2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 92-моддасига мувофиқ, Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга” тантанали қасамёд қилди. Унга қадар мамлакатнинг Асосий қонуни нормаларига мувофиқ, 2016 йил 6 сентябрдан 5 декабргача Президент вазифасини бажарувчи,
5 декабрдан 14 декабргача эса Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти сифатида фаолият юритди.
Шу қисқа давр мобайнида мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон”ни қуришга ёрдам берадиган миқёсига кўра улкан ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар амалга оширилди, халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир Уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор шакллантирилмоқда.
Кўриниб турибдики, янги босқичнинг бошланиши ва мамлакат тараққиётининг жадал динамикасини белгилаб бераётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барча жабҳаларини биргина кичик мақолада тўлиқ қамраб олиш мумкин эмас. Бу ҳақда замонавий Ўзбекистоннинг кўплаб олим ва тадқиқотчилари монографиялар ва илмий асарлар ёзадилар, деб ўйлайман.
Шу ўринда Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат раҳбарлигига келиши билан жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини демократлаштириш ва либераллаштириш, янги Ўзбекистонни қуриш борасида бошлаган улкан ишларидан фақат айрим чизгиларни тилга олгинг келади.
Биринчидан, Ҳаракатлар стратегияси — янги Ўзбекистонни қуриш учун пойдевордир. Бугунги жадал суръатларда ривожланаётган дунёда фақат замон билан ҳамнафас одимлаётган, жамият ва давлатни модернизация қилиш учун зарур ислоҳотларни амалга ошираётган давлатларгина рақобатбардош бўла олишини англашдан келиб чиқиб, янги Ўзбекистон учун янги сиёсат ва мамлакат тараққиёти учун узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Қисқа вақт ичида Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида туб ва жадал демократик ислоҳотларнинг мутлақо янги босқичи бошланишини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси — жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси ишлаб чиқилди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида сиёсий тизимни модернизация қилиш, чуқур маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш, қулай бизнес ва инвестицион муҳитни яратиш, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни таъминлаш бўйича тезкор ва тизимли, ўзаро алоқадор ва бир-бирига боғлиқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳаракатлар стратегияси асосида, хусусан, 30 дан ортиқ стратегия ва миллий дастур, 5 та кодекс, 250 га яқин қонун, Президентнинг 3 200 дан зиёд фармон ва қарорлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, илмий-техник, суд-ҳуқуқ, гуманитар ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича яна кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Иккинчидан, янги Ўзбекистон давлати — халқники. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдир. Ўзбекистон Президентининг Халқ ва Виртуал қабулхоналари фаолияти инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Конституция ва қонунларнинг инсон ҳуқуқлари кафолати сифатида
Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат Президенти лавозимига киришганидан кейин имзолаган дастлабки ҳужжатларидан бири доирасида яратилганида ҳам чуқур рамзий маъно бор. Унинг ташаббуси билан амалга оширилган биринчи давлат дастури ҳам Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили вазифаларини бажаришга бағишланган эди.
Юртбошимиз ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси қабул қилиниб, амалга оширила бошланди. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида амалга ошириш халқ учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратишга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг асосий мезонига айланди. Бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатдаги ҳолатлар миллий қонунчиликда ўз ифодасини топган.
Энг муҳими, кенг кўламли ислоҳотлар халқ ҳаётини, дунёқарашини, турмуш тарзини ўзгартирмоқда. Жамиятда “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз” деган юксак мақсад шакллантирилган ва “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган янги тамойил кундалик фаолиятнинг асосига айланди.
Учинчидан, янги Ўзбекистон кучли парламентаризм институти амалда бўлган ва “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойили амалга ошириладиган давлатдир.
Мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар ролини ошириш, халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, давлат ва парламент назорати тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиб, уларнинг ваколатлари кенгайтирилмоқда ва, энг муҳими, ушбу тузилмаларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, реал даромадларнинг барқарор ўсиши, турмуш даражаси ва сифатини ошириш масъулияти кучайтирилмоқда. “Электрон парламент” ва “Электрон халқ депутатлари кенгаши” тамойиллари ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Қонуннинг ягона манбаи ва яратувчиси халқдир, деган эзгу ғояни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қонунлар инсонлар ва жамият ҳаётини яхшилаш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан ошириш, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодлаштириш, қонуности ҳужжатлар сонини кескин камайтириш ва “ақлли тартибга солиш” модели элементларини жорий этиш учун қабул қилинади.
Тўртинчидан, янги Ўзбекистон — инсоннинг ривожланиши ва истеъдоди қадрланадиган мамлакат. Бугунги кунда илм-фан, таълим, инновация, технология ва кадрлар замонавий демократик жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Мамлакат тараққиётини замон талабларига мос равишда илм-фансиз тасаввур этиш қийин.
Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги илк учрашуви 2016 йил 30 декабрда академик фан вакиллари билан бўлганида ҳам чуқур рамзий маъно мужассам. Унда ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари, тижорат банклари раҳбарлари, зиёлилар, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, таълим тизимини, инновацион иқтисодиётни ривожлантириш, илм-фан ривожини янги босқичга кўтаришга катта эътибор қаратди. Илм-фан ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатнинг интеллектуал, илмий ва маърифий салоҳиятини ошириш, илм-фаннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётдаги ролини мустаҳкамлаш, олим ва ўқитувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш давлатнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Бу борадаги ишлар изчил ва тизимли тарзда давом этмоқда. Мазкур соҳада “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Президентнинг 170 дан ортиқ ҳужжати қабул қилинди, Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, шунингдек, узоқ муддатли (2030 йилгача) Илм-фан, олий таълим тизими, давлат ва мактабгача таълим тизимларини ривожлантириш бўйича концепция тасдиқланди ва амалга оширилмоқда. Энг муҳим мақсадга эришиш йўлида инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган, Ўзбекистоннинг 2030 йилга келиб “Глобал инновацион индекс” рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига кириш стратегик режаси қабул қилинди.
Илм-фаннинг ўзини ривожлантиришда фундаментал тадқиқотлар муҳим роль ўйнайди. Айнан улар орқали янги билимлар эгалланади ва назариялар шаклланади ҳамда истиқболли амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар учун мустаҳкам пойдевор яратилади. Натижада бугунги кунда мамлакатимиздаги юздан ортиқ академик ва соҳавий илмий муассасадан иборат илмий секторда 65 та илмий-тадқиқот институти фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида ҳам илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий ўқув юртлари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш асосида олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоиздан зиёдга ошириш вазифаси қўйилган. Бугунги кунда республикада 114 дан ортиқ олий ўқув муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 93 таси маҳаллий, 21 таси хорижий олий ўқув муассасаси ва уларнинг филиалларидир. Хусусан, сўнгги 3 йил ичида 6 та олий ўқув муассасаси ва 17 та филиал, шунингдек, хорижий олий ўқув муассасаларининг 14 та филиали ташкил этилди.
Бешинчидан, янги Ўзбекистон — бу давлат фаолияти, аввало, халқ тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга, жамиятда адолат ғоялари ва тамойилларининг тантана қилишига қаратилган мамлакатдир.
Биргина мисол келтирсак. Дунёда давом этаётган коронавирус пандемияси Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини чуқур ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни дунёда етакчи ўринга олиб чиқиш, мамлакатимизда замонавий жиҳозлар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланган юқори технологик ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг илмий, услубий ва таълим бериш салоҳиятини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимида замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностика воситалари ва усулларидан кенг фойдаланиш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширган қадамлари ва ташаббуслари қанчалик ўз вақтида қўйилгани ҳамда ҳаётий эканини кўрсатди.
Пандемия миллий соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам жиддий синов ва катта тажриба мактабига айланди. Мамлакатда бу хавфли касалликка қарши курашиш учун мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Жумладан, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари фойдаланишга топширилди. Кўплаб қўшимча тиббий асбоб-ускуналар ва тез ёрдам машиналари харид қилинди. Илғор хорижий амалиёт ва миллий тажрибани ҳисобга олган ҳолда даволаш усуллари такомиллаштирилмоқда. Коронавирусга қарши курашаётган шифокорлар ишини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари кўриляпти. Бу ишлар натижасида минглаб беморлар соғайиб, оилаларига қайтмоқда.
Ҳар бир инсон давлат раҳбарининг “Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди”, деган қатъий иродаси ва принципига гувоҳ бўлмоқда. Пандемия даврида нафақат аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, балки ишини йўқотган фуқароларга ва тадбиркорларга ёрдам беришга ҳам биринчи даражали аҳамият қаратилмоқда. Маблағлари Соғлиқни сақлаш тизими, ижтимоий инфратузилма, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди. 500 мингдан ортиқ тадбиркор ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 34 триллион сўм миқдорида имтиёзлар берилиб, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам миқдорини кўпайтириш ва аҳоли бандлиги даражасини ошириш учун қўшимча равишда 2,6 триллион сўм ажратилди.
Конституциявий адолат тамойилини амалда таъминлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг янги самарали механизмлари жорий этиляпти. 590 мингдан зиёд оилани қўллаб-қувватлаш учун 840 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қарийб 300 минг оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги таъминланди. Энг муҳими, одамларда ўз-ўзини иш билан таъминлаш, ишбилармонлик қобилияти ва тадбиркорлик орқали камбағалликдан чиқиш борасидаги тажрибаси ва кўникмалари шаклланмоқда.
Олтинчидан, янги Ўзбекистон — ўз халқаро мажбуриятларига содиқ давлат, ишончли ташқи иқтисодий шерикдир. Ўзгариб бораётган Ўзбекистон бизнес ва сармоядорлар учун иқтисодий очиқлиги ва жозибадорлиги билан тавсифланади, устувор вектори Марказий Осиё бўлган давлатнинг самарали ташқи сиёсати унинг қўшнилар билан алоқаларни йўлга қўйишига, Афғонистон билан ўзаро алоқаларни кучайтиришга, минтақавий ва жаҳон давлатлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашига ёрдам беради. Турли халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг мавқеи яхшиланмоқда. Ўзбекистон раҳбарининг прагматик ташқи сиёсий ташаббуслари бутун дунёда эътироф этилмоқда.
Кўплаб халқаро ташкилотлар ва етакчи хорижий экспертларнинг баҳолашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев минтақадаги тараққиёт “локомотиви” ҳисобланади. Дунёдаги ҳеч бир мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистондаги каби кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмаган. Тошкентнинг яхши қўшничилик сиёсати туфайли Марказий Осиё давлатлари илк бор бугунги кунда долзарб бўлган минтақавий масалаларни бу қадар очиқ ва самимий муҳокама қила бошлади.
Мамлакатимизда “меъмори” Шавкат Мирзиёев ҳисобланадиган янги Ўзбекистонни қуриш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга доир кўплаб мисоллар келтиришда яна давом этиш мумкин. Умуман олганда, бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳонда нуфузи ўсиб бораётгани — бу нафақат давлатнинг ҳар томонлама пухта ўйланган, қатъий ва мустақил ташқи сиёсати натижасидир, балки мамлакатда демократик ва бозор ислоҳотларини амалга оширишда эришилаётган ютуқларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.
Янги Ўзбекистон раҳбари — ўз йўлидан бориш ҳуқуқини изчил ҳимоя қилаётган замонамизнинг саноқли сиёсатчиларидан биридир. Унинг моҳияти эса:
биринчидан, жамиятнинг ўзига хос тарихий шарт-шароитлари, унинг миллий, диний ва маданий хусусиятлари пухталик билан ҳисобга олинганида;
иккинчидан, иқтисодий ривожланиш ҳамда тараққиётнинг анъанавий ахлоқий ва маданий қадриятлар билан уйғунлигида;
учинчидан, эски соғлом фикрнинг тажрибага асосланмаган назариялардан устунлигида;
тўртинчидан, мафкуралашган концепциялар устидан ватанпарварлик, прагматизм ва ижодий амалиётнинг устунлигида.
Янги Ўзбекистонда бундай ёндашувни амалга оширишнинг амалий натижалари ҳам кўзга ташланмоқда. Тажрибали ўқувчи асосийсини осонгина кўради, яъни ўз мамлакати ва халқига садоқат, соғлом фикр, юксак ахлоқ, теран фикрловчи давлат арбоби, ўз стратегик йўналиши тўғрилигига ишончи комил сиёсатчининг амалий заковати ва темир иродасини.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакатимизда Учинчи Ренессанс даврига пойдевор бўлади, миллий тараққиётимизнинг янги даври, “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” миллий ғоясини амалга оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, бугун биз ушбу ғоялар атрофида халқимиз, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес уюшмаларнинг бирлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга эришиш гаровидир.
Акмал САИДОВ,
академик