимсиз қолмаслиги керак.

Иккинчидан, янги мактаблар қуриш, хусусий мактабларни кўпайтириш ва таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, амалда жорий этилади.

Учинчидан, олий таълим тизимида қамровни 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш давлат эътибори марказида бўлади. Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 100 минг ўринли талабалар турар жойлари барпо этилади. Давлат олий таълим муассасалари томонидан босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиёти йўлга қўйилади ва улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоизга туширилади. 2026 йилгача хусусий олий таълим ташкилотлари сони камида 50 тага етказилиб, уларда таълим олаётган талабаларга ҳам 7 йиллик таълим кредити олиш имконияти яратилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ёшларни нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга юбориш кўлами 2 баробар оширилади.

Тўртинчидан, таълимнинг барча босқичидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари — боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Докторантурага қабул давлат буюртмаси ва манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов грантлари асосида жорий этилади.

Узоқни кўзлаб айтилган бу фикр ва режаларда улуғ мақсадлар мужассам. Ёш авлоднинг илмли бўлиши Ватанимизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг “Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида, аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”, деган сўзлари чет элда билим ва малакасини ошириб, эзгу умид ва мақсад билан юртимизга қайтиб келаётган йигит-қизлар беқиёс рағбат берди.

Тошкент давлат техника университетининг профессор-ўқитувчилари ҳамда илмий тадқиқот билан шуғулланаётган талабалари ҳам бундан мустасно эмас. Чунки ОТМ чет элдаги нуфузли илм-фан ташкилотлари билан ўзаро таълим, малака ошириш ва тажриба алмашишни йўлга қўйган. 2018 йилдан ҳозирга қадар қўшма таълим дастури бўйича бир қанча ҳамкор университетлар билан меморандум ва шартномалар имзоланди.

Жумладан, университет информатика ва ахборот технологиялари, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда бошқариш, биотехнология, автомобилсозлик ва тракторсозлик, машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш, метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти, энергетика соҳалари бўйича Беларус миллий техника университети билан қўшма таълим дастурини йўлга қўйган эди. Яқинда биринчи маротаба дуал таълим олган бакалавриат босқичи талабаларига диплом тантанали топширилди.

Ҳар йили талабаларимизга дарс ўтиш учун хорижий ҳамкор университетлардан профессор-ўқитувчилар жалб қилинади. Бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз ҳам чел элдаги ОТМларга бориб малака ошириб келади. 2022/2023 ўқув йили давомида Тошкент давлат техника университетининг 180 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиси, шунингдек, 60 нафарга яқин талаба, магистрант, таянч докторант ва докторанти хорижий мамлакатларга юборилган. АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Ҳиндистон, Франция, Испания, Италия, Бельгия, Туркия, Германия, Россия, БАА шулар жумласидандир.

Бугун мамлакатимизда катта ўзгариш ва янгиликлар бўлаётганини дунё халқлари кўриб, билиб турибди. Улар Ўзбекистонни янгидан таниб, алоқаларни мустаҳкамлашга интилишмоқда. Ёшларимиз ҳам дунёни билишга, янгилик яратишга ҳаракат қилмоқда. Халқимизнинг қалбида ишонч мавжланиб турибди. Бугун янги Ўзбекистон ривожланиш ҳамда юксалиш даврига кенг қулоч ёйиб бормоқда. Буни халқимиз, хусусан, ёшларимиз ҳам яхши англайди. Давлатимиз раҳбарининг “Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”, деган сўзлари ёшларни руҳлантириб, янги орзу-мақсад, янги ният, янги давр майдони ҳамда сарҳадлари сари чорлайверади. Қайси ишда ташаббус ва интилиш бўлса, ўша манзилда юксалиш, натижа бўй кўрсатади.

Садриддин ТУРОБЖОНОВ,

Тошкент давлат техника университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор